Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 13 майда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 25 июнда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 25 июнда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда сўз эркинлиги муҳитини шакллантиришга, сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини янада кучайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партиялар фракциялари учун қонунда назарда тутилган ваколатларни ҳамда ҳуқуқларни янада кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш, унинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур Қонун парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтириш орқали қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги 337-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 2, 36-модда; 1999 йил, № 9, 229-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда; 2008 йил, № 12, 637, 640-моддалар; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 9, 588-модда, № 10, 674-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 203-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 969-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда, № 7, 627-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 131-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши;
қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар унинг иккинчи ўқишга тайёрланган матнининг ёки таркибий бирлиги матнининг муқобил таҳририни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси баённомасига киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») доирасида йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
парламент сўровини юбориш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши»;
2) 141-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия гуруҳлари фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатдан хизматлар кўрсатиш Жўқорғи Кенгеснинг девони томонидан, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатдан хизмат кўрсатиш тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги 434-II-сонли Конституциявий Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 12, 215-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда, № 7, 326-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда; 2019 йил, № 3, 162-модда, № 5, 261-модда, № 8, 468-модда, № 9, 588-модда; 2020 йил, № 8, 488-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2023 йил, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 17-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринларини инобатга олган ҳолда яхлит (умумий) қарор билан белгиланади. Бунда бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимлари ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция учун ажратилади»;
2) 251-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз вакиллари Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши;
қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар унинг иккинчи ўқишга тайёрланган матнининг ёки таркибий бирлиги матнининг муқобил таҳририни, шунингдек Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг мажлиси баённомасига киритиш;
Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») доирасида йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
парламент сўровини юбориш тўғрисида Қонунчилик палатасига йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши».
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги 522-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 136-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 163-модда, № 7, 326-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2009 йил, № 4, 136-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда; 2013 йил, № 4, 95-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 9, 276-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 1, 4-модда, № 4, 224-модда, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 1-модда, № 3, 157-модда, № 5, 261, 265-моддалар, № 8, 468-модда, № 9, 588-модда, № 12, 884-модда; 2020 йил, № 8, 488-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 11, 1061-модда; 2022 йил, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда, № 12, 1285-модда; 2025 йил, № 4, 516-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 7-модданинг:
учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчилик палатасида, қоида тариқасида, бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси, коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси, халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси, фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси тузилади. Қонунчилик палатасида бошқа қўмиталар ҳам тузилиши мумкин»;
бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринларини инобатга олган ҳолда яхлит (умумий) қарор билан белгиланади. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимларига номзодлар кўрсатиш юзасидан таклифларни фракцияларнинг раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда киритадилар. Бунда бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимлари ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция учун ажратилади»;
2) 91-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз вакиллари Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши;
қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар унинг иккинчи ўқишга тайёрланган матнининг ёки таркибий бирлиги матнининг муқобил таҳририни, шунингдек Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг мажлиси баённомасига киритиш;
Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») доирасида йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
парламент сўровини юбориш тўғрисида Қонунчилик палатасига йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши»;
3) 14-модда учинчи қисмининг тўртинчи хатбошисидаги «(депутатлар гуруҳларининг)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
4) 15-модда:
қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция ўз таклифлари асосида иккинчи ўқишга тайёрлаган қонун лойиҳаси матнини Қонунчилик палатасига киритганда мазкур матн ушбу модданинг саккизинчи ва тўққизинчи қисмларида белгиланган тартибда масъул қўмита томонидан кўриб чиқилади. Бунда муқобил қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида асосий қонун лойиҳаси билан бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси иккинчи ўқиш тартиб-таомилида кўриб чиқилади»;
ўн иккинчи — ўн саккизинчи қисмлари тегишинча ўн учинчи — ўн тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция иккинчи ўқишда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси таркибий бирлигининг матни бўйича тақдим этган муқобил таҳрир асосий қонун лойиҳасининг тегишли боби, бўлими, моддаси ёки банди кўриб чиқилаётганда муҳокама қилинади. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган матн қонун лойиҳасига киритилади»;
ўн тўртинчи — ўн тўққизинчи қисмлари тегишинча ўн бешинчи — йигирманчи қисмлар деб ҳисоблансин.
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 11 апрелда қабул қилинган «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги ЎРҚ-88-сонли Конституциявий Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 161-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 101-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2019 йил, № 9, 588-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2023 йил, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда) 2-моддасининг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши;
қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар унинг иккинчи ўқишга тайёрланган матнининг ёки таркибий бирлиги матнининг муқобил таҳририни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;
муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси баённомасига киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш («ҳукумат соати») доирасида йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
парламент сўровини юбориш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига йилнинг ҳар чорагида камида битта масала киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши».
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 июль,
ЎРҚ-1077-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.07.2025 й., 03/25/1077/0674-сон)