Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг
буйруғи
Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 29 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2939-1]
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг 2017 йил 9 октябрдаги 11-мҳ-сон «Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 2939, 2017 йил 23 октябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2017 й., 10/17/2939/0165-сон) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Вазир А. ИКРАМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 июнь,
7-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2025 йил 17 июндаги 7-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга киритилаётган ўзгартиришлар
1. Қарорда:
а) номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини шакллантириш, юритиш, реестрдан чиқариш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»;
б) муқаддимадаги «Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 мартдаги 148-сон «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига» деган сўзлар «Қонунига» деган сўз билан алмаштирилсин;
в) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. «Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини шакллантириш, юритиш, реестрдан чиқариш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.».
2. Низомнинг матни мазкур ўзгартиришларнинг иловасига мувофиқ таҳрирда баён этилсин.
Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини юритиш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорга киритилаётган ўзгартиришларга
ИЛОВА
ИЛОВА
«Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини шакллантириш, юритиш, реестрдан чиқариш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) шакллантириш, юритиш, реестрдан чиқариш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
махсус ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги;
спорт федерацияси (уюшмаси) — бир ёки бир нечта спорт турини (спорт турининг тармоғини) ривожлантириш, оммалаштириш, шунингдек спорт тадбирларини ўтказишни ташкил этиш ҳамда спортчиларни — Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари аъзоларини спортнинг тегишли тури бўйича тайёрлаш учун аъзолик асосида ташкил этилган ва давлат рўйхатидан ўтказилган нодавлат нотижорат ташкилоти;
ахборот тизими — махсус ваколатли давлат органининг «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизими.
2. Спорт федерациялари (уюшмалари) тўғрисидаги маълумотлар улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин Реестрга киритилиши керак.
3. Реестрни юритиш махсус ваколатли давлат органи томонидан ахборот тизимида амалга оширилади.
2-боб. Реестрни шакллантириш
4. Реестрни шакллантириш спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Бунда, спорт федерациялари (уюшмалари) давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрга киритиш ҳақида махсус ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилади.
5. Спорт федерацияларини (уюшмаларини) Реестрга киритиш учун улар қуйидаги талабларга мос келиши лозим:
ривожлантирилиши мақсад қилинган спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича халқаро спорт ташкилотига аъзо эканлиги (миллий ва адаптив спорт турлари бундан мустасно);
ривожлантирилиши мақсад қилинган спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидалар, низом (регламент) мавжудлиги;
Реестрга киритилган спортфедерацияларини (уюшмаларини) номларидан фарқланувчи ўзининг номига эга бўлиши ҳамда ривожлантирилиши мақсад қилинган спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бошқа спорт тури ёки спорт турларининг (спорт турининг тармоғи) элементларидан фарқланиши;
Ўзбекистон Республикасида спорт машғулотлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш талабларига жавоб берадиган спорт инфратузилмасининг мавжудлиги.
6. Реестрга киритиш ҳақидаги аризага (спорт федерациясининг (уюшмасининг) номи кўрсатилган ҳолда) қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
спорт федерациясининг (уюшмасининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
спорт федерациялари (уюшмалари) қайси спорт турини ёки спорт турларини (спорт турининг тармоғини) ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган бўлса, ўша спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш ва уларда иштирок этишга доир талаблар, тартиб ва шартлар белгиланадиган қоидаларнинг, низомнинг (регламентнинг) нусхаси;
спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) халқаро спорт ташкилотларига аъзолиги тўғрисидаги маълумотлар (миллий ва адаптив спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) бундан мустасно).
7. Спорт федерациялари (уюшмалари) Реестрга кириш тўғрисидаги ариза махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг буйруғи билан ташкил этиладиган доимий фаолият юритадиган Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини шакллантириш, юритиш ва реестрдан чиқариш бўйича эксперт комиссияси (бундан буён матнда Эксперт комиссияси деб юритилади) томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида хулоса берилади.
Бунда, Эксперт комиссиясининг хулосаси махсус ваколатли давлат органи Ҳайъатининг навбатдаги йиғилишига киритилади.
8. Эксперт комиссияси 11 нафар кишидан кам бўлмаган таркибда тузилади, унга махсус ваколатли давлат органининг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки мутахассислари, Ўзбекистон Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари, спорт федерациялари (уюшмалари) ҳамда бошқа жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларининг вакиллари киритилади.
Эксперт комиссиясига махсус ваколатли давлат органи раҳбарининг тегишли ўринбосари раислик қилади.
9. Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус ваколатли давлат органи Ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида спорт федерацияларини (уюшмаларини) Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Спорт федерациялари (уюшмалари) Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг мазкур Низом талабларига асосан спорт федерациялари (уюшмалари) Реестрга киритилади.
Қабул қилинган қарордан кўчирма Ҳайъат йиғилишидан сўнг беш иш куни ичида аризачига юборилади.
10. Махсус ваколатли давлат органи томонидан Реестрга истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан спорт тури ёки спорт турларини (спорт турининг тармоғини) ривожлантириш белгиланган спорт федерациялари (уюшмалари) тўғридан-тўғри киритилади.
11. Спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрга киритишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлиб ҳисобланади:
спорт федерациясини (уюшмасини) мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги;
мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганлиги ёки тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганлиги;
муқаддам махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати томонидан қабул қилинган спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрга киритишни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган камчиликларнинг бартараф этилмаганлиги.
Спорт федерацияси (уюшмаси) махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати қарорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда такроран мурожаат қилишга ҳақли.
3-боб. Реестрни юритиш
12. Реестр мазкур Низомнинг иловасида белгиланган шаклга мувофиқ ахборот тизимида электрон шаклда давлат тилида юритилади.
13. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
тегишли спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) номлари;
тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) қайси спорт турини ёки спорт турларини (спорт турининг тармоғини) ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ва ўз фаолиятини амалга ошираётган бўлса, ўша спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи);
тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) тегишли халқаро спорт ташкилотига аъзолиги тўғрисидаги маълумотлар (миллий ва адаптив спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) бундан мустасно).
14. Реестрга киритилган маълумотлар ўзгарган тақдирда, спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан ушбу ўзгаришлар ҳақида ўн иш куни ичида махсус ваколатли давлат органига ўзгаришларни тасдиқловчи маълумотлар тақдим этилиши лозим. Бундай маълумотлар махсус ваколатли давлат органига тақдим этилганда, Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан Ҳайъатининг қарори билан Реестрга ўзгартиришлар киритилади.
15. Спорт федерациясининг (уюшмасининг) ваколатли (юқори) органи томонидан спорт федерацияси (уюшмаси) фаолиятини тугатиш ҳақида қарор (ихтиёрий тугатиш) қабул қилинганда, мазкур қарор қабул қилингандан сўнг беш иш куни ичида махсус ваколатли давлат органига спорт федерациясининг (уюшмасининг) фаолиятини тугатиш ҳақидаги қарор нусхаси аризага илова қилинган ҳолда юборилади.
Спорт федерацияси (уюшмаси) суд томонидан тугатилганда (мажбурий тугатиш), тугатувчи суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч иш куни ичида тугатиш ҳақидаги қарор нусхасини махсус ваколатли давлат органига юборилади.
Бундай маълумотлар махсус ваколатли давлат органига тақдим этилганда, спорт федерацияси (уюшмаси) Эксперт комиссияси томонидан берилган хулоса асосида махсус ваколатли давлат органининг Ҳайъат қарорига асосан Реестрдан чиқарилади.
16. Реестрни юритиш давомида тўпланган барча ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланади.
4-боб. Спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрдан чиқариш
17. Қуйидаги ҳолатлар Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати томонидан спорт федерациясини (уюшмасини) Реестрдан чиқариш бўйича қарор қабул қилинишига учун асос ҳисобланади:
спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) Реестрдан чиқариш юзасидан берилган аризалари асосида;
спорт федерациясининг (уюшмасининг) халқаро спорт ташкилоти аъзолигидан чиқиши (чиқарилиши) (миллий ва адаптив спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спорт федерациялари (уюшмалари) бундан мустасно);
спорт федерацияси (уюшмаси) Реестрга киритилганидан сўнг мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги аниқланганлиги;
ривожлантирилиши мақсад қилинган спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) бўйича спортчилар, тренерлар ва ўтказилаётган спорт мусобақалари тўғрисидаги маълумотларнинг ахборот тизимига бир йил давомида киритилмаганлиги;
спорт федерацияси (уюшмаси) Реестрга киритилганидан кейин бир йил давомида ушбу спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига таклиф киритилмаганлиги ёки тасдиқланган календарь режаси асосида спорт тадбирларининг ўтказилмаганлиги;
спорт федерацияси (уюшмаси) Реестрга киритилганидан кейин бир йил давомида ушбу спорт федерацияси (уюшмаси) томонидан Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари ва уларнинг захирасини шакллантириш ва тасдиқлаш учун махсус ваколатли давлат органига тақдимнома киритилмаганлиги;
спорт федерацияси (уюшмаси) Реестрга киритилганидан кейин бир йил давомида фаолият юритмаганлиги ёки фаолияти тугатилганлиги;
Мазкур банднинг бешинчи — еттинчи хатбошиларида келтирилган қоидалар Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган халқаро спорт ташкилотлари аъзоси ҳисобланган спорт федерацияларига (уюшмаларига) нисбатан қўлланилмайди.
18. Махсус ваколатли давлат органи мазкур Низомнинг 17-бандида кўзда тутилган ҳолатлар юзага келган ҳолларда Эксперт комиссиясининг хулосасига кўра махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати қарорига асосан спорт федерациясига (уюшмасига) кўрсатиб ўтилган камчиликларни олти ой муддат ичида бартараф этиш бўйича тақдимнома киритади.
19. Тақдимнома киритилганидан кейин олти ой муддат ичида махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати қарорида кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилмаган ёки кўрсатиб ўтилган камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тақдим этилган ҳолларда, спорт федерацияси (уюшмаси) Эксперт комиссияси хулосаси асосида махсус ваколатли давлат органи Ҳайъати қарори билан Реестрдан чиқарилади.
5-боб. Реестрдан маълумотлар тақдим этиш
20. Барча маълумотлар, улар Реестрга киритилгандан сўнг, беш кун ичида махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
21. Реестрда кўрсатилган маълумотлар очиқ бўлади ва улардан ҳамма фойдаланиши мумкин, бундан тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар, агар бу маълумотлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ бўлмаса ва ундан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлмаса, мустасно.
22. Реестрдан маълумотлар манфаатдор шахсларнинг мурожаатларига асосан ҳам берилиши мумкин.
6-боб. Якуний қоидалар
23. Махсус ваколатли давлат органи мазкур Низом кучга киргунга қадар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган спорт федерацияларининг (уюшмаларининг) ушбу Низомда белгиланган тартибда Реестрга киритилишини таъминлайди.
24. Спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбарлари Реестрга киритилиши лозим бўлган маълумотларнинг махсус ваколатли давлат органига тўғри ва тўлиқ тақдим этилиши учун масъул ҳисобланади.
25. Махсус ваколатли давлат органи маълумотларнинг Реестрга тўғри ва ўз вақтида киритилиши ҳамда ундан доимий равишда маълумотлар олиш имкониятининг яратилиши учун масъул ҳисобланади.
26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Спорт федерациялари (уюшмалари) реестрини шакллантириш, юритиш, реестрдан чиқариш ва ундан маълумотлар тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Спорт федерациялари (уюшмалари)
РЕЕСТРИ
Спорт федерациясининг (уюшмасининг) номи | Спорт федерациялари (уюшмалари) томонидан ривожлантиришни мақсад қилган спорт тури ёки спорт турлари (спорт турининг тармоғи) | Спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар * | Спорт федерациясининг (уюшмасининг) халқаро спорт ташкилотларига аъзолиги ** |
Изоҳ:
* тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) раҳбар органларининг шахсий таркиби тўғрисидаги маълумотлар, агар бу маълумотлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ бўлмаса ва ундан ҳамма фойдаланиши мумкин бўлмаса ушбу графа тўлдирилмайди;
** спорт федерацияси (уюшмаси) халқаро спорт ташкилотларига аъзо бўлса, тўлдирилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2025 й., 10/25/2939-1/0666-сон)