Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Миллий ва жаҳон мусиқа санъати ютуқларини халқимиз орасида кенг тарғиб қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Мамлакатимиз аҳолисига маданият соҳасида хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда жойларда миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг сара асарларини янада оммалаштириш, шунингдек, ушбу йўналишларда умидли ёш ижрочиларни аниқлаш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилояти бўлинмаси (кейинги ўринларда — Фарғона вилояти филармонияси) таркибида:
(а) Фарғона миллий чолғулар оркестри (кейинги ўринларда — Миллий чолғулар оркестри);
(б) Фарғона симфоник оркестри (кейинги ўринларда — Симфоник оркестр) ташкил этилсин.
2. Белгилансинки:
(а) 2025 йил 1 сентябрдан Фарғона вилояти филармониясига қўшимча 72 та штат бирлиги, шу жумладан, Симфоник оркестр учун 50 та ва Миллий чолғулар оркестри учун 22 та штат бирлиги ажратилади;
(б) Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестри ходимларига давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;
(в) Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестри фаолиятини сақлаш, шу жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Фарғона вилояти маҳаллий бюджети, Фарғона вилояти филармониясининг ўз маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда маҳаллий бюджет маблағлари ушбу оркестрлар фаолиятини молиялаштиришда Фарғона вилояти филармонияси ўз маблағларининг етишмаган қисмини қоплаш учун ажратилади.
3. Фарғона вилояти ҳокимлиги:
(а) 2025 йил якунига қадар Фарғона вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан Фарғона вилояти филармониясига Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестрининг концерт-томоша тадбирлари самарали ўтказилишини таъминлаш мақсадида хорижда ишлаб чиқарилган бир дона катта сиғимдаги автобус харид қилиш учун белгиланган тартибда маблағ ажратилишини ташкил этсин;
(б) Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестрининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида улар учун зарур мусиқа чолғулари, овоз кучайтириш мосламалари, ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомларни харид қилсин.
4. Маданият вазирлиги:
(а) режа бўйича Фарғона шаҳридаги «Ecо City» мажмуаси ҳудудида жойлашган амфитеатрда ҳамда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган бошқа қулай жойларда Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестрининг концерт дастурларини ташкил этиб борсин;
(б) Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Симфоник оркестрни Фарғона шаҳри Юксалиш кўчаси 59-уй манзилида жойлашган Фарғона вилояти театр ва концерт саройи биносига, Миллий чолғулар оркестрини Фарғона шаҳри Фарғона кўчаси 72-уй манзилида жойлашган Фарғона вилояти филармонияси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш ҳамда ушбу жамоаларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин;
(в) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиқиб, Ўзбекистон давлат филармониясининг маъмурий-бошқарув, бадиий-раҳбар, ижодий, ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлари штатлар жадвалига ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг намунавий штатлар жадвалига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
(г) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат концерт-томоша ташкилотларининг фаолиятини улар томонидан бажарилган иш ҳажми ва ижодий буюртмаларга мувофиқ қўшимча молиялаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Белгилансинки, Симфоник оркестр ва Миллий чолғулар оркестрининг ҳар йилга мўлжалланган гастроль сафарлари режалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
6. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб маданият вазири О.А. Назарбеков белгилансин.
7. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 июль,
ПҚ-231-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.07.2025 й., 07/25/231/0664-сон)