Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича қарор ва фармонларида белгиланган асосий вазифаларни бажаришга қаратилди.
2024 йилнинг иккинчи чорагида энергия ресурслари нархлари эркинлаштирилгани, тиббий хизматлар ва дори воситаларига қўшилган қиймат солиғи жорий этилгани натижасида инфляция даражасининг сезиларли ўсиши ҳамда аҳолини барқарор даромад олиш имкониятларини кенгайтириб боришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши шароитида Марказий банкнинг асосий йўналиши нархлар ошишининг ҳамда банк тизимида вужудга келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
2024 йилда кузатилган тенденциялардан келиб чиқиб юритилган пул-кредит сиёсати, ўз навбатида, ижобий реал фоиз ставкалари шаклланишига имкон берган. Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, июл ойида асосий ставка 14 фоиздан 13,5 фоизга пасайтирилган ҳамда йил давомида ушбу даражада ўзгаришсиз сақлаб қолинган.
Пул-кредит сиёсати операцион механизмини ва унинг трансмиссион каналини яхшилаш ҳамда банк тизими ликвидлигини тартибга солиш мақсадида ҳар куни асосий ставканинг қуйи чегарасида овернайт депозит операциялари, кун давомидаги кредит инструменти жорий этилган бўлиб, кун давомида гаров эвазига фоизсиз кредитлар бериш амалиёти йўлга қўйилган.
Хорижий валютадаги депозитлар учун шакллантириладиган мажбурий захира талаби 1 июлдан бошлаб 18 фоиздан 14 фоизгача пасайтирилган ва ўртачалаш меъёри 80 фоиздан 100 фоизгача оширилган.
Кўрилган пул-кредит чоралари натижасида 2024 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 9,8 фоизни, базавий инфляция 7,2 фоизни ташкил этган.
Иқтисодиёт тармоқларига ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун 287,1 трлн сўмлик кредит маблағлари йўналтирилиб, жами кредит қўйилмалари қолдиғи 566,2 трлн сўмга етган.
Тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида жами 6,8 трлн сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган.
Ушбу имтиёзли кредитлар ҳисобидан ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган 150 мингдан ортиқ лойиҳаларга 2,7 трлн сўмлик ва хотин-қизларнинг 203 мингдан ортиқ лойиҳаларига 3,2 трлн сўмлик кредитлар ажратилган.
2024 йилда банклар учун белгиланган нормативлар доирасида олиб борилган макропруденциал сиёсат ўз самарасини бериб, йил якунлари бўйича банк тизимида регулятив капитал миқдори 125 трлн сўмни, таваккалчиликка тортилган активлар 719 трлн сўмни, капитал етарлилик кўрсаткичи 17,4 фоизни (минимал талаб 13 фоиз) ташкил этган.
Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси кўмагида Молиявий секторни баҳолаш дастури ўтказилган ҳамда банклар фаолиятини назорат қилиш тизимининг Базел талабларига мувофиқлиги баҳоланган.
Омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш, уни илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича ишлар давом эттирилиб, «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган ҳамда кафолатланган омонат миқдори 200 млн сўм этиб белгиланган.
Бунда жисмоний шахсларнинг омонатлари билан бир қаторда тадбиркорлик субъектларининг ҳам банклардаги маблағларини кафолатлаш амалиёти йўлга қўйилган.
Ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга доир меъёрий-ҳуқуқий асослар такомиллаштирилиб, Марказий банкка киберхавфсизликни таъминлаш бўйича бир қатор ваколатлар берилган.
Хусусан, киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида онлайн кредитни (микроқарзни) расмийлаштириш жараёнида 48 соатгача бўлган вақтинчалик чеклов жорий этилган.
Банк карталари билан боғлиқ шубҳали фрод операцияларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида тест синови тариқасида 34 та банк ва 5 та тўлов ташкилоти интеграция қилинган марказлашган антифрод тизими йўлга қўйилган.
Шубҳали операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида банклар томонидан битта жисмоний шахсга банк карталари сонини битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш бўйича вақтинчалик тартиб жорий этилган.
Шу билан бирга, таҳлиллар Марказий банкнинг 5 фоизлик инфляция бўйича таргет кўрсаткичига эришиш муддати билан боғлиқ хатарлар ортиб бораётганлигини ҳамда кредит ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш ишлари етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Марказий банк 5 фоизлик инфляцион таргетга 2023 йилда эришиши кутилган эди. Бироқ мазкур таргетга 2026 йил якунларига бориб эришиш кутилаётган бўлса, Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра эса, ушбу мақсадга 2027 йилга келиб эришилиши кўрсатилган.
Бундан ташқари, тўлов тизимлари фаолиятини назорат қилишда таваккалчиликка асосланган назорат тизими йўлга қўйилмаган.
Товарларни бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлаш (насия савдоси) асосида амалга ошириладиган фаолиятни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий талаблар мавжуд эмаслиги аҳоли қарз юкининг ҳаддан ташқари ортиб боришига, шунингдек, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларидан олинган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилмаслигига ва уларнинг муаммоли кредитларга айланишига сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 1 январ ҳолатига насия савдоси фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотларнинг жами кредит портфели қолдиғи 8,5 трлн сўмни ташкил этган.
Парламент назорати доирасида Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганишда муаммоли кредитлар миқдори жорий йил бошига нисбатан 252,2 млрд сўмга ёки 38 фоизга ортганлиги аниқланган.
Тижорат банклари томонидан «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Фуқаролик кодексининг 744-моддаси талабларига амал қилинмаган ҳолда суд қарори мавжуд 20 нафар тадбиркорлик субъектига жами 3,4 млрд сўмлик кредит фоизи ва пеня ҳисобланган.
Жумладан, тадбиркорларга АТБ «Агробанк» томонидан 15 та ҳолатда 1,7 млрд сўм, АТ «Халқ банки» томонидан 1 та ҳолатда 141,2 млн сўм ва АТБ «Микрокредитбанк» томонидан 4 та ҳолатда 1,6 млрд сўмлик кредит фоизи ва пеня кўринишидаги қарздорлик ҳисобланган.
Кредит шартномаларида унинг асосий суммаси ва фоизларини тўлаш усули (дифференциал ёки аннуитет) кўрсатилмаган ҳамда тижорат банклари томонидан мижозларга бу ҳақида тушунтирилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 январдаги «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-12-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилояти бўйича жорий йилнинг I чорагида тижорат банклари томонидан 41 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали мақсадли кўрсаткичлар ижроси 145 фоизга бажарилганлиги ҳисоботларда қайд этилган бўлса-да, шундан 6 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги солиқ органлари маълумотлар базасида қайд этилмаганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Сайхунобод тажрибаси асосида 11 та микролойиҳа ташаббускорининг 375 млн сўмлик ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган бўлишига қарамасдан, ушбу микролойиҳалар тижорат банклари ҳисоботига қўшиб ёзилган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар бўйича балансдан ташқари ҳисобварақларда юритилаётган қарздорликлар миқдори жорий йил бошига нисбатан 3,6 млрд сўмга ёки 2,3 фоизга камайган бўлса-да юқорилигича (155,5 млрд сўм) қолмоқда.
Дастур доирасида тижорат банклари томонидан 18 та ҳолатда маркетплейс тизимида таъминотчи корхона раҳбарларига 573,4 млн сўмлик имтиёзли кредит берилишига йўл қўйилган ҳамда 1,3 мингта ҳолатда етказиб берилган маҳсулот ва хизматлар учун 35,4 млрд сўмлик кредитлар белгиланган муддатларда ажратилмаган.
Шунингдек, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 8 та ҳолатда ҳоким ёрдамчилари томонидан 834,8 млн сўмлик имтиёзли кредитлар ҳисобига ўзларига ёки яқин қариндошларига тегишли бўлган маркетплейс тизимидаги таъминотчи корхоналар орқали маҳсулот (хизматлар) етказиб берилиб, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 9-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:
а) нархлар барқарорлигини таъминлаш доирасида пул-кредит сиёсати инструментлари таъсирчанлигини ошириш йўналишида:
ўрта муддатли истиқболда инфляция даражасининг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача пасайишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитларини етарли даражада қатъий шакллантиришни давом эттирсин;
асосий ставка бўйича қарорларнинг иқтисодиётдаги фоиз ставкаларига таъсири самарадорлигини ошириш ва пул бозорида ижобий реал ставкалар шаклланишини таъминлаш чораларини кўрсин;
пул-кредит сиёсатини юритишда маълумотларга асосланган ёндашувни қўллашни давом эттириб, янгиланган маълумотлар ҳамда прогнозлардан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлик даражасини мослаштириб борсин;
б) тижорат банкларининг бардошлилигини оширишга қаратилган макропруденциал сиёсат чораларини такомиллаштириш йўналишида:
янги капитал инструментларини жорий қилиш ҳамда банклар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини ошириш чораларини кўрсин;
банклар капиталининг монандлигига қўйиладиган талабларни босқичма-босқич Базел III стандарти меъёрларига мувофиқлаштириб борсин;
микромолия банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқсин;
товарларни бўлиб-бўлиб ва кечиктириб тўлашга бериш фаолияти (насия савдоси) билан шуғулланувчи ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, мазкур йўналишда меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин;
д) тўлов хизматлари бозорида замонавий тўлов хизматларини янада такомиллаштириш йўналишида:
QR-код орқали тўловни амалга оширишнинг ягона стандартини жорий қилсин;
тўлов тизимида жисмоний шахслар учун мобил иловадан фойдаланган ҳолда уларнинг банк ҳисобварақларидан пул ўтказмалари хизматини жорий этсин;
амалиётда кузатилаётган муаммолардан, хавф-хатарлардан келиб чиқиб, рақамлаштиришни янада такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратсин;
халқаро консалтинг компаниясини жалб этиш орқали Марказий банкнинг киберхавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин;
«CERT-CBU» киберхавфсизлик маркази иш фаолияти 24/7 режимида юритилишини ташкил этсин;
э) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда аҳоли бандлигини таъминлаш, уни тадбиркорликка жалб қилиш ва даромадларини ошириш йўналишида:
тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ҳамда фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 1 470 минг;
ишсизларни мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш орқали 430 минг;
ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан жами 377,6 мингта микролойиҳани амалга ошириш ҳисобига 755 минг, шунингдек, «Маҳалла лойиҳаси» дастури доирасида соддалаштирилган тартибда лойиҳаларни молиялаштириш учун янги кредит маҳсулотларини жорий қилиш орқали 250 минг;
ҳудудларда драйвер лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 122 минг ҳамда микросаноат марказларини барпо этиш лойиҳалари ҳисобига 21 минг;
аҳолига ер майдонларини ижарага бериш, шу жумладан, «компания-кооператив-деҳқон хўжалиги» тамойили асосида кооперативлар ташкил этиш ҳисобига 300 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш чораларини кўрсин;
ф) аҳолининг молиявий саводхонлик ва молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш ҳамда банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоялаш тизимини кучайтириш йўналишида:
2025 — 2030 йилларга мўлжалланган молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегиясини амалга ошириш юзасидан зарур чоралар кўрсин;
тижорат банклари билан биргаликда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида молиявий хизматлар кўрсатиш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқсин;
маҳалла банкирларининг салоҳиятини ошириш (ўқитиш) бўйича тизимли ишларни йўлга қўйсин, ҳар бир туман, шаҳардаги биттадан маҳаллада маҳалла банкири фаолиятини намунали ташкил этиб, ижобий тажрибани оммалаштирсин.
г) уч ой муддатда тижорат банклари томонидан Фуқаролик кодексига амал қилмаган ҳолда, суд қарори бўлишига қарамасдан тадбиркорлик субъектларидан кредит фоизи ва пеня ундириш ҳолатларини ўрганиб, ортиқча ҳисобланган ёки ундирилган маблағларни тадбиркорлик субъектларига қайтарсин ҳамда амалга оширилган ишлар юзасидан жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Олий Мажлис Сенатига ахборот киритсин.
ҳ) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тижорат банклари билан биргаликда йил якунига қадар муаммоли кредитларни камайтириш бўйича қатъий чоралар кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Марказий банк, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда:
икки ой муддатда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида маҳсулотлар етказиб берувчи «маркетплейс» электрон савдо тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ҳар чоракда маркетплейс тизимида маҳсулотлар нархининг ўсишини ва ҳудуддаги ички бозор нархига мутаносиб бўлишини платформа орқали назорат қилиб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар ҳисобига харид қилинган чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) белгиланган тартибда туман (шаҳар) ветеринария бўлимлари томонидан идентификация қилинишини таъминласин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига давлат дастурлари доирасида кредит ажратилиши ва улардан самарали фойдаланиш ҳолати устидан доимий депутатлик назоратини ўрнатиб, кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши, лойиҳаларнинг ишга туширилиши борасида амалга оширилган ишлар бўйича Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари раҳбари ахборотини эшитиб бориш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари жойларда 2025 йилдаги янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар, хотин-қизлар бизнесини ривожлантириш каби йўналишларга кредитлар ажратилиши ва уларнинг мақсадли сарфланиши билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳар чоракда қўмита мажлисларида муҳокама қилиб борсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (Т. Ишметов) мазкур Қарор ижроси юзасидан 2026 йилнинг 15 февралига қадар ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот тақдим этсин.
9. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси (Э. Гадоев) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 26 июнь,
СҚ-148-V-сон