Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
қарори
Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан Олий суд Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига асосланиб, Олий суд Пленуми қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қуйидаги қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли қарори:
15-бандининг олтинчи хатбошиси олтинчи ва еттинчи хатбошиси деб, қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Суд эр ва хотиннинг ёки улардан бирининг аризасига кўра, ярашиш учун берилган муҳлатни жиддий асослар мавжуд бўлган ҳолларда қисқартиришга ва ишни бу муҳлат тугагунга қадар кўришга ҳақли. Агар аризада шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги асос сифатида кўрсатилиб, бу ҳақда суд ҳужжати тақдим этилса, суд ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартиради ва ишни кўришга тайинлайди.
Ярашиш учун берилган муҳлатни қисқартириш тўғрисидаги масала суд мажлисида тарафларни хабардор қилган ҳолда ва ажрим чиқариш йўли билан ҳал этилади.»;
151-банд билан тўлдирилсин:
«151. Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 40-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.
Никоҳ эркак ва аёлнинг ўзаро биргаликда яшаш ва оила қуришга қаратилган иттифоқи ҳисобланиши сабабли оилавий (маиший) зўравонлик ҳолати фақатгина эр ёки хотин томонидан содир этилган бўлиши лозимлиги эътиборга олинсин.
Бунда оиланинг бошқа аъзолари томонидан зўравонликка йўл қўйилганлиги ярашиш учун муҳлат тайинламасликка асос бўлмайди.
Ярашиш учун муҳлат тайинламасдан никоҳдан ажратиш ҳақидаги талаб оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг даъво аризасида, шунингдек суд муҳокамаси давомида тақдим этилган ёзма аризасида кўрсатилиши мумкин.
Оилавий (маиший) зўравонлик деб — Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасида назарда тутилган қилмишлар тушунилишига судларнинг эътибори қаратилсин.
Шахснинг оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ёки жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳужжати билан тасдиқланиши боис, суд бундай ҳолатни текширишда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноий қилмиш юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжати мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши ҳамда уни талаб қилиб олиши лозим.
Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасида назарда тутилган қилмиш содир этилгандан сўнг тарафлар оилавий муносабатларни давом эттириб, кейинчалик улардан бири судга никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво ариза билан мурожаат қилган ва оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган тараф муддат тайинламасдан никоҳдан ажратиш талабини илгари сурган бўлса, суд эр-хотин бирга яшаган даврида зўравонлик ҳолати қайта содир бўлган ёки бўлмаганлигини текшириши ва бу ҳолатга бошқа далиллар мажмуи билан баҳо бериши лозим.
Тушунтирилсинки, арз қилувчига ҳимоя ордери берилганлигининг ўзи тарафларга ярашиш учун муҳлат бермасликка асос бўлмайди. Бунда, судларнинг эътибори ҳимоя ордерининг мавжудлиги оила барбод бўлган деб ҳисоблаш учун етарли асос бўлмаслиги ва мазкур ҳолатга ҳам ишдаги бошқа далиллар мажмуи билан биргаликда баҳо берилиши лозимлигига қаратилсин».
2. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 2001 йил 14 сентябрдаги 22-сонли қарори:
5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси 32-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ, уй ёки квартиранинг мулкдори, унинг оила аъзолари, у билан доимий яшаётган фуқаролар ва собиқ оила аъзоси ўртасидаги турар жойдан фойдаланиш билан боғлиқ низолар (уйга киритиш, уйдан кўчириш, фойдаланиш тартибини белгилаш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва ҳ.к.) ҳамда қилинган харажатлардаги улуш миқдори ҳақидаги низолар суд тартибида ҳал этилади.
Бунда суд, мулкдорнинг оила аъзолари ва у билан бирга яшаётган фуқаролар турар жойдан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олиб, сарф қилинган харажатлардаги улуш миқдорини уйда яшаётган барча шахсларни инобатга олган ҳолда белгилаши мумкин.
Суд турар жойга мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги низоларни ҳал этишда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақи тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклашда тарафларнинг келишувга эришганлигига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Бундай келишувга эришилганлиги тарафлар ўртасида тузилган ёзма келишув битими ёки мулкдор ва киритилаётган шахснинг ёзма аризалари билан тасдиқланади. Келишувга қандай усулда эришилганлигига қараб суд ишни келишув битимини тасдиқлаб, иш юритишни тугатади ёхуд ҳал қилув қарори қабул қилади.
Турар жойнинг мутаносиб шароитларга эга эканлиги фуқаронинг нормал турмуш кечириши учун етарли бўлган шарт-шароитлар (коммунал тармоқларга уланган, санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган ва ҳ.к) мавжудлиги билан баҳоланади.
Суд ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақи тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклаш масаласини ҳал этишда ижара шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 539 ва 574-моддалари талабларига мувофиқ тузилганлиги ва тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ёхуд солиқ органида ҳисобга қўйилганлигини текшириши лозим.
Ижара шартномаси бекор қилинган ҳолатда турар жойга киритишни талаб қилаётган шахс мулкдорга нисбатан уйга киритиш ҳақидаги даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, мулкдорга нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъвони қаноатлантириш мумкин эмас.
Тушунтирилсинки, собиқ мулкдор ва унинг оила аъзолари уй-жойни олди-сотди шартномасига асосан бегоналаштирганда, шартномада кўрсатилган кундан, агар шартномада уларнинг рўйхатдан чиқиш муддати келишилмаган бўлса, шартнома тузилган кундан эътиборан турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади.».
Олий суди раиси Б. ИСЛАМОВ
Пленум котиби, Олий суд судьяси Н. ХАКИМОВА
Тошкент ш.,
2025 йил 23 июнь,
15-сон