Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида 2025 йилда «ҳукумат соати»ни ўтказиш жадвалини тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 332-моддасига, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 101-моддаcига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида «ҳукумат соати»ни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида 2025 йилда «ҳукумат соати»ни ўтказиш жадвали Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилганлиги маълумот учун қабул қилинсин ва иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига навбатдаги ойда ўтказилиши режалаштирилган «ҳукумат соати»га таклиф этиладиган ҳукумат аъзоларига бериладиган саволларни ҳар ойнинг 20 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлимига умумлаштириш учун тақдим этиш тавсия қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлими (Ж. Жумаев) сиёсий партиялар фракциялари томонидан тақдим этиладиган саволларни умумлаштирган ҳолда ҳар ойнинг 25 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши муҳокамасига киритиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони (М. Истамов) 2025 йилда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир «ҳукумат соати»ни юқори савияда ташкил этиш билан боғлиқ зарур чораларни кўриб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Матбуот хизмати 2025 йилда ўтказиладиган «ҳукумат соати» тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини таъминласин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 13 январь,
292-V-сон