|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори «Яшил» давлат харидларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек давлат харидларида атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади: 1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг давлат харидларини амалга оширишда «яшил» давлат харидлари тизимини жорий этиш ва давлат харидларидаги «яшил» давлат харидлари улушини 2030 йилга қадар босқичма-босқич 30 фоизга етказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин. 2. Белгилансинки, «Яшил белги» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимининг ёки халқаро экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимларининг экологик мезонларга мувофиқликни тасдиқловчи тегишли ҳужжатига (кейинги ўринларда — экологик маркировкалаш ҳужжати)га эга тадбиркорлик субъектларидан амалга оширилган давлат харидлари ва/ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди «яшил» давлат хариди ҳисобланади. 3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2026 йил 1 январдан бошлаб: а) давлат харидларини амалга оширишда экологик мезонлар энг яхши таклифларни танлаш ва тендерлардаги харид қилиш ҳужжатларига мажбурий тартибда киритилади. Бунда: экологик маркировкалаш ҳужжатининг ҳар бир тури учун тўпланган балларнинг беш фоизи миқдорида қўшимча балл берилади; иштирокчи таклифининг ушбу мезонларга мос келмаслиги иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилидан четлатиш учун асос бўлмайди; б) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган ва/ёки товарлари (ишлари, хизматлари) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга давлат харидлари иштирокчиларига воситачилик йигими миқдорига нисбатан 30 фоиз чегирма берилади ҳамда улар томонидан қўшимча закалат маблағлари киритиш талаб этилмайди; в) давлат буюртмачилари электрон кооперация портали, электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдолари орқали харид қилиниши назарда тутилган товарларни (ишларни, хизматларни) биринчи навбатда экологик маркировкалаш ҳужжатига эга иштирокчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади. Бунда зарур бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган иштирокчилар мавжуд бўлмаган тақдирдагина, уларни бошқа иштирокчилардан харид қилишга рухсат этилади. 4. Айрим товар гуруҳларининг давлат харидларида қўлланадиган намунавий экологик мезонлар 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 5. Белгилаб қўйилсинки, давлат буюртмачилари ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2026 йил учун давлат хариди билан боғлиқ харажатларда «яшил» давлат харидлари улушини камида 15 фоизга етказади. Бунда ушбу кўрсаткични ҳар йили камида 5 фоизга ошириб бориш бўйича чоралар кўради. 6. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектлари экологик маркировкалаш ҳужжатларини олишини рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш, шунингдек, экологик маркировкалаш ҳужжатларини олиш учун тўлов миқдорини кескин камайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин. 7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги: а) Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 августга қадар давлат харидлари махсус ахборот порталидаги «Яшил» давлат харидлари саҳифасига қуйидаги маълумотларни жойлаштириш чораларини кўрсин: давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган «яшил» давлат харидлари; «Яшил белги» маҳсулот ва хизматларни ягона ихтиёрий экологик маркировкалаш тизимида (кейинги ўринларда — экологик маркировкалаш тизими) авторизациядан ўтган маҳсулот ва хизматларнинг экологик маркировкалаш стандартларига мувофиқлигини баҳоловчи юридик шахслар рўйхати; экологик маркировкалаш ҳужжатига эга бўлган ва/ёки товарлари (ишлари, хизматлари) экологик маркировкалаш ҳужжатига эга тадбиркорлик субъектлари; товарларнинг сифати, техник тавсифлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига нисбатан белгиланган экологик мезонлар рўйхати; б) ҳар йили хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат харидлари субъектлари учун «яшил» давлат харидлари соҳасида хабардорликни ошириш бўйича қисқа муддатли бепул ўқитиш курсларини ташкил этсин. 8. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги билан биргаликда: (8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 июлдаги 393-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон) уч ой муддатда давлат буюртмачиларининг масъул ходимлари учун «яшил» давлат харидлари бўйича махсус ўқув дастури ишлаб чиқилишини; ҳар йили 1 мартга қадар ушбу қарорга 1-илова билан тасдиқланган намунавий экологик мезонларга ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин. 9. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда тўрт ой муддатда экологик маркировкалаш тизимини «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформаси ҳамда давлат харидлари махсус ахборот порталига интеграция қилинишини таъминласин. Мазкур банд қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан сўнг кучга киради. 11. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ Тошкент ш., 2025 йил 18 июнь, 371-сон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 371-сон қарорига 1-ИЛОВА Айрим товар гуруҳларининг давлат харидларида қўлланадиган НАМУНАВИЙ ЭКОЛОГИК МЕЗОНЛАР
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 371-сон қарорига 2-ИЛОВА Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартибига киритилаётган қўшимчалар 1. 10-банднинг «в» кичик банди қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин: «экологик маркировкалаш сертификатининг мавжудлиги». 2. Қуйидаги таҳрирдаги 342-банд билан тўлдирилсин: «342. Экологик маркировкалаш сертификатининг мавжудлигини баҳолашда тадбиркорлик субъекти мазкур сертификатга эга бўлса — 2 балл берилади». 3. 2-илова қуйидаги таҳрирдаги 25-банд билан тўлдирилсин:
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.06.2025 й., 09/25/371/0512; 21.07.2026 й., 09/26/393/0764-сон) |
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан О мерах по совершенствованию системы поддержки «зеленых» государственных закупок Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ г. Ташкент, 18 июня 2025 г., № 371 |