Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мамлакатимизда мазкур соҳада аниқ чора-тадбирлар амалга оширилгани ва ижобий ўзгаришларга эришилганини қайд этади.
Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон учун устувор бўлган 20 та халқаро рейтинг ва индексларнинг 10 тасида мамлакатимиз ўрни кўрсаткичлари яхшиланган, 6 тасида пастлаган, 2 тасида ўзгаришсиз қолган ва 2 та рейтинг натижалари эълон қилинмаган.
Мамлакатимизда электрон хизматларни кенгайтириш ва рақамлаштириш жараёнлари натижасида БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий ишлар департаменти томонидан тайёрланадиган Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни 6 поғонага юқорилаб, 193 та давлат орасида 63-ўринни эгаллади. Республикамиз электрон ҳукумат соҳасида ривожланиш бўйича «юқори» гуруҳдан «жуда юқори» гуруҳга кўтарилган 17 та давлат қаторидан жой олди.
Шунингдек, Ўзбекистонда статистика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, маълумотларнинг очиқлиги, ишончлилиги ва сифатини ошириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Жаҳон банкининг Статистик самарадорлик кўрсаткичларида мамлакатимиз ўз ўрнини 17 поғонага яхшилаб, 217 та давлат орасида 62-ўринга кўтарилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида Молдова, Арманистон ва Россиядан кейин 4-ўринни эгаллаб, минтақадаги етакчи мамлакатлар қаторига кирди. Умуман олганда, сўнгги саккиз йилда мазкур индексда Ўзбекистон ўз позициясини 89 поғонага яхшилаган.
Бундан ташқари, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва гендер тенгликни мустаҳкамлашга қаратилган қонунчилик ҳужжатларининг такомиллаштирилиши натижасида Ўзбекистон Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида ўз позициясини 48 поғонага яхшилаб, 190 та давлат орасида 91-ўринни эгаллади.
Ҳисоботда Ўзбекистон аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш соҳасида туб ислоҳотларни амалга ошириб, энг катта натижаларга эришган 5 та давлат қаторида қайд этилди.
Мамлакатимиз Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил 82,5 балл тўплаб, Марказий Осиёда энг юқори натижага эришган давлат сифатида эътироф этилди. Айниқса, ушбу Индекснинг ҳаракат эркинлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш, оила, мулкка эгалик қилиш ҳамда тадбиркорлик каби муҳим индикаторларида энг юқори — 100 баллик баҳолар қайд этилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон учун устувор бўлган ижтимоий-иқтисодий соҳага оид 11 та халқаро рейтинг ва индексларнинг 2 тасида, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги 9 та рейтингнинг 4 тасида мамлакатимиз кўрсаткичлари пастлаган.
Хусусан, «Мерос» жамғармасининг Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон ўз позициясини 6 поғонага яхшилаб, 184 та давлат орасида 103-ўринни эгаллаган бўлса-да, индекс таркибига кирувчи айрим индикаторлар бўйича мамлакатимиз кўрсаткичларида пасайиш кузатилган.
Масалан, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра охирги уч йил мобайнида давлат харажатларининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 31,41 фоизни ташкил этиши Индекснинг «Давлат харажатлари» индикаторидаги мамлакатимиз кўрсаткичларининг 4,5 баллга пасайишига олиб келган.
Бюджет тақчиллигининг ялпи ички маҳсулотга нисбати сўнгги уч йилда ўртача 4 фоизни, давлат қарзининг эса ялпи ички маҳсулотга нисбатан 34,9 фоизни ташкил этгани «Фискал саломатлик» индикаторида салбий динамикага сабаб бўлган.
Импорт қилинган товарларга нисбатан ўртача тортилган тариф ставкасининг 4,5 фоиздан 4,7 фоизга оширилиши эса «Савдо эркинлиги» индикаторидаги кўрсаткичларни пасайтирган.
Бундан ташқари, АҚШнинг Корнелл университети, Франциянинг Insead бизнес мактаби ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан юритиладиган Глобал инновациялар индексида мамлакатимиз ўрни 1 поғонага пастлади. Индекснинг жорий ҳисоботида мамлакатлар 78 та индикатор бўйича баҳоланиб, 40 та индикаторда Ўзбекистоннинг позицияси яхшиланган, 13 тасида ўзгармаган ва 23 тасида пасайиш кузатилган.
Таҳлилларга кўра, сўнгги уч йилдан бери Ўзбекистоннинг мазкур Индексдаги ўрнида барқарор ўсиш тенденцияси кузатилмаяпти. Жумладан, 2022 ва 2023 йилларда мамлакатимиз 82-ўринда бўлган бўлса, 2024 йилда 1 поғонага пастлаб, 83-ўринни эгаллаган.
Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш фаоллигининг сустлиги, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига киритилаётган инвестициянинг етарли эмаслиги, инновацион инфратузилманинг суст ривожланиши ҳамда илмий натижаларнинг халқаро иқтисодиётга трансформация даражасининг пастлиги каби қатор омиллар Ўзбекистоннинг мазкур индексдаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индексида Ўзбекистон 5 поғонага пастлаб, 142 та мамлакат ичида 83-ўринни эгаллади.
Индекс 8 та индикатор асосида баҳоланиб, уларнинг 4 тасида Ўзбекистонда ижобий ўсиш қайд этилган бўлса, 2 тасида кўрсаткичлар ўзгармаган, 2 тасида эса пасайиш кузатилган.
Пасайиш кузатилган индикаторлардан бири — Коррупциянинг мавжуд эмаслиги индикатори бўлиб, мазкур индикатор бўйича Ўзбекистон 2024 йилда 2 поғона пастлаб, 66-ўриндан 68-ўринга тушди.
Таҳлилларга кўра 2022-2023 йиллар давомида Ички ишлар тизимида жиноий жавобгарликка тортилган 347 нафар ходимнинг 56 фоизи (195 нафари) коррупциявий жиноятлар содир этган. Шунингдек, 2023 йилда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари тизимида жиноий жавобгарликка тортилган 162 нафар ходимнинг 92,5 фоизи (150 нафари) ана шундай жиноятларда айбланган.
Иккинчи пасайиш кузатилган индикатор — Қонунларга риоя қилиш индикатори бўлиб, мазкур индикаторда мамлакатимиз 4 поғона пастлаб, 103-ўринга тушган.
Ушбу индикатор орқали ҳукумат қарорларининг ҳар қандай таъсирларсиз самарали қўлланилиши, маъмурий тартиб-таомилларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши, ҳукумат томонидан суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик ҳолатлари баҳоланади.
Шунингдек, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи 2 та халқаро рейтингда ҳам Ўзбекистон кўрсаткичларида пасайиш қайд этилган.
Хусусан, «Тартибга солиш сифати» индикаторида мамлакатимиз 1 поғона пастлаб, 214 давлат орасида 147-ўринни, «Коррупцияни тийиб туриш» индикаторида эса 3 поғона пастлаб, 164-ўринни эгаллади.
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти томонидан юритиладиган Матбуот эркинлиги индексида ҳам Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли даражада 11 поғонага пасайиб, 180 та давлат орасида 148-ўринни эгаллади.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2016 йилдан буён мамлакатда матбуот эркинлиги соҳасида муайян ижобий ўзгаришлар кузатилган бўлса-да, давлат органларини танқид қилиш ҳамон мураккаблик туғдирмоқда.
Амалдорлар томонидан журналист ва блогерларга пора беришга уринишлар, жамиятни ташвишга солувчи масалалар расмий оммавий ахборот воситаларида эмас, аксинча, кўпроқ ижтимоий тармоқларда ёритилиши, блогерларга таҳдид қилиниши ва ҳибсга олиниши ва бошқа масалалар мамлакатимизнинг Индексдаги ўрнига салбий таъсир кўрсатган.
Юқоридагиларга асосан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7- ва 9-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (бундан буён матнда Республика кенгаши деб юритилади) ишчи органлари (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги):
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июндаги ПФ-91-сонли Фармони 2-банди учинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2024 йил 16 августда қабул қилинган СҚ-963-IV-сонли қарори 3-иловасига асосан тасдиқланган устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича мақсадли кўрсаткичлардан (бундан буён матнда мақсадли кўрсаткичлар деб юритилади) келиб чиқиб, мутасадди вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Республика кенгашига киритсин;
ҳар чоракда халқаро рейтинг ва индексларга бириктирилган мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда халқаро рейтинг тузувчи ташкилотлар (эксперт)нинг мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда олиб борилаётган сўнгги ислоҳотлар ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш мақсадида улар билан туркум тадбирларни (учрашувлар, семинарлар, конференциялар, форумлар ва ҳоказо) ўтказиб борсин ҳамда республикамизга ташрифларини ташкил қилсин;
2025 йилнинг 1 сентябрига қадар ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтинг ва индекслар доирасида баҳоланадиган соҳалар бўйича мамлакат таҳлилини тайёрлаш ва аниқланган муаммоларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида рейтинг тузувчи ташкилотлар ва экспертларни жалб қилиш юзасидан таклифларни Республика кенгашига киритсин;
2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маърузани тайёрлашда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратсин:
мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан мақсадли кўрсаткичларга эришганлик ҳолатини таҳлил қилиш;
Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари пасайишига сабаб бўлган омиллар, шунингдек, устувор халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимиз ўрнини яхшилаш мақсадида амалга оширилган ишлар ва амалий чора-тадбирларни кўрсатиш;
халқаро рейтинг ва индексларда юқори натижалар қайд этган хорижий мамлакатларнинг тажрибасини, Ўзбекистонда қўллаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Миллий статистика қўмитаси ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти томонидан юритиладиган Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексида Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар режасини («йўл харитаси»ни) ишлаб чиқсин ва Республика кенгашига киритсин. Бунда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:
ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, саноат корхоналарини рақамли технологиялар, автоматлаштириш ва «ақлли» ишлаб чиқариш тизимлари билан жиҳозлаш орқали маҳсулот сифатини ошириш ва халқаро стандартларга мослаштириш;
саноат кластерлари ва махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш, ушбу ҳудудларда экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш;
кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, улар учун экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш, уларнинг технологик салоҳиятини ошириш мақсадида олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш;
ишлаб чиқариш жараёнларида энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, уларни патентлаш орқали инновацияларни рағбатлантириш;
экспорт бозорларини диверсификация қилиш, янги экспорт бозорларини аниқлаш ва уларга чиқиш учун дипломатик ва савдо алоқаларини кучайтириш.
4. Адлия вазирлиги:
2025 йилнинг 1 августига қадар Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторлари таркибига кирувчи Тартибга солиш сифати индикаторида Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин;
2025 йилнинг 1 ноябрига қадар Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг «Маъмурий тартиб-таомилларнинг ўз вақтида бажарилиши» субиндикаторида Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида давлат хизматлари кўрсатилишини ноқонуний кечиктирган ёки асоссиз рад этган мансабдор шахснинг масъулиятини ошириш, унинг бундай хатти-ҳаракатларига нисбатан таъсир чорасини кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
2025 йилнинг 1 ноябрига қадар Ҳуқуқ устуворлиги индексининг «Ҳукумат қарорларини ҳар қандай таъсирларсиз самарали қўллаш» субиндикаторида мамлакатимиз кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятини берувчи махсус онлайн платформа ишлаб чиқишнинг техник ва молиявий имкониятларини ўрганиб чиқсин ҳамда асослантирилган таклифларни Республика кенгашига киритсин;
ҳар йили Олий Мажлис Сенати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларининг ижроси тўғрисида Ҳисоб палатаси раисининг ҳамда Адлия вазирининг ахборотини эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйиш юзасидан асослантирилган таклифларни Республика кенгашига киритсин.
5. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш чораларини кўрсин;
Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шу жумладан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва Интернет жаҳон ахборот тармоқлари орқали фаол тарғибот ишларини ташкил этсин.
6. Халқаро рейтинг ва индексларга бириктирилган мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари:
доимий равишда рейтинг тузувчи ташкилотларнинг методологиялари, йиллик ҳисоботлари ва шарҳларини кузатиб, Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини ушбу маълумотлар билан солиштириб борсин;
мунтазам равишда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид халқаро рейтингларда қайд этилган мамлакатимизнинг паст кўрсаткичларини таҳлил қилсин ва уларни яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқсин.
7. Масъул вазирлик ва идоралар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ушбу Қарорнинг ижро этилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига белгиланган муддатларда ахборот тақдим этсин.
8. Мазкур Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 29 май,
СҚ-133-V-сон