Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида ахборот технологиялари йўналишига ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 1 апрелдаги ПФ-55-сон Фармонига мувофиқ ахборот технологиялари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш ҳамда соҳа бўйича иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 апрелдаги ПФ-55-сон Фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонининг 4 ва 7-иловаларига мувофиқ қурилиши назарда тутилган 13 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат негизида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда, мазкур Фармоннинг 1 — 4-иловаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таклифига асосан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимида ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар сонини ошириш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармони билан ташкил этилган Термиз шаҳар ихтисослаштирилган мактаби ва Гулистон шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатларини Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг филиаллари (кейинги ўринларда — филиаллар) сифатида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
3. Белгилансинки:
Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ахборот технологиялари йўналиши бўйича таянч мактаб ҳисобланади;
таянч мактаб директори ва филиал ижрочи директори Агентлик директори томонидан тайинланади;
таянч мактабга ва филиалларга раҳбар кадрлар икки босқичли (саралаш ва суҳбат), педагог кадрлар уч босқичли (саралаш, тест синови ва суҳбат) танлов асосида ишга қабул қилинади;
таянч мактабга ва филиалларга бир синфда ўқувчиларнинг энг кўп сони 24 нафардан ошмаслигини ҳисобга олган ҳолда, қабул параметрлари Агентлик томонидан белгиланади;
филиалларга ўқувчилар таянч мактаб учун белгиланган тартиб асосида саралаб олинади;
филиалларда ўқувчилар учун аутсорсинг асосида белгиланган тартибда бепул соғлом овқатлантириш ташкил этилади;
филиалларнинг қурилиш ишлари таянч мактабнинг шароитидан кам бўлмаган ягона ёндашув асосида 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан Агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади;
филиаллар замонавий талабларга мувофиқ пластик қопламали (HPL панел) синф столи, пластик қопламали эгри елимланган фанерали синф стуллари билан жиҳозланади.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
2025 йил 1 августга қадар таянч мактаб ҳамда филиаллар учун лавозимлар ва штат бирликларининг намунавий штат жадвалини тасдиқласин;
ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш, замонавий касбларга ўргатиш учун уларнинг қизиқиши ва қобилиятларини инобатга олган ҳолда зарур шарт-шароитлар яратсин;
математика, информатика ва ахборот технологиялари, робототехника фанлари қўшимча ўқув дастурлари асосида ўқитилишини таъминласин;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 августга қадар ахборот технологиялари йўналиши бўйича таълим дастурларини IT бозорида юқори талабга эга касбларга ўқитиш дастурлари ва ўқув қўлланмаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирсин.
5. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2025 йил 1 сентябрга қадар филиал сифатида ташкил этилаётган Нукус шаҳар 2-сон, Андижон шаҳар 2-сон ҳамда Самарқанд шаҳар 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг табиий фанлар йўналишида таълим олаётган ўқувчиларини Агентлик тизимидаги бошқа мактабларга жойлаштириш чораларини кўрсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур филиаллар таъминоти учун зарур харажатларни 2025 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова ҳамда рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 июнь,
364-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2025 й., 09/25/364/0508-сон)