Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА (ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ТОМОНИДАН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲИСОБОТ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА УНИ НОҚОНУНИЙ ТАЛАБ ЭТГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИКНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА» 2005 ЙИЛ 15 ИЮНДАГИ ПҚ-100-СОН ҚАРОРИ)
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 январдаги 16-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этиладиган ҳисобот тизимини такомиллаштириш ва уни ноқонуний талаб этганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисида» 2005 йил 15 июндаги ПҚ-100-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 15 август,
197-сон
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 29 июндаги 245-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 6-сон, 33-модда) 1-илованинг 15-бандида:
«Корхоналар» сўзидан олдин «Ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўзда тутилган тадбиркорлик субъектларидан ташқари» сўзлари билан тўлдирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинган тадбиркорлик субъектлари давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга олиш мақсадида ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечикмасдан мажбурий сотилиши керак бўлган валюта тушумлари суммасининг ҳисоб-китобини белгиланган шакл бўйича тақдим этадилар».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2003 йил 8 январдаги 8-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон, 3-модда) 4-илованинг 13-бандида:
тўртинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбоши билан алмаштирилсин:
«молия, божхона, солиқ органларидан, банклардан, бошқа идоралар ва хизматлардан, юридик шахслардан ва уларнинг ваколатхоналари ва филиалларидан, якка тартибдаги тадбиркорлардан идоравий ҳисобга олиш маълумотларини олиш ҳамда улардан давлат статистика ҳисоботларида статистика мақсадларида фойдаланиш;
молия, божхона, солиқ органларидан ва давлат бошқа ташкилотларидан давлат статистика ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни (уларни ишлаб чиқишнинг ҳар қандай босқичида), шунингдек уларга илова қилинадиган тушунтиришларни талаб қилиш ва олиш»;
бешинчи — ўн тўққизинчи хатбоши тегишли равишда олтинчи—йигирманчи хатбоши деб ҳисоблансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида» 2003 йил 21 августдаги 361-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 8-сон, 74-модда) 6-илованинг 26-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«26. Микрофирмалар ва кичик корхоналардан ташқари, тўловчилар ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечикмай рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича солиқ органларига Жамғармага маблағ ажратилиши бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этадилар ва худди шу ойнинг 20-кунигача тўланиши керак бўлган тўловларни Жамғармага ўтказадилар. Микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳар чоракда, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечикмай, рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича солиқ органларига Жамғармага маблағ ажратилиши юзасидан ҳисоб-китобларни тақдим этадилар. Жамғармага тўланиши керак бўлган тўловлар микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан ҳар ойнинг 20-кунигача ўтказилади. Мажбурий ажратмаларнинг ортиқча тўланган суммаси солиқ органларининг ортиқча тўлаганлик тўғрисидаги хулосаси бўйича, тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кун муддатда бўлажак тўловлар ҳисобига ўтказилади ёки Республика йўл жамғармаси томонидан тўловчига қайтарилади».
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 32-33-сон, 252-модда; 2006 й., 48-50-сон, 486-модда; 2017 й., 36-сон, 955-модда)