Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш
1. 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилсин. Бунда:
Кейинги таҳрирга қаранг.
(а) ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 918 000 сўм этиб;
(б) ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм этиб;
(в) кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
Кейинги таҳрирга қаранг.
(i) 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 360 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 275 000 сўм;
(ii) оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча — 165 000 сўм;
(iii) оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 110 000 сўм этиб;
(г) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори — 420 000 сўм этиб;
Кейинги таҳрирга қаранг.
(д) фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгилансин.
2. 2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилсин.
II. Базавий миқдорларни белгилаш
3. Қуйидагилар:
(а) 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 471 000 сўм этиб;
(б) 2025 йил 1 августдан бошлаб:
(i) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 271 000 сўм;
(ii) базавий ҳисоблаш миқдори — 412 000 сўм этиб белгилансин.
III. Молиявий ресурслар
4. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
5. Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
8. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 июнь,
ПФ-91-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 2 июндаги ПФ-91-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
2025 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари
1. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм.
2. Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 1 012 000 сўм.
3. 1941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 4 462 000 сўм.
4. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (918 000 сўмдан) 1 012 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 1 012 000 сўм.
5. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 820 000 сўм.
6. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 820 000 сўм.
7. Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 820 000 сўм.
8. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 820 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 270 000 сўмдан қўшилади.
9. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 820 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.06.2025 й., 06/25/91/0489-сон; 27.12.2025 й., 06/25/258/1223-сон)