Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нурафшон филиали фаолиятини тугатиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Cyber university» давлат университетини ташкил этиш тўғрисида» 2025 йил 20 январдаги ПҚ-14-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг (кейинги ўринларда — Университет) Нурафшон филиали фаолияти 2024/2025 ўқув йили якунланганидан сўнг белгиланган тартибда тугатилсин.
2. Университет ва Рақамли технологиялар вазирлиги:
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2025/2026 ўқув йили бошлангунга қадар Университетнинг Нурафшон филиали талабалари ўқишини Университетнинг тегишли курсларига белгиланган тартибда кўчириш ишларини ташкил этсин;
Университетнинг Нурафшон филиали тугатилиши муносабати билан қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу филиалнинг ходимлари билан боғлиқ меҳнат муносабатларини ҳал этиш чораларини кўрсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 7 майдаги 288-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 27 май,
333-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.06.2025 й., 09/25/333/0488-сон)