Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг 2025 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2025 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) Кенгаши таъкидлайдики, иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва банк-молия соҳасини либераллаштиришнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга, давлат бюджети ижросини назорат қилишга Қўмита томонидан алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, ўтган даврда Қўмита 19 та қонун лойиҳасига масъул бўлган ва уларнинг 14 таси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилган.
Жумладан, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги ҳамда «Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида»ги яхлит қонун лойиҳалари Қўмита томонидан маромига етказилган.
Ҳисобот даврида Қўмита масъул бўлган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида жами 46 та ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилган. Шунингдек аксарият қонун лойиҳалари Қўмита ҳузурида ташкил этилган жамоатчилик кенгаши йиғилишларида муҳокама қилинган.
Бундан ташқари Қўмита мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Марказий банки ва тижорат банклари мутасаддиларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахбороти эшитилган.
Қўмита эшитувларида иқтисодиётга инвестицияларни кенг жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ҳамда хизматлар секторини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган вазифалар ижроси кўриб чиқилган.
Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2024 йил 18 — 20 ноябрда бўлиб ўтган мажлисларидаги нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича тегишли ишлар олиб борилган.
Жумладан, Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарорига мувофиқ ижро ҳокимияти билан қонун ижодкорлиги ва парламент назорати доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қатор вазирликлар, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар, илмий-тадқиқот муассасалари, таҳлил марказлари ва бошқа ташкилотлар Қўмитага бириктирилди.
Ўтган даврда Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Божхона институти, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлар институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган ва ҳамкорликдаги иш режалари тасдиқланган.
Кўриб чиқилаётган даврда, Қўмита томонидан кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада кучайтиришга, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ижросининг назорат механизмларини такомиллаштиришга, уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш ва уларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, банк мижозларининг такрорий кредит олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор қонун лойиҳаларига таклифлар ишлаб чиқилган.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, ўтган даврда фуқаролардан Қўмита номига келиб тушган жами 99 та мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қўмитанинг ҳисобот давридаги фаолияти оммавий ахборот воситаларида жами 421 маротаба ёритилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг 2025 йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси:
иқтисодиёт соҳасида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ва унинг якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг натижадорлигини доимий равишда мониторинг қилиб боришга;
тегишли қонун лойиҳаларини қўмита ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши йиғилишларида мунтазам равишда муҳокама қилишга;
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда иқтисодиёт соҳасига доир бошқа дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боришга;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз муддатида кўриб чиқишга ҳамда фуқаролардан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича келиб тушган таклифларни улар иштирокида қўмита мажлисларида муҳокама қилишга;
Бюджет дан энг кўп маблағ оладиган вазирликлардаги коррупциявий омилларни ўрганиш ва аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. ХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 апрель,
826-V-сон