Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
Қарори
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3252-5]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/1-сон қарори (рўйхат рақами 3252, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3252/1098-сон) билан тасдиқланган Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 апрель,
9/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 11 апрелдаги 9/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом банк фаолиятига рухсат бериш, банкларнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларини, шунингдек муҳим аҳамиятга эга ходимларини баҳолаш ва лавозимига киришишидан олдин келишиб олиш, алоҳида бўлинмаларини очиш ва ёпиш, уставига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби ҳамда шартларини белгилайди.».
2. 1-бўлимнинг 1-бобидаги 1-параграфнинг номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1-§. Мазкур Низомнинг қўлланилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этиладиган ҳужжатларга қўйилган талаблар».
«1. Мазкур Низомнинг банкларга нисбатан белгиланган қоидалари, агар уларда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, микромолия банкларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
2. Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ариза ва бошқа ҳужжатлар қоғоз шаклида ёки электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда тақдим этилади.
Бунда, қоғоз шаклида тақдим этиладиган ва ҳажми бир варақдан ортиқ бўлган ҳужжатлар варақма-варақ тавсифланган, тикилган, рақамланган ва имзоланган бўлиши лозим. Йиллик молиявий ҳисоботлар (шарҳларни ўз ичига олган жамланма баланс, фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисобот ва молиявий ҳисоботнинг бошқа шакллари), шунингдек молиявий ҳисоботларнинг тўғрилигини тасдиқловчи аудиторлик хулосаси босмахона усулида босилган брошюралар кўринишида тақдим этилиши мумкин.
Марказий банкнинг талабига асосан алоҳида ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилиши лозим.
Электрон шаклда тақдим этилган ариза юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига ахборот-коммуникация тизими орқали электрон шаклда юборилади.
Чет эллик ариза берувчилар томонидан мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ҳужжатлар ариза берувчи рўйхатга олинган ерда жойлашган Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси ёки бошқа консуллик муассасалари томонидан тасдиқланади, бундан мазкур Низомнинг 20-банди 1 — 5, 8 ва 10 — 13-кичик бандларида кўрсатилган ҳужжатлар мустасно.
Марказий банкка мазкур Низомга мувофиқ ариза билан мурожаат қилган шахс ариза берувчи ҳисобланади.».
4. 15-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Банк акциядорларининг таркиби, ҳолати ёки улуши ўзгариши оқибатида ушбу банд талаблари бажарилмаётган бўлса, банк мазкур ҳолат вужудга келган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай фирма номини ўзгартириши ва банк уставига киритилган тегишли ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни мазкур Низомнинг V бўлими 4-бобида белгиланган тартибда Марказий банкка тақдим этиши лозим.».
5. 16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«16. Банк икки ва ундан ортиқ шахслар томонидан ташкил этилаётганда муассислар таъсис йиғилишини ўтказади ва ўзаро таъсис шартномасини имзолайди. Банк бир муассис томонидан таъсис этилган тақдирда банкни таъсис этиш ҳақидаги қарор шу муассис томонидан якка тартибда қабул қилинади.
Ушбу ҳаракатлар муассислар (муассис) томонидан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва акциядорлик жамиятлари фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.».
6. 20-бандда:
биринчи хатбошидаги «мазкур банднинг 1-кичик бандида кўрсатилган ҳужжат имзоланганидан кейин» деган сўзлар «банкни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
1 ва 2-кичик бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1) банк икки ва ундан ортиқ шахслар томонидан ташкил этилганда таъсис шартномасини;
2) банкни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни. Банк икки ва ундан ортиқ муассислар томонидан таъсис этилган ҳолларда таъсис йиғилиши баённомасининг банк кузатув кенгаши раиси томонидан тасдиқланган нусхаси тақдим этилади;»;
6-кичик банднинг биринчи жумласидаги «бевосита ва билвосита муассислар, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорлар» деган сўзлар «ҳар бир бевосита ва билвосита муассис, шу жумладан охирги бенефициар мулкдор» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8-кичик банддаги «киритилган» деган сўз «киритиладиган» деган сўз билан алмаштирилсин.
7. 21-банд «ариза берувчидан» деган сўзлардан кейин «ушбу қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
8. 26-банддаги «16-моддасида» деган сўзлар «16 ва 19-моддаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
9. 27-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Марказий банк ушбу ҳолатларни банкнинг устав капиталидаги мазкур Низомнинг 39-банди тўртинчи хатбошисида назарда тутилган миқдордаги улушни олишга доир дастлабки рухсатномани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида ҳам инобатга олади.».
10. 28-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«мазкур Низомнинг 20 — 24-бандлари ҳамда ушбу банднинг иккинчи — бешинчи хатбошиларига мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларнинг электрон шаклдаги кўчирма нусхалари.».
11. 29-банддаги «20-моддасида» деган сўзлар «20 ва 21-моддаларида» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
12. 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Лицензия берилганлиги учун тегишинча банк ёки микромолия банки устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.».
13. 73-банд «муассисларни» деган сўздан кейин «, бевосита ва билвосита эгалик қилувчиларни, шу жумладан охирги бенефициар мулкдорларни» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
14. 141-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«141. Банклар, бундан микромолия банклари мустасно, Марказий банкнинг рухсатномаси билан Ўзбекистон Республикаси «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 31-моддасида белгиланган ҳолларда чет элда шуъба банклар очиши ва филиаллар ташкил этиши, банкларнинг капиталида иштирок этиши, шу жумладан чет эл банкларини ташкил этишда иштирок этиши мумкин.
Микромолия банкларига чет элда банклар, ваколатхоналар очиш ва филиаллар ташкил этиш, чет эл банкларининг капиталида, шу жумладан чет эл банкларини ташкил этишда иштирок этиш тақиқланади.».
15. 149-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«149. Банк хизматлари офиси банкнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва банк ёки унинг филиали билан ягона бўлган банк (филиал) баланси ва кодига эга бўлади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.04.2025 й., 10/25/3252-5/0381-сон)