ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ҚАРОРИ
Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 21 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2709-7]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2015 йил 22 июлдаги 19/14-сон қарори (рўйхат рақами 2709, 2015 йил 13 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 йил, 32-сон) билан тасдиқланган Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ойдан кейин кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 апрель,
7/5-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 1 апрелдаги 7/5-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банкларининг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
1. 1-бандда:
қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«молиявий ташкилот — кредит ташкилотлари, суғурта ташкилотлари, лизинг ташкилотлари, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, клиринг ташкилотлари ва молиявий хизматлар кўрсатувчи бошқа ташкилотлар;»;
ўн биринчи хатбоши ўн иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
2. 2-бандда:
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 50 фоизгача бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари, марказий банклари ва давлат сектори ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар ва уларга нисбатан бошқа молиявий талаблар;»;
қуйидаги мазмундаги тўққизинчи — ўн биринчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 50 фоизгача бўлган халқаро молия ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;
ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан чиқарилган таъминланган қарз муносабатларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар ҳамда корпоратив облигациялар;
капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 50 фоизгача бўлган банкка алоқадор бўлмаган ҳамда молиявий бўлмаган ташкилотлар томонидан чиқарилган қимматли қоғозлар;»;
тўққизинчи хатбоши ўн иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
3. Қуйидаги мазмундаги 21-банд билан тўлдирилсин:
«21. Юқори ликвидли активлар 1-даражали юқори ликвидли активлар ва 2-даражали юқори ликвидли активлар йиғиндисидан иборат.
Бунда, юқори ликвидли активлар ҳисоб-китобида гаровга қўйилган юқори ликвидли активлар ҳисобга олинмайди.».
4. 3-бандда:
биринчи хатбошидаги «Юқори ликвидли» деган сўзлар «1-даражали юқори ликвидли» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 0 фоиз бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари, марказий банклари ва давлат сектори ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар ва уларга нисбатан бошқа молиявий талаблар;»;
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 0 фоиз бўлган халқаро молия ташкилотлари, шу жумладан Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ҳамда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа Кенгашининг тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Америкалараро тараққиёт банки, Скандинавия инвестиция банки ва Африка тараққиёт банки томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар ва уларга нисбатан бошқа молиявий талаблар;»;
тўққизинчи хатбошидаги «қоғозлар;» деган сўз «қоғозлар.» деган сўз билан алмаштирилсин;
ўнинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
5. Қуйидаги мазмундаги 31 — 33-бандлар билан тўлдирилсин:
«31. 2-даражали юқори ликвидли активлар 2A даражали ва 2B даражали юқори ликвидли активларни ўз ичига олади.
Бунда, юқори ликвидли активлар ҳисоб-китобида: 2-даражали юқори ликвидли активлар суммаси юқори ликвидли активлар суммасининг 40 фоизидан;
2Б даражали юқори ликвидли активлар суммаси жами юқори ликвидли активлар суммасининг 15 фоизидан ошмаслиги лозим.
32. 2A даражали юқори ликвидли активларга қуйидагилар киради:
капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 20 фоиз бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари, марказий банклари ва давлат сектори ташкилотлари ҳамда халқаро молия ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар ва уларга нисбатан бошқа молиявий талабларнинг 85 фоизи;
рейтинг баҳоси «AA» (Standard & Poorʼs, Fitch Ratings) ва (ёки) «Aa3» (Moodyʼs Investors Service) даражасидан паст бўлмаган ҳамда банкка алоқадор ҳисобланмаган молиявий бўлмаган ташкилотлар томонидан чиқарилган таъминланган қарз муносабатларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар ҳамда корпоратив облигацияларнинг 85 фоизи;
ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан чиқарилган корпоратив облигацияларнинг 85 фоизи.
33. 2B-даражали юқори ликвидли активларга қуйидагилар киради:
рейтинг баҳоси «A+» дан «A-» гача (Standard & Poorʼs, Fitch Ratings) ва (ёки) «A1» дан «A3» гача (Moodyʼs Investors Service) бўлган ҳамда банкка алоқадор ҳисобланмаган молиявий бўлмаган ташкилотлар томонидан чиқарилган таъминланган қарз муносабатларини тасдиқловчи қимматли қоғозлар ҳамда корпоратив облигацияларнинг 50 фоизи;
капитал монандлиги ҳисоб-китобида таваккалчилик даражаси 50 фоиз бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари, марказий банклари ва давлат сектори ташкилотларига ҳамда халқаро молия ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қилинган инвестициялар ва уларга нисбатан бошқа молиявий талабларнинг 50 фоизи.».
6. 52-бандда учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кейинги 30 кун ичидаги кирим ва чиқим элементлари ва уларга нисбатан қўлланиладиган коэффициентлар Марказий банк томонидан ўрнатилади.».
7. 53-бандда:
биринчи хатбошидан «СБММК ҳисоблаш намунаси мазкур Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган.» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Барқарор молиялаштиришнинг мавжуд суммаси ва барқарор молиялаштиришнинг зарур суммаси элементлари ва уларга нисбатан қўлланиладиган коэффициентлар Марказий банк томонидан ўрнатилади.»;
иккинчи — олтинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
учинчи хатбошидан «2019 йил 1 сентябрдан бошлаб» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
8. 54 ва 55-бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
9. 2-илова ўз кучини йўқотган деб топилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.04.2025 й., 10/25/2709-7/0368-сон)