Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) (бундан буён матнда Омбудсман деб юритилади) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузасини муҳокама қилиб, бир қатор ишлар амалга оширилганлигини қайд этади.
Омбудсман 2024 йилда ўз фаолиятини янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратган.
Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ва жамоат ташкилотларидан жами 23 422 та мурожаат келиб тушган.
2024 йилда Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида 5 344 та мурожаат назоратга олиниб, уларнинг 2 934 таси (55 фоизи) ижобий ҳал этилган.
2024 йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига 182 та таъсир чораси (39 та тақдимнома, 37 та хулоса, 92 та ариза ва даъво аризаси) киритилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 7 фоизга (12 та) ошган. Ушбу ҳужжатларнинг 140 таси (76,9 фоизи) ижобий ҳал этилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган 902 та мониторинг ташрифи доирасида 10 мингдан ортиқ маҳкум (маҳбус) билан жамоавий учрашувлар ва 4 835 нафар маҳкум (маҳбус) билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш мақсадида «Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 86 та туман ва шаҳарларида тарғибот тадбирлари амалга оширилган.
Оммавий ахборот воситаларида Омбудсман фаолиятига оид 4 мингдан ортиқ чиқиш ташкил этилган, 6 та брифинг ўтказилган.
Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда соҳада айрим ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони (23 422 та) 2023 йилга нисбатан (18 622 та) 4 800 тага ёки 25 фоизга ортган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 31,8 фоизини ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиб, бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошган.
Хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оилада тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 294 та мурожаат келиб тушган бўлиб, олдинги йилга (133 та) нисбатан 121 фоизга кўпайган.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлар Қашқадарё (3 274 та), Сурхондарё (2 117 та), Тошкент (1 785 та) Самарқанд (1 739 та) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (3 211 та) ҳиссасига тўғри келади.
Келиб тушган мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан 25 фоизга (4 800 тага) ошган бўлса-да, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлари раҳбарларига 182 та таъсир чораси (2023 йилда 170 та) киритилган.
Бундан ташқари, Мурожаатлар билан ишлаш ягона онлайн платформаси орқали келиб тушган мурожаатлар (9 947 та) таҳлил қилинганда, 4 694 та ёки 52,8 фоизи ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш даражаси эса 40,6 фоизни (5 908 та мурожаатни) ташкил қилган.
Омбудсманнинг минтақавий вакилларига тўғридан-тўғри келиб тушган мурожаатлар 3 857 тани ташкил этиб, бу Омбудсманга келиб тушган жами мурожаатларнинг 16,4 фоизини ташкил этган.
Ушбу ҳолат жойларда аҳолининг минтақавий вакиллар фаолиятидан хабардор эмаслигидан ёки минтақавий вакиллар фаолиятини такомиллаштириш зарурлигидан далолат беради.
Шу билан бирга, айрим давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга юзаки ёндашиши, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликдан етарли даражада хабардор эмаслиги фуқаролар ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
2024 йилда Омбудсманга ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор-қидирув фаолияти ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича келиб тушган 1 131 та мурожаатнинг аксариятида ички ишлар (74,3 фоизи) ҳамда прокуратура (16,4 фоизи) органлари ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норозилик баён этилган.
Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги ҳақида 191 та шикоят келиб тушган бўлиб (2023 йилда 186 та), уларнинг 112 таси (58,6 фоиз) суриштирув ва тергов ҳаракатлари давомида, 79 таси (41,4 фоиз) эса жазони ижро этиш муассасаларида содир этилган.
Мазкур шикоятларнинг 128 таси (67 фоиз) ўз тасдиғини топмаган бўлса, 21 таси юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилган, 16 таси (2023 йилда 12 та) бўйича жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган.
Юқоридаги шикоятлар асосида ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 13 нафар ходимга интизомий жазо қўлланилган ва 2 нафар ходим ишдан бўшатилган, шунингдек, 3 та шикоят юзасидан ички ишлар органлари ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Омбудсман томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари натижасида аниқланган салбий ҳолатлар бартараф этилмаган.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар Ички ишлар бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасининг шахсларни сақлашга мўлжалланган камераларида табиий ва сунъий ёруғлик етарли эмаслиги, ҳаво алмаштириш тизими таъмирталаб ҳолатга келиб қолганлиги аниқланган.
Ҳибсхонанинг камераларида санитария тармоғи (полга ўрнатилган унитаз ва бет-қўл ювгич) ўрнатилмаган. Ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг сайр қилиш майдонида жойлашган ювиниш жойлари белгиланган санитария қоидаларига жавоб бермайди.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилган бўлса-да, такроран амалга оширилган мониторинг ташрифида мазкур камчиликлар бартараф этилмаган.
Бу каби салбий ҳолатлар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Сирдарё вилоятининг Янгиер, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманлари ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида ҳам аниқланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 324-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2025 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси ҳақида»ги 465-V-сонли Қарори маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман):
Омбудсманга келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилсин, энг кўп мурожаат келиб тушган соҳани аниқлаб, тегишли таъсир чораларини қўлласин;
сайёр қабуллар ўтказишни мунтазам йўлга қўйсин ҳамда бунга фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилсин;
Ягона онлайн платформа орқали келиб тушадиган мурожаатлар билан ишлашни қатъий назоратга олиб, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чораларини кўрсин;
ҳудудлардан келиб тушадиган мурожаатларда энг кўп кўтарилган муаммоларни таҳлил қилиб, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин,
«Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган тарғибот тадбирларини олий таълим муассасаларида таҳсил олувчилар ва ёшлар ўртасида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин;
ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан киритилган таъсир чоралари ижросига алоҳида эътибор қаратсин.
қийноққа солиш ҳолларини бартараф этиш ёки уларнинг олдини олиш бўйича киритилган талабнома ижросини қатъий назоратга олсин;
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига маълумот тақдим қилиб борсин;
минтақавий вакиллар фаолиятини янада кучайтириш чораларини кўрсин. Бунда:
минтақавий вакилларнинг аҳоли билан тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга, аҳоли муаммоларига тезкорлик билан муносабат билдирилишига ҳамда муаммолар ҳудудларнинг ўзида ҳал қилинишига;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан доимий ҳамкорликнинг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги доимий равишда:
ҳудудий идоралар ўз ваколатлари доирасида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фуқаролар мурожаатларини қабул қилишини, уларни Қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқишини ҳамда асосли жавоб хати юборишини таъминласин;
қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмас кескин чоралар кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда:
ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўргансин ва уларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
Омбудсман томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Сирдарё вилоятининг Янгиер, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманлари ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида аниқланган камчиликларни бартараф этиб, бу ҳақда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига ҳамда Омбудсманга ахборот киритсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига:
ўз иш режаларига ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиниши ҳолати бўйича Омбудсманнинг минтақавий вакилларининг маърузаларини эшитиш масаласини киритиш ҳамда уни кенг муҳокама қилиш;
Омбудсманнинг минтақавий вакилларининг маърузаларида кўтарилган масалаларни ҳал этиш ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ҳудудий идоралар раҳбарларининг ахборотларини эшитиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) (2-банд), Бош прокуратура (3-банд) ҳамда Ички ишлар вазирлиги (2- ва 3-банд) жорий йилнинг 20 май кунига қадар Олий Мажлис Сенатига мазкур Қарорнинг ижроси бўйича умумлаштирилган ахборот тақдим қилсин.
7. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (А. Эшмуратов) зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 18 март,
СҚ-100-V-сон