Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг
буйруғи
Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 16 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3005-1]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 319-сон «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг 2018 йил 7 февралдаги 3/2-сон қарори (рўйхат рақами 3005, 2018 йил 4 май) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.05.2018 й., 10/18/3005/1167-сон) билан тасдиқланган Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Бошлиқ И. НИМАТУЛЛАЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 1 апрель,
5-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг 2025 йил 1 апрелдаги 5-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. Муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (бундан буён матнда ЭНҲАТ деб юритилади) жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни (бундан буён матнда энергия ресурслари деб юритилади) ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартибини белгилайди.».
2. 8-банддан «ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда Бюро деб юритилади)» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
3. 12-банд қўйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Табиий газни ҳисобга олиш приборларини танлаш, жойлаштириш ва ўрнатиш ШНҚ 2.04.08-22 «Газ таъминоти. Лойиҳалаш талаблари»га мувофиқ амалга оширилади.».
4. 13-банддан «Бюро вакили ва» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
5. 14-банддан «ва Бюро вакили» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
6. 15 ва 16-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Таъминотчининг ваколатли ходими истеъмолчидаги энергия ресурсларини ҳисобга олувчи мавжуд ҳисобга олиш приборларини ечиб олишда истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш приборини ва ундаги пломбаларнинг бутунлигини текширади ва бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг барча нусхалари таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи томонидан имзоланади.
16. Далолатномада ҳисобга олиш приборининг тури, унинг завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ечиш пайтидаги кўрсаткичи ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчи нусхаси таъминотчида қолади.».
7. 17-банддан «Бюро вакили билан биргаликда» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
8. 19-бандда:
а) биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган ва улангандан сўнг таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи иштирокида энергия ресурсларининг ҳисобга олиш прибори ўрнатилганлиги тўғрисида икки нусхада далолатнома тузади.»;
б) учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Далолатнома таъминотчининг ваколатли ходими ва истеъмолчи томонидан имзоланади, бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, иккинчи нусхаси таъминотчида қолади.».
9. 20-банднинг биринчи хатбошисидан «Бюро вакили» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.04.2025 й., 10/25/3005-1/0352-сон)