Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кенгайтирилиши ҳамда «яшил молиялаштириш» механизмларининг такомиллаштирилиши муносабати билан «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
«яшил молиялаштириш» механизмларини такомиллаштириш;
«яшил энергия» сертификатлари жорий этилишини кенгайтириш;
кичик қувватли генерация объектларини қўшимча рағбатлантириш.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 апрель,
225-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 14 апрелдаги 225-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 сентябрдаги 515-сон қарори билан тасдиқланган «Яшил энергия» сертификатларини бериш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-бандда:
иккинчи ва учинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«ариза — муайян даврда электр энергияси ишлаб чиқарилганлиги ва ягона электр тармоғига ёки тўғридан-тўғри сўнгги фойдаланувчига узатилганлигини тасдиқловчи «яшил энергия» сертификатларини бериш учун эмитентга генерация объектини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза;
генерация объекти — қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқарувчи қурилма»;
ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«қайта тикланувчи энергия манбалари — қуёш, шамол, гидроэлектр, геотермал ва биогаз электр станциялари»;
ўн тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«яшил энергия» сертификати (кейинги ўринларда — сертификат) — платформа реестрига киритилган генерация объекти томонидан тегишли ҳажмда ишлаб чиқарилган ҳамда ягона электр энергетика тармоғига ёки тўғридан-тўғри охирги фойдаланувчига узатилган электр энергиясини тасдиқловчи ёзув».
2. 5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Муайян давр давомида қайта тикланувчи энергия манбаларида ишлаб чиқарилган ҳамда ягона электр тармоғига ёки тўғридан-тўғри охирги фойдаланувчига узатилган тегишли миқдордаги МВт/соат электр энергияси учун сертификатлар фақат бир марта берилади».
3. 7-банддаги «битта генерация объекти» сўзлари «бир регистрант» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. 8-банддаги «электр тармоғига узатилмаган» сўзлари «фойдаланилган» сўзи билан алмаштирилсин.
5. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«15. Генерация объектини рўйхатга олиш учун регистрант томонидан эмитентга қуйидаги миқдордаги бир марталик йиғим амалга оширилаётган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий валюта курси бўйича миллий валютада ундирилади:
умумий қуввати 1 МВтгача бўлган генерация объектлари учун — 100 евро миқдорида;
умумий қуввати 1 МВтдан 5 МВтгача бўлган генерация объектлари учун — 500 евро миқдорида;
умумий қуввати 5 МВтдан 10 МВтгача бўлган генерация объектлари учун — 1 000 евро миқдорида;
умумий қуввати 10 МВтдан 50 МВтгача бўлган генерация объектлари учун — 1 500 евро миқдорида;
умумий қуввати 50 МВтдан катта бўлган генерация объектлари учун — 2 000 евро миқдорида».
6. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«20. Сертификатларни чиқариш учун регистрант томонидан платформа орқали эмитентга ариза берилади ва қуйидаги маълумотлар киритилади:
а) ягона электр энергетикаси тармоғига узатилган электр учун:
CCD04 шаклдаги тўлдирилган ва имзоланган сўровнома (генерация объекти ёки объектлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори, иштирокчи номи);
корхонанинг умумий фаолияти тўғрисида маълумотлар;
электр энергияси ишлаб чиқариш давомийлиги ва унинг ҳажми (кВт.с);
генерация объектларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳолати «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ («Ўзэнергосотиш» АЖ ёки «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ) томонидан тасдиқланган ҳужжат;
сертификат чиқариш учун мўлжалланган регистрантнинг иштирокчи аккаунти маълумотлари;
б) тўғридан-тўғри сўнгги фойдаланувчига узатилган электр учун:
CCD04 шаклдаги тўлдирилган ва имзоланган сўровнома (генерация объекти ёки объектлари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори, иштирокчи номи);
корхонанинг умумий фаолияти тўғрисида маълумотлар;
электр энергияси ишлаб чиқариш давомийлиги ва унинг ҳажми (кВт.с);
электр энергиясини тўғридан-тўғри қабул қилган сўнгги фойдаланувчи ва генерация объекти эгаси томонидан тузилган муайян даврда узатилган электр ҳажмини тасдиқловчи далолатнома;
сертификат чиқариш учун мўлжалланган регистрантнинг иштирокчи аккаунти маълумотлари;
генерация объектларида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳолати бўйича электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимидан (ЭҲНАТ) олинган ва электр энергиясини сотиб олувчи томонидан тасдиқланган ҳужжат».
7. 23 ва 24-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«23. Ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳисоблаш нуқтаси:
ягона электр энергетика тармоғига узатилганида — электр тармоғига узатиш жойида;
тўғридан-тўғри охирги фойдаланувчига узатилганида — электр тармоқларининг баланс бўйича мансублик чегараси бўлади.
24. Текшириш натижаларига кўра ишлаб чиқарилгани ва ягона электр энергетика тармоғига ёки тўғридан-тўғри сўнгги фойдаланувчига узатилгани тасдиқланган «яшил электр» энергияси ҳажмига мос равишда эмитент томонидан платформа орқали ҳар 1 МВт/соат электр энергияси учун 1 та ноёб идентификация рақамли сертификат чиқарилади».
8. 31-банддан «электр тармоғига» сўзлари чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2025 й., 09/25/225/0339-сон)