Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг
буйруғи
Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 9 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3097-9]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги ПФ-184-сон «Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 октябрдаги 272-сон «Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2018 йил 28 октябрдаги 228-сон буйруғи (рўйхат рақами 3097, 2018 йил 11 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.12.2018 й.,10/18/3097/2314-сон) билан тасдиқланган Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. КУДРАТХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 март,
1/4/27-393-сон
Келишилди:
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 6 март
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2025 йил 27 февраль
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М. ОЛЛОЁРОВ
2025 йил 21 февраль
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А. ЖУМАНАЗАРОВ
2025 йил 19 февраль
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 15 февраль
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг 2025 йил 11 мартдаги 1/4/27-393-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Давлат ёнғин назорати органлари фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 1-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«чеклист — профилактика тадбири доирасида тадбиркорлик субъекти томонидан тўлдириладиган намунавий шаклдаги саволнома;
«Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими — ДЁН органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги соҳаси бўйича аниқ мезонларга асосланиб, тадбиркорлик субъекти фаолиятида қонунчилик бузилиш хавфи даражасини аниқлаш электрон тизими.».
2. 24-банднинг еттинчи хатбошисидан «текширув ўтказиш келишилганлиги ёки ваколатли орган текширув ҳақида хабардор этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси,» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
3. 271-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«271. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказиш «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими натижалари асосида (бундан аниқ факт ва ҳоллар бўйича фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги, атроф-муҳитга, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда давлат манфаатларига зарар етказиш хавфининг олдини олиш ёки бартараф этишга қаратилган ҳолатлар мустасно) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этган ҳолда «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олиш орқали амалга оширилади.».
4. 273-бандда:
қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган тартибда тасдиқланган чеклист тақдим этиш, чеклист тўлдирилиши натижалари бўйича улар фаолиятида қонунбузилишларга олиб келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этишга кўмаклашиш.»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
5. 34-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Уй-жой секторининг ҳудудида ҳамда кўп квартирали уйларга туташ бўлган ер участкаларида, шунингдек, кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкда (яшаш учун мўлжалланмаган жойларда жойлашган савдо, маиший ва носаноат йўналишидаги ўзга эҳтиёжларга мўлжалланган жойлар бундан мустасно) ва давлат уй-жой фондига қарашли кўп квартирали уйларнинг квартираларида мавжуд бўлган ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишини бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатмалар тегишли равишда кўп квартирали уйларни бошқариш органларига (кўп квартирали уйни бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчиси, кўп квартирали уй кенгаши, уй-жой мулкдорлари ширкати), давлат муассасалари ва ташкилотларига ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари топширилади.
Хусусий уй-жой фондига қарашли якка тартибда қурилган уйлар ва кўп квартирали уйларнинг квартираларида ёнғин хавфсизлиги талабларининг бузилишини бартараф этиш бўйича ёзма кўрсатмалар хусусий мулк эгаларига (ижарачиларга) берилади.».
6. 108-бандда:
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«далилларни олиш далолатномаси (текширув ўтказаётган шахс томонидан эркин равишда тузилиб, холислар томонидан имзоланади. Барча далиллар ва уларни олиш жойлари воқеа (ёнғин) жойини кўздан кечириш баённомаси ёки далилларни олиш махсус баённомасида батафсил тавсифланади. Намуналар олинган барча нуқталар ёнғин жойининг чизмасида белгиланади ва зарур ҳолларда қисқа шарҳланади);»;
саккизинчи хатбошидаги «ашёвий далиллар ва бошқаларга» деган сўзлар «далиллар ва бошқаларга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
7. 21-иловада:
1) 3-бандда:
ўн бешинчи хатбошидаги «саховат уйлари, мурувват уйлари» деган сўзлар «ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, мурувват интернат уйлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
йигирма иккинчи хатбоши «масканлари» деган сўздан кейин «(бундан тез овқатланиш шохобчалари мустасно)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
йигирма еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«янги қурилаётган, реконструкция қилинаётган, кенгайтирилаётган, техник жиҳатдан қайта жиҳозланаётган ва капитал таъмирланаётган объектлар (қурилиш ҳажми 300 куб м гача бўлган объектлар бундан мустасно);»;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«божхона омборлари;
йўловчи ва юк ташувчи автотранспорт корхоналари;
сиғимидан қатъи назар товар-юк сақлаш омборлари.»;
2) 4-бандда:
учинчи хатбошидан «мингдан кўп ўринга мўлжалланган» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
еттинчи хатбоши «супермаркетлар» деган сўздан кейин «ва майдони ҳамда ҳажмидан қатъи назар бошқа савдо корхона (шохобча)лари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
тўққизинчи хатбошидан «15,5 м (беш қават)дан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«тез овқатланиш шохобчалари;
мобиль алоқа ва интернет компанияларининг офислари;
алоқа ва бошқа муҳандислик-коммуникация тизимлари (иншоотлари);
аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари;
бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари;
интернет дўконлари ва уларнинг объектлари;
почта ва касса шохобчалари;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат органлари ва ташкилотлари, давлат муассасалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маъмурий бинолари;
истироҳат боғлари;
очиқ турдаги автотураргоҳлар.
Ушбу гуруҳга муомаласида ёнувчи модда ва материаллар бўлган (шу жумладан, ёнувчи упаковкадаги ёнмайдиган ва (ёки) қийин ёнадиган модда ва материаллар ҳам) барча объектлар ҳам киради.».
3) 5-бандда:
иккинчи хатбоши «объектлар» деган сўздан кейин «(қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ўта муҳим ва тоифаланган объектлар бундан мустасно)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
тўртинчи — тўққизинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«ёнмайдиган қурилиш материаллари савдоси шохобчалари.».
8. 20-илованинг матнидаги «излар ва ашёвий далиллар» ва «олинган ашёвий далилларнинг ҳаммаси» деган сўзлар тегишли равишда «излар ва далиллар» ва «олинган далилларнинг ҳаммаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.04.2025 й., 10/25/3097-9/0333-сон)