Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 2025 йил 27 январь — 1 февраль кунлари сайлов округларида ўтказган учрашувлари якунлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ жорий йилнинг 27 январь — 1 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказдилар.
Депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари мамлакатимиз Президентининг янги сайланган Олий Мажлис палаталаридаги дастурий нутқларидан келиб чиқиб, янгича ёндашувлар асосида ташкил этилди.
Пропорционал сайлов тизими бўйича сайланган депутатларнинг жойлардаги ишлари Ягона сайлов округи бўйича сиёсий партиялар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг ҳудудлардаги фаолиятини ташкил этиш Концепциясидан келиб чиқиб, йўлга қўйилди.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз сиёсий партияларининг сиёсий мафкураси ва электорати манфаатидан келиб чиқиб сайлов округларида қатор масалаларни ўрганишга устувор аҳамият қаратдилар. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси томонидан — тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолияти, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси томонидан — туризм, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш, «Адолат» СДП фракцияси томонидан — аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш., дорилар устидан назоратни кучайтириш, ХДП фракцияси томонидан — ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасидаги ҳамда Экопартия фракцияси томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Депутатлар сайлов округларидаги фаолияти давомида аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектларида бўлдилар ва «маҳалла еттилиги», фуқаролар, тадбиркорлар ва ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилдилар. Ушбу жараёнга маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам жалб этилди. Депутатлар томонидан жами 2 393 та хонадонга ташриф буюрилиб, 823 та учрашув ўтказилди. Уларда 25,4 минг нафардан зиёд фуқаро қамраб олинди.
Депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда фуқароларнинг қабуллари ҳам ташкил этилиб, уларда 3 963 нафар фуқаро иштирок этди.
Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қатор долзарб қонун лойиҳалари бўйича аҳолининг фикрлари ва таклифлари олинди.
Хусусан, «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги (ЎзЛиДеП), «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги («Миллий тикланиш» ДП), «Аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги («Адолат» СДП), «Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги (ХДП) ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги (Экологик партия) каби қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Депутатлар томонидан халқ депутатлари Кенгашлари ва уларнинг доимий комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашилди. Маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан қатор учрашувлар ўтказилиб, келгусида ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Сайлов округларидаги учрашувларда аҳоли мамлакатимиз Президенти томонидан «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлади ва улар халқ фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилишини эътироф этди.
Фуқаролар «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» давлат дастури лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилганини ва аҳоли таклифлари асосида такомилига етказилганини ижобий баҳолади.
Шу билан бирга, депутатлар сайлов округларидаги ҳар бир муаммонинг юзага келиши сабабларини синчиклаб ўрганиш мобайнида жойларда ҳали эътибор қаратилиши ва ечилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигини аниқладилар.
Хусусан, бугунги кунда хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган фуқароларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, шу жумладан уларга чет тилларини ўргатиш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳам баъзи муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, айрим ҳудудларда чиқинди полигонлари ўрганилинганида уларда тарозилар ўрнатилмагани, кириш-чиқиш қисмига дезинфекцияловчи тўсиқ (дизбарьер) қўйилмагани, рекультивация ишлари амалга оширилмагани, чиқиндиларни ёқиб юбориш ҳолатлари натижасида атроф-муҳитга зарар етказилаётгани аниқланди.
Учрашувларда аҳоли бандлигини таъминлаш, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, фуқароларни арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш депутатлар эътиборида бўлди.
Депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида сиёсий партиялар фракциялари ўз мажлисларида сайлов округларида ўтказилган учрашувлар якунларини муҳокама қилиб, аниқланган муаммо ва камчиликларни ўзларининг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бартараф этиш чораларини кўришмоқда.
Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фрацияларининг фикрлари ва таклифларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. ЎзЛиДеП фракциясининг «ҳукумат соати» доирасида «Ҳудудларда мактабгача таълим қамровини ошириш, нодавлат, оилавий ва давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабагча таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги депутатлар саволларига Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг жавобини эшитиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон «Адолат» СДП фракциясининг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига «Аҳоли ва тиббиёт ташкилотларининг арзон ҳамда сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминланганлик даражасини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида» парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон ХДП фракциясининг «Норасмий бандлик улушини қисқартириш ва меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ахборотини Қонунчилик палатасида эшитиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
4. Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирига «Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш ҳамда чиқинди полигонларини ёпиш ва рекультивация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» парламент сўровини юбориш бўйича таклифи маъқуллансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари сайлов округларида аҳоли томонидан кўтарилган масалаларни атрофлича ўргансин ҳамда тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ўз мажлисида хорижий давлатларда ишлаш истагида бўлган фуқароларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хусусан, уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директорининг ахборотини эшитиш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ўз мажлисида Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси давлат муассасаси директорининг «Қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мувофиқлигини таъминлаш ҳамда рекультивация қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 6 февраль,
436-V-сон