Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашевнинг «Қишлоқ хўжалиги уруғлик материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини карантин назоратидан ўтказиш, кимёвий воситаларни (пестицидларни) рўйхатга олиш ва савдосини тартибга солиш ҳамда зарарли ҳашаротларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашевнинг «Қишлоқ хўжалиги уруғлик материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини карантин назоратидан ўтказиш, кимёвий воситаларни (пестицидларни) рўйхатга олиш ва савдосини тартибга солиш ҳамда зарарли ҳашаротларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, кейинги йилларда ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ташқи бозорда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, агрокимёвий хизматлар сифатини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида мамлакатимизда ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати шаклланди, давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди ва назорат кучайтирилди.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган.
Шунингдек, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Ўтган даврда олиб борилган карантин назорати тадбирлари давомида карантин остидаги 5,5 млн тонна маҳсулот республика ҳудудига киритилган. Шунингдек, 2024 йилда 10,6 млн метр куб, 7,2 млн метр квадрат зарарсизлантириш (фумигация) ишлари амалга оширилган.
Мамлакат бўйича 6,1 млн гектар майдонда мониторинг назорат ишлари ўтказилган. Республика агрокимёвий таҳлил маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликларининг майдонлари учун «uzagrolab.uz» электрон платформасида тупроқнинг электрон агрокимёвий хаританомалари тайёрланган.
Қишлоқ хўжалигида қўллашга рухсат берилган ўсимликларни ҳимоя қилиш ва кимёлаштириш воситалари тўғрисидаги маълумотлар «karantin.uz» веб-сайти ва «Agrokoʻmakchi» мобил иловасида жойлаштирилиб, рўйхати доимий равишда янгилаб борилган.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва кимёлаштириш воситаларини синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш учун «reg.efito.uz» электрон ахборот тизими, зарарли чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш мақсадида «Чигиртка» автоматлаштирилган ахборот тизими яратилган.
Шу билан бирга, таҳлиллар соҳада ҳали ечилиши лозим бўлган айрим масалалар ва муайян камчиликлар ҳам сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича битими талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Агрокластерлар ва фермер хўжаликларининг ер майдонларидаги тупроқнинг электрон агрокимёвий хаританомалари тўлиқ шакллантирилмаган.
Маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш соҳасининг хусусий секторга ўтказилиши жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Фермер ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, томорқа ва хусусий боғлар эгаларида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаси бўйича кўникмаларни шакллантириш, хорижий давлатларга маҳсулотлар экспорти учун фитосанитар рухсатлар олиш бўйича ишлар етарлича йўлга қўйилмаган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И. Эргашевнинг «Қишлоқ хўжалиги уруғлик материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини карантин назоратидан ўтказиш, кимёвий воситаларни (пестицидларни) рўйхатга олиш ва савдосини тартибга солиш ҳамда зарарли ҳашаротларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига:
агрокластерлар ва фермер хўжаликларининг ер майдонларидаги тупроқнинг электрон агрокимёвий хаританомаларини шакллантириш борасида бошланган ишларни якунига етказиш;
маҳсулотларни зарарсизлантириш (фумигация) бўйича хизматларни кўрсатиш соҳасини хусусий секторга ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни самарали ташкил этиш;
фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига сифатли ва тезкор хизматлар кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш;
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш учун қонунчилик ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқларни тўлдириш бўйича ишларни самарали ташкил қилиш;
«Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўсимликлар карантини ва ҳимоясининг туманлар кесимида мастер-режаларини ишлаб чиқиш;
мева-сабзавот етиштирувчилар ва экспортчи корхоналарнинг хорижий бозорларга маҳсулотлар экспорти учун фитосанитар рухсат олиш ишларини самарали йўлга қўйиш вазифалари юклатилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасини рақамлаштириш доирасида амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари М. Ходжаева зиммасига юклатилсин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 февраль,
546-V-сон