Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарори билан тасдиқланган Қўшилган қиймат солиги суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 14-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Божхона органлари томонидан реал вақт режимида электрон ахборот алмашинуви воситасида солиқ органларига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 133-моддасига мувофиқ товарлар божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисида тақдим этилган маълумотлар товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун асос бўлади. Бунда экспорт операцияларини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиш талаб этилмайди.
Экспорт операциялари бўйича солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар илова қилинади:
ушбу Низомга 6-иловага мувофиқ шаклдаги товарлар экспорт қилинганлиги ҳамда чет эл ҳамкорлари тўғрисидаги маълумотлар;
товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда, экспортни тасдиқлаш учун комитент (ишонч билдирувчи) томонидан қўшимча тарзда солиқ тўловчининг воситачи ёки ишончли вакил билан тузилган воситачилик шартномаси ёки топшириқ шартномаси (шартноманинг кўчирма нусхаси);
йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича хизматлар кўрсатилганда — ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шаклда тўлдирилган йўловчилар, багажлар, юклар ва почтани халқаро йўналишда ташиш бўйича ягона халқаро ташиш хужжатлари реестри.
Экспорт операциялари бўйича маълумотлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими ҳамда солиқ ва божхона органлари ўртасида ахборот алмашинуви тизимида мавжуд бўлмаганда аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши талаб этилади:
контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун асос бўлган божхона юк декларацияси;
Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар ортилган транспорт воситалари божхона чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган товарнинг кузатув ҳужжатлари;
валюта тушганлигини тасдиқловчи банк маълумотномаси;
товарлар экспорт қилинганлигини тасдиқлаш учун амалга оширилаётган фаолиятнинг турига қараб бошқа ҳужжатлар».
2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқ амалга киритилаётган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, ахборот тизимларига тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўрсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хузуридаги Божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 март,
160-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.03.2025 й., 09/25/160/0239-сон)