Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва уларнинг лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
1. Хотин-қизларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қуйидагилар ҳисобидан 2025 йилда қўшимча 200 миллион АҚШ доллари йўналтирилсин, бунда:
(а) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси икки ҳафта муддатда етти йил муддатга йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасида жами 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида, шундан АТ «Халқ банки»га 35 миллион АҚШ доллари, «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга 35 миллион АҚШ доллари ва «Микрокредитбанк» АТБга 30 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ресурслари ажратсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
(б) тижорат банклари «Маҳалла лойиҳаси» дастури доирасида лойиҳаларни молиялаштириш учун ташқи молия бозорларидан 100 миллион АҚШ доллари жалб қилсин.
2. Белгилансинки, хотин-қизларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга:
(а) «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга ажратилган маблағлар ҳисобидан «HAMROH» тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури доирасида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида;
Кейинги таҳрирга қаранг.
(б) АТ «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк» АТБга ажратилган маблағлар ҳисобидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида белгиланган тартиб ва механизмлар асосида кредитлар ажратилади.
3. Қарор ижросини ҳар ойда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 март,
ПҚ-96-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.03.2025 й., 07/25/96/0225-сон; 29.09.2025 й., 06/25/176/0878-сон)