Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
«Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 14 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 20 февралда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 20 февралда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланишини енгиллаштириш, банк хизматлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш, кредитлар бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга фуқароларнинг номига уларнинг хабарисиз кредитларни бериш ва тақдим этилган пул маблағларини фирибгарлик усулларини қўллаган ҳолда ўзлаштириш ҳолларининг ўсиб бориши фуқароларнинг кредитлаш соҳасидаги манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилишини талаб этмоқда.
Ушбу Қонун билан «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига жисмоний шахсларнинг улар билан кредит битимларини тузишга доир тақиқ белгилашга ва уни олиб ташлашга бўлган ҳуқуқларини, уларни Кредит битими тузиш тақиқланган шахслар реестрига киритишнинг тартиби ва шартларини, шунингдек кредит ахборотидан фойдаланувчиларнинг белгиланган тақиқни бузган ҳолда кредит битимини тузганлик учун жавобгарлиги белгиланилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари кредит бюролари ўзларининг фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан уларга нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар белгиланмоқда.
Мазкур Қонун фуқаролар номига уларнинг хабарисиз кредитларни бериш ва тақдим этилган пул маблағларини ўзлаштириш ҳолларининг олдини олишга, шунингдек кредит бюролари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 4 октябрда қабул қилинган «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги ЎРҚ-301-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 10, 271-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда; 2020 йил, № 1, 1, 3-моддалар; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 4, 340-модда; 2024 йил, № 2, 105-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 3-модда:
тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«кредит ахбороти субъекти — кредит битими бўйича тегишинча қарз олувчи (қарздор), лизинг олувчи, кафил, кафолат берувчи, гаровга қўювчи ва суғурта қилдирувчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек ўзининг кредит битими тузишини тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисида кредит бюроларига маълумотлар киритиш ҳақида ариза берган жисмоний шахс»;
олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«кредит ахборотидан фойдаланувчи — кредит битими бўйича тегишинча кредитор, лизинг берувчи, гаровга олувчи ва суғурталовчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек қонунчиликка мувофиқ кредит ахборотидан фойдаланиш ваколатига эга бўлган юридик шахс»;
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестри — кредит битими тузиши тақиқланган жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган ва кредит бюролари томонидан юритиладиган ягона маълумотлар базаси»;
2) 4-модда:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида жисмоний шахснинг кредит битими тузиши тақиқи мавжудлиги ҳақидаги ёки бундай тақиқ олиб ташланганлиги тўғрисидаги»;
бешинчи хатбошиси олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
3) 5-модданинг иккинчи қисми:
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«жисмоний шахснинг кредит битими тузишини тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза юборилган сана ва вақт, тақиқ белгиланган ёки олиб ташланган сана ва тақиқ шартлари ҳақидаги»;
бешинчи хатбошиси олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
4) 7-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кредит бюроси устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори икки миллиард сўмни ташкил этиши керак»;
иккинчи — бешинчи қисмлари тегишинча учинчи — олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
тўртинчи қисмидаги «Кичик тадбиркорлик субъекти бўлмаган» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
5) 8-модда иккинчи қисмининг:
иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«муассислар умумий йиғилишининг кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси ёки ягона муассиснинг кредит бюросини ташкил этиш ҳақидаги қарори»;
тўртинчи хатбошиси «муассислари» деган сўздан кейин «(муассиси)» деган сўз билан тўлдирилсин;
олтинчи хатбошиси «устав фонди» деган сўзлардан кейин «(устав капитали)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
6) 12-модда:
биринчи қисмининг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қонунчилик талабларини бузганлик учун кредит бюроларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллайди»;
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кредит битимини тузиши тақиқланган шахсларнинг ўзаро мувофиқлаштирилган реестрини кредит бюролари томонидан юритиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди»;
7) қуйидаги мазмундаги 121-модда билан тўлдирилсин:
«121-модда. Кредит бюроларига нисбатан қўлланиладиган чоралар ва санкциялар
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидаги қоидабузарликлар содир этилганлиги учун кредит бюроларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллайди:
кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги ва кредит бюролари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик талабларига риоя этмаганлик;
кредит бюролари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини бузганлик;
лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган қоидабузарликлар аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидаги чоралар ва санкцияларни қўллашга ҳақли:
кредит бюроларига уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида, шу жумладан кредит бюролари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи сабабларни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юбориш;
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваригача бўлган миқдорда жарима ундириш.
Чоралар ва санкцияларни қўллашда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни ҳисобга олади:
қоидабузарликларнинг хусусиятини, миқёсини ва оқибатларини;
қоидабузарликларнинг тизимлилиги ва давомийлигини;
қўлланиладиган чоралар ва (ёки) санкциялар натижасида вазиятни ўзгартириш имкониятини;
аниқланган қоидабузарликларнинг юзага келишига олиб келган сабабларни;
илгари қўлланилган чоралар ва санкцияларнинг самарадорлигини (натижадорлигини)»;
8) 14-модданинг:
биринчи қисми қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида жисмоний шахснинг мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ахборотни кредит ахбороти субъектларига ва кредит ахборотидан фойдаланувчиларга уларнинг сўровларига асосан бериши»;
тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилари тегишинча ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
9) 16-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонунчиликка мувофиқ тақдим этилишига рухсат берилган ахборотни:
банклар ва нобанк кредит ташкилотлари, шунингдек микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари — Кредит ахборотининг давлат реестрига ва кредит бюроларига;
лизинг, суғурта ташкилотлари, товар истеъмол кредитларини берувчи ташкилотлар — кредит бюроларига тақдим этиши шарт»;
10) қуйидаги мазмундаги 161-модда билан тўлдирилсин:
«161-модда. Жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш
Жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш асосида берилади.
Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза олинган пайтдан эътиборан кредит бюроси томонидан дарҳол кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритилади.
Кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда мазкур хизматлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бепул асосда кўрсатилади.
Жисмоний шахсларнинг кредит битимини тузишини тақиқлаш тўғрисидаги аризалари рўйхати кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрида кредит бюролари томонидан юритилади.
Кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестридан кредит битимини тузиш тақиқи мавжудлиги ёки бундай тақиқ олиб ташланганлиги тўғрисидаги ахборотни олмасдан туриб кредит битимини тузиш тақиқланади. Бунда банклар ёки нобанк кредит ташкилотлари ёхуд микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари жисмоний шахснинг иштирокисиз ёки хабарисиз амалга оширилган кредит битимидан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар учун жавобгар бўлади.
Кредит ахборотидан фойдаланувчилар жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотни кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестридан бепул асосда олади»;
11) 17-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисидаги «Юридик шахсларнинг давлат реестрига ва Якка тартибдаги тадбиркорларнинг давлат реестрига» деган сўзлар «Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
12) 22-модданинг биринчи қисми:
саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботининг тақдим этилишига розилик беришни рад этиш ёки унинг кредит бюролари томонидан тақдим этилишини тақиқлаш (тақиқни олиб ташлаш)»;
қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки бундай тақиқни олиб ташлаш тўғрисидаги ариза билан белгиланган тартибда мурожаат этиш»;
ўнинчи хатбошиси ўн биринчи хатбоши деб ҳисоблансин;
13) 24-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кредит ахборотини тақдим этиш ва унинг алмашинуви фақат кредит битимини тузиш, ўзгартириш ҳамда кредит битимининг ижросини мониторинг қилишдаги таваккалчиликни баҳолаш мақсадида, шу жумладан кредит ахбороти субъектларини рейтинг асосида баҳолаш орқали, шунингдек қонунчиликда белгиланган бошқа мақсадларда амалга оширилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддаси 7-бандининг тўққизинчи хатбошиси 2026 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 4 март,
ЎРҚ-1043-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.03.2025 й., 03/25/1043/0217-сон)