Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Донорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 21 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга, шунингдек республика аҳолиси орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда беғараз топширувчи донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг, шунингдек донорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини қонун даражасида мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги ҳамда «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига тегишинча «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар учун бир йўла бериладиган пул мукофоти миқдори оширилишини, шунингдек уларга шаҳар йўловчилар транспортидан (бундан йўналишли ва йўналишсиз таксилар мустасно) бепул фойдаланиш, ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳамда санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг қўшимча ҳуқуқий асосларини яратиш орқали қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга, шунингдек аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги 278-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 9, 141-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 12, 470-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда; 2024 йил, № 10, 1076-модда) 1-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар»;
еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар тегишинча саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августда қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги 402-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 9, 162-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 4, 125-модда; 2019 йил, № 12, 880-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2023 йил, № 11, 922-модда; 2024 йил, № 9, 958-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 14-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, донорларга сифатли хизматлар кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрадилар»;
иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошилари тегишинча учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) 21-модда:
биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида бир йўла бериладиган пул мукофоти олади»;
иккинчи қисмидаги «(«Почетный донор Республики Узбекистан»)» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган донорларга:
ўзлари учун қулай бўлган вақтда ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш;
шаҳар йўловчилар транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
санаторий-курортларда даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади»;
учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 февраль,
ЎРҚ-1041-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 03/25/1041/0209-сон)