Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2024 йил 18 июль куни Тошкент шаҳрида имзоланган 2006 йил 3 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғиз Республикаси Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённома тасдиқлансин.
2. Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгилансин.
3. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга оширишга масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Қирғиз томонига тегишли билдиришнома юборсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари мазкур халқаро шартнома кучга киргандан кейин белгиланган тартибда унинг қоидалари амалга оширилиши устидан назоратни таъминласин.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 февраль,
ПҚ-74-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.02.2025 й., 07/25/74/0181-сон)