Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ўзбекистон Республикасида метрология соҳасида техник кўмак кўрсатиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларга таянган ҳолда,
Евроосиё иқтисодий интеграцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги метрология соҳасида ҳамкорликнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўзаро манфаатли имкониятлардан самарали фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида метрология соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантирадилар.
2-модда
Битимни амалга ошириш доирасида Россия Томони Ўзбек Томонига беғараз асосда қуйидагиларга кўмак кўрсатади:
Мазкур Битим имзоланган кундан кейин уч ой ичида Томонлар тарафидан келишиладиган ва унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган Ускуналар рўйхатига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг метрология лабораторияларини Россияда ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозлашга;
Инновацион метрология комплексини яратиш доирасида ускуна ва ўлчаш воситаларини ишга тушириш вақтида Ўзбек Томони вакилларини ўқитиш ва малака оширишларни амалга оширишга;
Россия Томони давлат илмий метрологик институтларининг калибрлаш ва ўлчаш имкониятлари тўғрисидаги ёзувларни Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси базасида рўйхатга олинганлигини инобатга олган ҳолда миллий эталонларни қўшимча солиштиришларни амалга ошириш ва ташкиллаштиришга.
Томонлар метрология соҳасида Ўзбек томони вакилларини ўқитиш ва малака оширишларни ўтказилиш муддати ва жойини олдиндан келишишади.
Россия Томони ушбу Битимни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи делегация таркиби тўғрисидаги маълумотни Ўзбек Томонига олдиндан юборади.
3-модда
Ўзбек Томони ушбу Битимни самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйидагиларни амалга оширади:
Россия Томонининг ваколатли орган вакиллари томонидан ўрганишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасида жойлашган керак бўлган инфратузилмани, бино, иншоот, автомобил йўллари, коммуникациялар ва бошқалар билан бирга, тайёрлик ҳолатида бўлишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган объектлар (бино, иншоот, коммуникациялар ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотларни ва киришга рухсатномаларни ўз вақтида Россия Томонига тақдим этилишини таъминлайди;
Битим доирасида Ўзбек Томонидан ўқитиш ва малака оширишларга йўлланган вакиллар рўйхатини Россия Томонига тақдим этади;
Битим доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкиллаштириладиган ўқув дастурлари ўтказилишини таъминлайди;
Россия Томони давлат илмий метрологик институтлари билан ҳамкорликдаги миллий эталонларни қўшимча солиштириш ишларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди.
Битим доирасида Томонларнинг ҳудудида жойлашган объектларга ташриф буюриш масалалари Томонларнинг давлатлари қонунчилиги билан белгиланган тартибда олдиндан келишилади.
4-модда
Қуйидагилар Томонларнинг Битимни амалга оширишга масъул ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Россия Томонидан — Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология Федерал агентлиги;
Ўзбек Томонидан — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги.
5-модда
Ушбу Битимга Томонларнинг ўзаро розилиги билан, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгаришлар киритилиши мумкин.
6-модда
Ушбу Битим доирасида маълумот қабул қилган Томон, маълумотни тақдим этган бошқа Томоннинг ёзма рухсатисиз олинган маълумотни учинчи томонга эълон қилмайди ва тақдим этмайди.
7-модда
Томонлардан бири тарафидан ушбу Битим бўйича уз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қиладиган холатлар ва (ёки) ушбу Битим қоидаларини қўллашда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонларнинг ваколатли органлари юзага келган вазиятларни ёки келишмовчиликларни бартараф этиш ва ушбу Битимнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро мақбул қарорлар қабул қилиш учун маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
Томонларнинг ваколатли органлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилмайдиган ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва (ёки) қўллаш бўйича Томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар тегишли баённомалар орқали расмийлаштириладиган Томонлар ўртасидаги музокаралар орқали ҳал қилинади.
8-модда
Битим дипломатик каналлар орқали Томонлар тарафидан унинг кучга кириши учун зарур бўлган ички тартиб-қоидалар бажарилганлиги тўғрисида охири ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб кучга киради.
Битим номаълум муддатга тузилади ва Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали ушбу Битимни бекор қилиш истаги тўғрисида бошқа Томоннинг тегишли ёзма хабарномасини олган кундан бошлаб (60) кун ўтгандан сўнг бекор қилинади.
Битимнинг бекор қилиниши Томонлар бошқача келишмаган бўлса, ушбу Битим бўйича амалга ошириладиган мавжуд дастурлар, режалар, тадбирлар ва келишувларнинг бажарилишига таъсир қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2024 йил 27 майда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида расмийлаштирилди, бунда иккала матн бир хил кучга эга.
(имзолар)