Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича дастурларнинг ижроси тўғрисида
2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича тасдиқланган дастурлар ижроси ҳолати ўрганилиб, бу борада қатор ишлар бажарилганлиги аниқланди.
Хусусан, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ортиғи билан бажарилган бўлиб, 2024 йил якуни бўйича хизматлар ҳажми 23,4 трлн сўмни (118 фоизни), саноат ҳажмлари 7,8 трлн сўмни (109 фоизни), чакана савдо айланмаси 8,4 трлн сўмни (117 фоизни), қурилиш ишлари 5,1 трлн сўмни (128 фоизни) ташкил этган.
2024 йилнинг маҳаллий бюджети тушуми 151,6 млрд сўмни ташкил этиб, режа 51 млрд сўмга ёки 151 фоизга бажарилди.
Туманда ўтган йилда 332,5 млн АҚШ долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва хизматлар экспорти амалга оширилган.
2024 йил давомида туманда 2 206 та янги тадбиркорлик субъекти (1 585 та кичик бизнес ва 621 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари) ташкил этилган.
Шунингдек, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича умумий қиймати қарийб 764,8 млрд сўмлик 13 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 500 дан зиёд янги иш ўринлари яратилган.
Маҳаллаларда 127,8 млрд сўмлик 1 056 та микролойиҳа тўлиқ ишга туширилиб, уларда 2 938 та янги иш ўрни ташкил этилган.
Яккасарой тумани бўйича 203 нафар ёшларнинг ишсизлиги аниқланиб, уларнинг 116 нафари расмий иш ўринларига жойлаштирилган, 87 нафари ўзини-ўзи банд бўлишига кўмаклашилган.
«Аёллар дафтари»нинг модулига киритилган 1 322 нафар аёлнинг 296 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган. Туман маҳаллаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаолиятининг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замон талабларига жавоб берадиган сўнгги русумдаги 21 та компьютер харид қилиб топширилган.
Бундан ташқари, тумандан оқиб ўтувчи Бўрижар канали қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ҳудудни ободонлаштириш учун 75,0 млрд сўм бюджет маблағлари ажратилган ҳамда ҳозирги вақтда тегишли ишлар бошлаб юборилган.
Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 0,72 км узунликдаги сув қувурлари янгисига алмаштирилган. Туманнинг «Армуғон» ва «Шоҳжаҳон» маҳалларида 2 қаватдан баланд уйларнинг томи мукаммал таъмирланган.
Туман аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича 9 та трансформатор таъмирланган ва 8,9 км узунликдаги электр тармоқ янгиланган.
Шу билан бирга, дастурларда назарда тутилган тадбирлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ камчилик ва муаммолар мавжудлиги аниқланган.
Дастурларда белгиланган айрим лойиҳалар бўйича молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб қўйилганига қарамасдан, Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан 30,2 млрд сўм ажратилмаган ва бунинг оқибатида тегишли тадбирлар бажарилмаган.
Жумладан, туманнинг Шота Руставели кўчасининг 6,5 км узунликдаги автомобиль йўлини таъмирлашга 5 млрд сўм ҳамда Чўпон ота, Боғибўстон, Шоҳжаҳон, А. Қаҳҳор, Юсуф хос Ҳожиб, Ат-Термизий, Ўрикзор, Глинка, Кичик Бешёғоч кўчалари ва кичик ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб таъмирталаб ҳолатдаги пиёдалар ва велосипед йўлакларини таъмирлаш учун 6,7 млрд сўм ажратилмаган.
Тумандаги кичик саноат зонаси ҳудуди хатловдан ўтказилиб, 5,5 минг кв метр бино ва иншоотлар майдони оптималлаштирилган бўлса-да, унинг 52 фоизи (2,9 минг м2) ҳанузгача «e-auksion.uz» электрон савдосига чиқарилмаган.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган тартибда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига 2024 йилда 400 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш назарда тутилган бўлса-да, амалда фақат 171 нафар фуқаронинг (42,7 фоиз) бандлиги таъминланган.
2025 йилнинг 1 январь ҳолатига туманда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларининг сони 4 330 та ташкил этиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг бошига нисбатан 1 189 тага ошган. 2024 йил давомида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслиги сабаблари ўрганилмаган ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилмаган.
Туман ҳокимлиги масъул бўлган саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш йўналишида 405,5 млн сўмлик 8 та инвестиция лойиҳаси «истиқболсиз» сифатида баҳоланиб, бунинг оқибатида 250 та янги иш ўрни яратилмаган.
Бўрижар каналининг Яккасарой туманидан ўтувчи қисмининг қирғоғи бўйида велосипед йўлаклари ва хиёбонлар ташкил этиш учун 50 млрд сўм назарда тутилган бўлса-да, ушбу маблағ республика бюджетидан ссуда ва тадбиркорлик субъектлари маблағлари тариқасида бугунги кунга қадар ажратилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, 2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 16-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари К. Турсуновнинг 2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича дастурларнинг ижроси тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамаси:
2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича дастурларнинг ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда тумандаги 26-сонли умумтаълим мактабини жорий йилда реконструкция қилишни молиялаштириш, 2-сонли спорт мактабини мукаммал таъмирлаш ҳамда туман маданият марказини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги барпо этилаётган бинога жойлаштириш масалаларини ўрганиб чиқсин;
уч ой муддатда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни таҳлил қилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 23 февралдаги 99-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини кўриб чиқсин.
мазкур Қарорнинг ижроси юзасидан умумлаштирилган маълумотни 2025 йилнинг 15 июлига қадар Олий Мажлис Сенатига киритсин.
3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги жорий йилнинг 1-июнига қадар молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб берилган қуйидаги лойиҳаларга:
Шота Руставели кўчасининг 6,5 км узунликдаги автомобиль йўлини ҳамда Чўпон ота, Боғибўстон, Шоҳжахон, А. Қаҳҳор, Юсуф хос Ҳожиб, Ат-Термизий, Ўрикзор, Глинка, Кичик Бешёғоч кўчаси ва кичик ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб таъмирталаб ҳолатдаги пиёдалар ва велосипед йўлакларини таъмирлаш;
«Боғсарой» МФЙ Сарабўстон кўчаси, 3а-уй ва Коҳинур кўчаси 1в-уйларининг олд қисмини, Бешчинор кўчаси, Занжирбоғ тор кўчаси ва Зарбоғ кўчасининг тепа қисмини, «Конституция» МФЙ Юсуф хос Ҳожиб ва Боғидил кўчаларини асфальтлаштириш;
«Ю. Ражабий» МФЙдаги 5 та кўп квартирали уйнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш;
«Бобур» МФЙ ҳудудида суғориш тизимларини барпо этиш лойиҳаларига шаҳар маҳаллий бюджетидан маблағ ажратиш чораларини кўрсин.
4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
икки ой муддатда тумандаги кичик саноат зонасидаги оптималлаштирилган ҳудудлар ҳисобига аниқланган майдонларни сотиш учун «e-auksion.uz» савдо платформасига чиқарсин;
бир ой муддатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда «истиқболсиз» деб баҳоланган инвестиция лойиҳаларини қайта кўриб чиқиб, ўрнига ҳар томонлама ўрганилган ва молиялаштириш манбаси аниқ бўлган лойиҳалар билан алмаштириш чораларини кўрсин.
5. Савдо-саноат палатаси, Солиқ қўмитаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига тумандаги 4 330 та тадбиркорлик субъектининг фаолият кўрсатмаётганлиги сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг фаолиятини тиклаш юзасидан «йўл харитаси»ни ишлаб чиқсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда:
уч ой муддатда Бўрижар каналининг Яккасарой туманидан ўтувчи қисмидаги канал қирғоғи бўйида велосипед йўлаклари ва хиёбонлар ташкил этиш учун белгиланган манбалар ҳисобидан маблағлар ажратиш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда Маданият ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари билан биргаликда туман маданият марказини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида янги барпо этилаётган бинога жойлаштириш ҳамда «К. Зарипов» номидаги эстрада цирк коллежи биносини таъмирлаш масалаларини ўрганиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Яккасарой тумани ҳокимлиги саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг белгиланган муддатда бажарилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин ва лойиҳа ташаббускорларига кўмаклашсин.
8. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Яккасарой тумани Кенгашларига 2024 — 2026-йилларда Яккасарой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирлари бўйича дастурларнинг ижросини «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда доимий ўрганиб бориш ҳамда амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан масъул раҳбарларнинг ахборотларини эшитиш тавсия этилсин.
9. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Э. Гадоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 22 январь,
КҚ-41-V-сон