Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ, ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 252-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 1 февралдаги ПҚ-2750-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантиришлар ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишни ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 12-сон, 83-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири зиммасига Адлия вазирлигининг ходимлари томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ва муддатларига қатъий риоя этилиши учун шахсан жавобгарлик юклансин.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 12-сон, 83-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши валюта ҳисоб рақамларини очиш ва уларнинг ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сифатида қайта рўйхатдан ўтказилмасдан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишлари учун асос ҳисобланади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 12-сон, 83-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Муассислар таъсис шартномасида белгиланган муддатда устав жамғармасини шакллантириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришган тақдирда, 1997 йил 1 январгача давлат рўйхатидан ўтган корхоналар учун, мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар мақоми ва кафолатлар сақлаб қолинсин.
Белгилаб қўйилсинки, таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни қайта рўйхатдан ўтказишни, шунингдек кўрсатиб ўтилган корхоналарни Давлат реестридан чиқаришни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга мансуб бўлмаган хорижий юридик ва жисмоний шахслар қатнашган корхоналарни рўйхатдан ўтказишни тартибга солувчи низомни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Адлия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик ва жисмоний шахслар иштирокида чет элда корхоналар, шуъба корхоналар, филиаллар ҳамда ваколатхоналар ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 февралдаги 55-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисида Низом»нинг 3-банди иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ушбу Низом хорижий фуқаролар иштирокидаги хусусий корхоналарни ташкил қилиш, уларнинг фаолияти ҳамда уларни тугатишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларига татбиқ этилади.».
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг фаолияти тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1996 йил 12 февралдаги 55-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 2 июль,
336-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июлдаги 336-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши жорий этиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (бундан кейин Корхона деб аталади) жумласига қуйидагилар киради:
қўшма корхоналар, шунингдек акциялари улуши (пайи) хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлар;
хорижий инвестициялар устав жамғармасининг 100 фоизини ташкил қиладиган хорижий корхоналар;
бош корхонаси республика ташқарисида жойлашган ва хўжалик фаолиятини амалга оширадиган шуъба корхоналар ва филиаллар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг шуъба корхоналари ва филиаллари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Давлат рўйхатидан ўтказиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар жумласига қуйидаги шартларга жавоб берувчи корхоналар киради:
корхона устав жамғармаси миқдори 150 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлмаслиги керак;
корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши керак;
хорижий инвестициялар улуши корхона устав жамғармасининг камида 30 фоизини ташкил этиши керак.
Кўрсатиб ўтилган шартларга мувофиқ бўлмаган корхоналар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар жумласига кирмайди ва корхона жойлашган жойдаги шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 мартдаги 134-сонли қарори таҳририда)
4. Хорижий корхоналарнинг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Ташкил этиш тартиби
5. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва ўз фаолиятини амалга оширади.
6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Корхона ташкил этиш ёки мавжуд Ўзбекистон корхонасини 20 млн. ва ундан кўпроқ АҚШ долларига тенг сумма билан баҳоланадиган инвестициялаш дастурига эга бўлган қўшма корхонага айлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзбекистонлик қатнашчи томонидан амалга оширилади.
7. Давлат рўйхатидан ўтказиш вақтигача Корхона устав жамғармасига таъсис ҳужжатларида кўрсатилган устав жамғармаси миқдорининг камида 30 фоизини қўйиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агар кўрсатиб ўтилган 30 фоиз 50 минг АҚШ долларига тенг суммадан ошса, у ҳолда Корхона давлат рўйхатидан ўтказиш вақтигача устав жамғармасига 50 минг АҚШ долларига тенг суммани қўяди. Вақтинчалик жамғариш счётларига қўйилмалар суммаси банк муассасаларининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланади.
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 мартдаги 134-сонли қарори таҳририда)
Ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби
8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган Корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида (бундан кейин рўйхатдан ўтказувчи орган деб аталади) давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин юридик шахс ҳуқуқига эга бўлишади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларида жойлашган, 500 минг АҚШ долларигача миқдорда устав жамғармасига эга бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги Корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар ҳокимликларининг адлия бошқармаларида ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизасидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтадилар.
Устав жамғармаси 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлган, шунингдек Тошкент шаҳрида жойлашган Корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтадилар.
10. Корхоналар ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
а) давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза;
б) таъсис ҳужжатлари (таъсис йиғилиши протоколи, таъсис шартномаси ва устав)нинг асл нусхалари ва биттадан нотариал тасдиқланган нусхаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) таъсис ҳужжатларида белгиланган устав жамғармаси миқдоридан 30 фоизи сўм ва валютадаги вақтинчалик жамғариш счётларига ўтказилганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати ёки дастлабки бадал ҳисобига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мол-мулк ёки асбоб-ускуналар келтирилганлигини тасдиқловчи божхона ҳужжати. Кўрсатилган 30 фоиз 50 минг АҚШ долларига тенг бўлган суммадан кўп бўлган тақдирда 50 минг АҚШ долларига тенг суммага банк тўлов ҳужжати;
(10-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 мартдаги 134-сонли қарори таҳририда)
г) корхонани рўйхатдан ўтказганлик учун белгиланган миқдорда давлат пошлинаси тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати;
д) Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси ёки мазкур мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда Россия Федерациясининг консуллик муассасаси томонидан тегишли таржимаси билан белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий муассис тўғрисида у рўйхатдан ўтган жойдаги савдо реестридан кўчирма ва банк тавсияномаси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг «е» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 12-сон, 83-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ж) корхонанинг почта манзилини тасдиқловчи ҳужжат;
з) савдо ва савдо-воситачилик корхоналари юқорида санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари, ўзларида ўз устав фаолиятига мувофиқ савдо, омборхона майдонлари ва асбоб-ускуналар, шу жумладан, чакана савдо корхоналари — назорат-касса аппаратлари ёки уларни харид қилиш ёхуд ижарага олиш учун маблағлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим этадилар.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарорига асосан «ж» ва «з» кичик бандлар билан тўлдирилган)
11. Агар устав жамғармасига дастлабки бадал сифатида интеллектуал мулк қўйилса, у ҳолда Корхона рўйхатдан ўтказувчи органга Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасининг мазкур мулк баҳоси тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак.
12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Корхона ташкил этишда ёки мавжуд Ўзбекистон корхонасини 20 млн. ва ундан кўп АҚШ долларига тенг бўлган суммада баҳоланадиган инвестициялаш дастури билан қўшма корхонага айлантиришда рўйхатдан ўтказувчи органга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилиги тақдим этилади.
13. Агар Корхонанинг Ўзбекистон томонидан муассиси давлат мулки шаклидаги ёки давлат мулки улуши иштирокидаги корхона бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий органларининг корхонага бериладиган мол-мулкни баҳолаш ва бериш тўғрисидаги қарори тақдим этилади.
14. Шуъба корхоналар ва филиалларни рўйхатдан ўтказишда қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси, мазкур мамлакатда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда эса Россия Федерацияси консуллик муассасаси томонидан таржимаси билан белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий фирманинг нотариал тасдиқланган уставининг нусхаси тақдим этилади.
15. Ўзбекистон Республикасида ишлаб турган корхонани хорижий инвестор томонидан тўлиқ ўз мулки қилиб сотиб олишда хорижий инвестор рўйхатдан ўтказувчи органга корхона эгаси билан келишилган тегишли шартнома матнини, мулкни ва фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишда эса — мулк эгаси билан келишилган олди-сотди ёки ижара шартномасининг матнини тақдим этади.
16. Кўрсатиб ўтилган рўйхатдан ортиқча қўшимча материаллар сўраб олиш қатъиян тақиқланади.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини бузишда айбдор бўлган ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилиши керак.
17. Қўшма корхоналар, уларнинг шуъба корхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун миллий валютада энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги пошлина, шунингдек 500 АҚШ доллари ундирилади. Пошлинанинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган қисми республика бюджетига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганда) ёки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
Хорижий корхоналарни, уларнинг шуъба корхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун 2000 АҚШ доллари миқдорида бож ундирилади. Бу маблағларнинг 15 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган қисми республика бюджетига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганда) ёки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
Давлат божининг чет эл валютасидаги кўрсатиб ўтилган суммаси Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланади, бунда рўйхатдан ўтказувчи органга тўланган маблағларнинг қонунийлиги ҳақида ҳужжат тақдим этилади.
18. Таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ёки Корхонани юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан зарур ҳужжатлар илова қилинган ариза олинган вақтдан бошлаб 5 иш кунигача бўлган муддатда амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтказиш учун киритилган ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келмаган тақдирда ҳужжатларни қайтадан киритиш учун пухта ишлашга қайтариш ҳуқуқига эгадир. Бундай ҳолларда у қайтариб юборишнинг аниқ мулоҳазалари рўйхатини ёзма ҳолда баён қилиши зарур.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан илгари аризачига ёзма равишда баён қилинмаган янги мулоҳазалар билдирилишига йўл қўйилмайди.
Агар ариза берувчи кўрсатиб ўтилган мулоҳазаларни бартараф этмаса, ҳужжатлар пухта ишлаш учун қайтарилиши мумкин.
Корхонанинг Уставда кўрсатилган фаолиятида фаолиятнинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланган турларини амалга ошириш назарда тутилган ёки атайлаб қалбаки ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин.
Ариза берувчи рўйхатдан ўтказиш рад этилганлигидан норози бўлган тақдирда суд органларига мурожаат қилишга ҳақлидир.
19. Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг Давлат реестрини юритади.
20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ҳокимликларининг адлия бошқармалари Корхона уставини рўйхатдан ўтказадилар. Рўйхатдан ўтказиш органларида Корхонанинг рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари нусхалари сақлаш учун қолдирилади.
21. Давлат рўйхатидан ўтган Корхонага Корхона уставининг рўйхатдан ўтказилган асл нусхаси, таъсис шартномаси ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида тегишли намунадаги гувоҳнома берилади. Ушбу ҳужжат рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарияти томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.
22. Рўйхатдан ўтказилган Корхона бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг Давлат статистика департаменти ёки тегишли ҳудудий органида унинг Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига киритилганлиги ва унга Корхоналар ва ташкилотлар умумреспублика классификаторининг идентификация кодлари берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олишга мажбурдир.
23. Корхона рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда ўзи жойлашган жойдаги солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтишга мажбурдир.
24. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб турган Корхоналар таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда бир ҳафта муддатда уларни рўйхатга олган органга қайта рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза;
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона юқори органининг ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги протоколи;
ўзгартириш ва қўшимчалар матни;
корхонанинг номи ёки ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;
устав жамғармаси ўзгарган тақдирда устав жамғармасининг шаклланиши тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
корхонанинг почта манзилини тасдиқловчи ҳужжат;
(24-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарори таҳририда)
корхона қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги ҳақида банк томонидан берилган тўлов ҳужжати.
Муассислар таркиби ўзгарган тақдирда рўйхатдан ўтказишда муассислардан талаб қилинган ҳужжатлар ва чиқиб кетган муассиснинг розилиги ҳақидаги ҳужжат қўшимча равишда тақдим этилади.
Таъсис ҳужжатлари ўзгартирилганда ва унга қўшимчалар киритилганда, шунингдек корхонани қайта ташкил этишда корхона қайта рўйхатдан ўтказилади, бунинг учун рўйхатдан ўтказилганлик учун миллий валютада тўланадиган сумманинг 20 фоизи миқдорида бож ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Корхона ўзининг почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида ваколатли давлат органларини ўн кун муддатда хабардор қилишга мажбурдир. Ваколатли давлат органларини почта манзили ўзгарганлиги ҳақида хабардор қилмаганлик учун корхонанинг мансабдор шахслари қонунчиликда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган)
Қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби
25. Корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва Корхонанинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Корхона томонидан қонунчилик ва уставда белгиланган фаолият бузилган, атайлаб қалбаки ҳужжатлар тақдим этилган ҳолларда рўйхатдан ўтказувчи орган корхонага уларни бартараф қилиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборади. Агар огоҳлантириш хатида кўрсатилган тартибни бузишлар бир ой муддатда бартараф этилмаса, адлия органлари корхонани тугатиш тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ўтгач корхона рўйхатдан ўтказувчи органга таъсис ҳужжатларида маълум қилинган устав жамғармасини шакллантириш тугалланганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этишга мажбурдир. Устав жамғармаси шакллантирилмаган, бироқ белгиланган энг кам миқдордан кам бўлмаган, амалда шакллантирилган миқдоргача камайтирилмаган ёки бошқача ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган корхоналарни тугатиш бўйича махсус комиссияга корхона бундан буён фаолият кўрсатишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тақдимнома киритади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Корхона қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тугатилади.
Мулкида давлат улуши бўлган корхоналар учун тугатиш баланси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган бўлиши керак.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 сентябрдаги 427-сонли қарори таҳририда)
28. Корхона Корхоналарнинг давлат реестридан чиқарилган вақтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади.
Тугатилган Корхонани Корхоналарнинг давлат реестридан чиқариш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Корхона муассисларининг қарори, ёҳуд хўжалик судининг қарори асосида амалга оширилади.
29. Корхона тугатилганда ва у Корхоналарнинг давлат реестридан чиқарилганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг Давлат статистика департаментига, Давлат солиқ қўмитасига ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига бу ҳақда маълум қилиши керак.
30. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари рўйхатдан ўтказувчи орган сифатида корхоналар томонидан ўз таъсис ҳужжатларига ва уставда кўрсатилган фаолиятга, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.
Таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар бузилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган корхонадан хўжалик суди орқали энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ундиришга ҳақлидир. Жариманинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган маблағлар эса — республика бюджети даромадига ўтказилади. Бундай даъволар билан хўжалик судига мурожаат қилишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг органлари давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 27 июндаги 276-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 12-сон, 83-модда)