Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ИШТИРОКИДАГИ КОРХОНАЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ, ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 майдаги 252-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 1 февралдаги ПҚ-2750-сон қарори)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантиришлар ва имтиёзлар тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишни ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг биринчи раҳбарлари зиммасига уларнинг ходимлари томонидан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва тегишли рўйхатдан ўтказишнинг тасдиқланган тартиби ва муддатларига қатъий риоя этилиши юзасидан шахсан жавобгарлик юклансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Муассислар таъсис шартномасида белгиланган муддатда устав жамғармасини шакллантириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришган тақдирда, 1997 йил 1 январгача давлат рўйхатидан ўтган корхоналар учун, мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган вақтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар мақоми ва кафолатлар сақлаб қолинсин.
Белгилаб қўйилсинки, таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчаларни қайта рўйхатдан ўтказишни, шунингдек кўрсатиб ўтилган корхоналарни Давлат реестридан чиқаришни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга мансуб бўлмаган хорижий юридик ва жисмоний шахслар қатнашган корхоналарни рўйхатдан ўтказишни тартибга солувчи низомни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги Адлия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган юридик ва жисмоний шахслар иштирокида чет элда корхоналар, шуъба корхоналар, филиаллар ҳамда ваколатхоналар ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 14 февралдаги 55-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорлик тўғрисида Низом»нинг 3-банди иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ушбу Низом хорижий фуқаролар иштирокидаги хусусий корхоналарни ташкил қилиш, уларнинг фаолияти ҳамда уларни тугатишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларига татбиқ этилади.».
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг фаолияти тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1996 йил 12 февралдаги 55-сон қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 2 июль,
336-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июлдаги 336-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий экспертизадан, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва тугатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши жорий этиладиган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар (бундан кейин Корхона деб аталади) жумласига қуйидагилар киради:
қўшма корхоналар, шунингдек акциялари улуши (пайи) хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган хўжалик жамиятлари ва ширкатлар;
хорижий инвестициялар устав жамғармасининг 100 фоизини ташкил қиладиган хорижий корхоналар;
бош корхонаси республика ташқарисида жойлашган ва хўжалик фаолиятини амалга оширадиган шуъба корхоналар ва филиаллар;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг шуъба корхоналари ва филиаллари.
3. Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар жумласига қуйидаги шартларга жавоб берадиган корхоналар киради:
корхонанинг устав жамғармаси 300 минг АҚШ долларига тенг суммадан кам бўлиши мумкин эмас;
корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шарт;
хорижий инвестициялар улуши корхона устав жамғармасининг камида 30 фоизини ташкил этиши зарур.
Кўрсатиб ўтилган шартларга мувофиқ келмайдиган корхоналар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар жумласига кирмайди ва корхона жойлашган ҳудуддаги шаҳар ва туманлар ҳокимликларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Хорижий корхоналарнинг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Ташкил этиш тартиби
5. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ташкил этилади ва ўз фаолиятини амалга оширади.
6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Корхона ташкил этиш ёки мавжуд Ўзбекистон корхонасини 20 млн. ва ундан кўпроқ АҚШ долларига тенг сумма билан баҳоланадиган инвестициялаш дастурига эга бўлган қўшма корхонага айлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзбекистонлик қатнашчи томонидан амалга оширилади.
7. Давлат рўйхатидан ўтказиш вақтигача Корхона устав жамғармасига таъсис ҳужжатларида кўрсатилган устав жамғармаси миқдорининг камида 30 фоизини қўйиши керак.
Агар кўрсатиб ўтилган 30 фоиз 100 минг АҚШ долларига тенг суммадан ошса, у ҳолда Корхона давлат рўйхатидан ўтказиш вақтигача устав жамғармасига 100 минг АҚШ долларига тенг суммами қўяди. Вақтинчалик жамғариш счётларига қўйилмалар суммаси банк муассасаларининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби
8. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этиладиган Корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида (бундан кейин рўйхатдан ўтказувчи орган деб аталади) давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин юридик шахс ҳуқуқига эга бўлишади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларида жойлашган, 500 минг АҚШ долларигача миқдорда устав жамғармасига эга бўлган хорижий инвестициялар иштирокидаги Корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида ва вилоятлар ҳокимликларининг адлия бошқармаларида ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизасидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтадилар.
Устав жамғармаси 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлган, шунингдек Тошкент шаҳрида жойлашган Корхоналар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтадилар.
10. Корхоналар ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
а) давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза;
б) таъсис ҳужжатлари (таъсис йиғилиши протоколи, таъсис шартномаси ва устав)нинг асл нусхалари ва биттадан нотариал тасдиқланган нусхаси;
в) таъсис ҳужжатларида белгиланган устав жамғармаси миқдоридан 30 фоизи сўм ва валютадаги вақтинчалик жамғариш счётларига ўтказилганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати ёки дастлабки бадал ҳисобига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига мол-мулк ёки асбоб-ускуналар келтирилганлигини тасдиқловчи божхона ҳужжати. Кўрсатилган 30 фоиз 100 минг АҚШ долларига тенг бўлган суммадан кўп бўлган тақдирда 100 минг АҚШ долларига тенг суммага банк тўлов ҳужжати;
Кейинги таҳрирга қаранг.
г) корхонани рўйхатдан ўтказганлик учун белгиланган миқдорда давлат пошлинаси тўланганлигини тасдиқловчи банк тўлов ҳужжати;
д) Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси ёки мазкур мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда Россия Федерациясининг консуллик муассасаси томонидан тегишли таржимаси билан белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий муассис тўғрисида у рўйхатдан ўтган жойдаги савдо реестридан кўчирма ва банк тавсияномаси;
е) рўйхатдан ўтказилаётган корхона уставида фаолиятнинг лицензияланадиган тури мавжуд бўлган тақдирда амалдаги қонунчилик билан талаб қилинадиган ҳужжатлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Агар устав жамғармасига дастлабки бадал сифатида интеллектуал мулк қўйилса, у ҳолда Корхона рўйхатдан ўтказувчи органга Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитасининг мазкур мулк баҳоси тўғрисидаги хулосасини тақдим этиши керак.
12. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Корхона ташкил этишда ёки мавжуд Ўзбекистон корхонасини 20 млн. ва ундан кўп АҚШ долларига тенг бўлган суммада баҳоланадиган инвестициялаш дастури билан қўшма корхонага айлантиришда рўйхатдан ўтказувчи органга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилиги тақдим этилади.
13. Агар Корхонанинг Ўзбекистон томонидан муассиси давлат мулки шаклидаги ёки давлат мулки улуши иштирокидаги корхона бўлса, рўйхатдан ўтказувчи органга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий органларининг корхонага бериладиган мол-мулкни баҳолаш ва бериш тўғрисидаги қарори тақдим этилади.
14. Шуъба корхоналар ва филиалларни рўйхатдан ўтказишда қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси, мазкур мамлакатда Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда эса Россия Федерацияси консуллик муассасаси томонидан таржимаси билан белгиланган тартибда расмийлаштирилган хорижий фирманинг нотариал тасдиқланган уставининг нусхаси тақдим этилади.
15. Ўзбекистон Республикасида ишлаб турган корхонани хорижий инвестор томонидан тўлиқ ўз мулки қилиб сотиб олишда хорижий инвестор рўйхатдан ўтказувчи органга корхона эгаси билан келишилган тегишли шартнома матнини, мулкни ва фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишда эса — мулк эгаси билан келишилган олди-сотди ёки ижара шартномасининг матнини тақдим этади.
16. Кўрсатиб ўтилган рўйхатдан ортиқча қўшимча материаллар сўраб олиш қатъиян тақиқланади.
Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини бузишда айбдор бўлган ходимлари маъмурий жавобгарликка тортилиши керак.
17. Қўшма корхоналар, уларнинг шуъба корхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун миллий валютада энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги пошлина, шунингдек 500 АҚШ доллари ундирилади. Пошлинанинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган қисми республика бюджетига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганда) ёки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
Хорижий корхоналарни, уларнинг шуъба корхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун 2000 АҚШ доллари миқдорида бож ундирилади. Бу маблағларнинг 15 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган қисми республика бюджетига (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганда) ёки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг маҳаллий бюджетларига ўтказилади.
Давлат божининг чет эл валютасидаги кўрсатиб ўтилган суммаси Марказий банкнинг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валютада тўланади, бунда рўйхатдан ўтказувчи органга тўланган маблағларнинг қонунийлиги ҳақида ҳужжат тақдим этилади.
18. Таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ёки Корхонани юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтказиш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан зарур ҳужжатлар илова қилинган ариза олинган вақтдан бошлаб 5 иш кунигача бўлган муддатда амалга оширилади.
Рўйхатдан ўтказувчи орган рўйхатдан ўтказиш учун киритилган ҳужжатлар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ келмаган тақдирда ҳужжатларни қайтадан киритиш учун пухта ишлашга қайтариш ҳуқуқига эгадир. Бундай ҳолларда у қайтариб юборишнинг аниқ мулоҳазалари рўйхатини ёзма ҳолда баён қилиши зарур.
Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан илгари аризачига ёзма равишда баён қилинмаган янги мулоҳазалар билдирилишига йўл қўйилмайди.
Агар ариза берувчи кўрсатиб ўтилган мулоҳазаларни бартараф этмаса, ҳужжатлар пухта ишлаш учун қайтарилиши мумкин.
Корхонанинг Уставда кўрсатилган фаолиятида фаолиятнинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан тақиқланган турларини амалга ошириш назарда тутилган ёки атайлаб қалбаки ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина уни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиши мумкин.
Ариза берувчи рўйхатдан ўтказиш рад этилганлигидан норози бўлган тақдирда суд органларига мурожаат қилишга ҳақлидир.
19. Рўйхатдан ўтказувчи орган давлат рўйхатидан ўтган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг Давлат реестрини юритади.
20. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ҳокимликларининг адлия бошқармалари Корхона уставини рўйхатдан ўтказадилар. Рўйхатдан ўтказиш органларида Корхонанинг рўйхатдан ўтказилган таъсис ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари нусхалари сақлаш учун қолдирилади.
21. Давлат рўйхатидан ўтган Корхонага Корхона уставининг рўйхатдан ўтказилган асл нусхаси, таъсис шартномаси ва рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида тегишли намунадаги гувоҳнома берилади. Ушбу ҳужжат рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарияти томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.
22. Рўйхатдан ўтказилган Корхона бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг Давлат статистика департаменти ёки тегишли ҳудудий органида унинг Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрига киритилганлиги ва унга Корхоналар ва ташкилотлар умумреспублика классификаторининг идентификация кодлари берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олишга мажбурдир.
23. Корхона рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда ўзи жойлашган жойдаги солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтишга мажбурдир.
24. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб турган Корхоналар таъсис ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда бир ҳафта муддатда уларни рўйхатга олган органга қайта рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза;
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона юқори органининг ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги протоколи;
ўзгартириш ва қўшимчалар матни;
корхонанинг номи ёки ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарган тақдирда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;
устав жамғармаси ўзгарган тақдирда устав жамғармасининг шаклланиши тўғрисидаги ҳужжат тақдим этилади;
корхонанинг почта ва юридик манзилини тасдиқловчи ҳужжат;
Кейинги таҳрирга қаранг.
корхона қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги ҳақида банк томонидан берилган тўлов ҳужжати.
Муассислар таркиби ўзгарган тақдирда рўйхатдан ўтказишда муассислардан талаб қилинган ҳужжатлар ва чиқиб кетган муассиснинг розилиги ҳақидаги ҳужжат қўшимча равишда тақдим этилади.
Таъсис ҳужжатлари ўзгартирилганда ва унга қўшимчалар киритилганда, шунингдек корхонани қайта ташкил этишда корхона қайта рўйхатдан ўтказилади, бунинг учун рўйхатдан ўтказилганлик учун миллий валютада тўланадиган сумманинг 20 фоизи миқдорида бож ундирилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби
25. Корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва Корхонанинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
26. Корхона томонидан Уставда қайд этилган фаолият қўпол равишда бузилган, атайлаб қалбаки ҳужжатлар тақдим этилган, шунингдек Корхона рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида ўз фаолиятини (статистика органлари ҳисоботларига кўра) бошламаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган Корхонага Ушбу тартибни бузишларни бартараф этиш тўғрисида огоҳлантириш юборади. Агар огоҳлантиришда кўрсатилган қоида бузилишлари бир ой муддатда бартараф этилмаса, адлия органлари Корхонани тугатиш тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай даъво хўжалик суди томонидан қондирилгандан кейин Корхона Корхоналарнинг давлат реестридан чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Корхонани тугатишда рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
Корхоналарнинг давлат реестридан чиқариш ҳақида ариза;
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона юқори органининг Корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори;
хўжалик судининг корхонани тугатиш тўғрисидаги қарори (Корхона суднинг қарори билан тугатилганда);
хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона тугатилганлиги ҳақида матбуотда эълон берилганлигини тасдиқловчи ҳужжат (эълон тугатишдан камида 2 ой олдин берилади);
банк ҳисоб-китоб ҳужжатлари, шу жумладан валюта счётлари ёпилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
хорижий инвестициялар иштирокидаги тугатилаётган корхона муҳрлари ва штамплари йўқ қилинганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларининг маълумотномаси;
Корхона юқори органи томонидан тасдиқланган тугатиш баланси;
солиқ органларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзлар йўқлиги ҳақидаги тугатиш балансини текшириш юзасидан маълумотномаси.
Муассисларидан бири мулкчиликнинг давлат шаклидаги корхона ёки давлат мулки улуши қўшилган корхона ҳисобланган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун тугатиш баланси Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган бўлиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
28. Корхона Корхоналарнинг давлат реестридан чиқарилган вақтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади.
Тугатилган Корхонани Корхоналарнинг давлат реестридан чиқариш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан Корхона муассисларининг қарори, ёҳуд хўжалик судининг қарори асосида амалга оширилади.
29. Корхона тугатилганда ва у Корхоналарнинг давлат реестридан чиқарилганда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигининг Давлат статистика департаментига, Давлат солиқ қўмитасига ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига бу ҳақда маълум қилиши керак.
30. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари рўйхатдан ўтказувчи орган сифатида корхоналар томонидан ўз таъсис ҳужжатларига ва уставда кўрсатилган фаолиятга, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширадилар.
Таъсис ҳужжатларида назарда тутилган қоидалар бузилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган корхонадан хўжалик суди орқали энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ундиришга ҳақлидир. Жариманинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг марказлаштирилган счётига, қолган маблағлар эса — республика бюджети даромадига ўтказилади. Бундай даъволар билан хўжалик судига мурожаат қилишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг органлари давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июлдаги 336-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Давлат рўйхатидан ўтган ва Корхоналарнинг давлат реестрига киритилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида (кейинги ўринларда рўйхатдан ўтказувчи орган деб аталади) ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин.
2. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонани рўйхатдан ўтказиш ва уни тегишли рўйхатдан ўтказиш рақами билан ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчилари реестрига киритиш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ҳозир бўлиш тартибида корхона тақдим этган қуйидаги ҳужжатлар асосида амалга оширилади:
а) рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза;
б) раҳбар томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган белгиланган шаклдаги рўйхатдан ўтказиш карточкаси;
в) корхона юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки унинг ҳудудий органлари томонидан берилган гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
г) рўйхатдан ўтказиш юзасидан кўрсатилган хизматлар учун йиғимнинг белгиланган миқдори тўланганлиги тўғрисида банк томонидан берилган тўлов ҳужжати.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ҳужжатлар ариза берувчидан олинган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида уни ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказади ва унга вазирлик раҳбарияти томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган белгиланган намунадаги рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани беради.
4. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхонани ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида тўлов ундирилади, ундан рўйхатга олиш юзасидан кўрсатилган хизматлар билан боғлиқ ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қоплаш учун вазирлик томонидан мустақил равишда фойдаланилади.
5. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда, у ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида ҳам қайта рўйхатдан ўтишга мажбурдир.
6. Корхона ташқи иқтисодий алоқалар қатнашчиси сифатида ҳар йили қайта рўйхатдан ўтиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.