Норасмий таржима
Маҳбуслар ёки ҳибсга олинган шахсларни қийноқ ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи турларидан ҳимоя қилишда соғлиқни сақлаш ходимларининг, айниқса, шифокорларнинг ролига тааллуқли тиббиёт этикаси принсиплари
1-принцип
Маҳбуслар ёки ҳибсга олинган шахсларга тиббий хизмат кўрсатилишини таъминловчи соғлиқни сақлаш ходимлари, айниқса, шифокорлар уларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғини муҳофаза қилишлари ҳамда уларни худди маҳбус бўлмаган ёки ҳибсга олинмаган шахсларга нисбатан бўлгани каби сифат ва савияда даволашлари шарт.
2-принцип
Соғлиқни сақлаш ходимлари, айниқса, шифокорлар, башарти, қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларида иштирок этиш ёки иштирокчилик қилиш ёхуд бундай камситишлар содир этилишига далолатчилик қилиш ёки содир этишга уриниш тарзидаги хатти-ҳаракатлар билан фаол ёки пассив шуғуллансалар, амалдаги халқаро ҳужжатларга мувофиқ тиббиёт этикасини қўпол равишда бузган, шунингдек жиноят содир этган бўладилар.
3-принцип
Соғлиқни сақлаш ходимлари, айниқса, шифокорлар, башарти маҳбуслар ёки ҳибсга олинган шахсларга нисбатан фақатгина уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, муҳофаза қилиш ёки уларнинг соғлиғини жисмоний ёки руҳий жиҳатдан яхшилаш мақсадини кўзлаб эмас, балки ҳар қандай бошқа профессионал муносабатларга киришсалар, тиббиёт этикасини бузган бўладилар.
4-принцип
Соғлиқни сақлаш ходимлари, айниқса, шифокорлар, башарти:
а) маҳбуслар ва ҳибсга олинган шахсларни сўроқ қилишга кўмаклашиш учун ўз билим ва тажрибаларидан ана шундай маҳбуслар ва ҳибсга олинган шахсларнинг жисмоний ёки руҳий жиҳатдан соғлиғига ёхуд ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин бўлган ва халқаро ҳужжатларга мос бўлмаган тарзда фойдалансалар;
б) маҳбуслар ёки ҳибсга олинган шахсларнинг соғлиғи уларга нисбатан муомала ёки жазолашнинг ҳар қандай турини қўллаш имконини беради, деб тасдиқласалар ёки тасдиқлашда иштирок этсалар, аммо қўлланилган муомала ёки жазо тури уларнинг соғлиғига жисмоний ёки руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатса ва тегишли халқаро ҳужжатларга мос келмайдиган муомала ёки жазонинг ҳар қандай турини қўллашда исталган бир шаклда иштирок этсалар, тиббиёт этикасини бузган бўладилар.
5-принцип
Соғлиқни сақлаш ходимларининг, айниқса, шифокорларнинг маҳбус ёки ҳибсга олинган шахсга нисбатан қўлланиладиган тинчлантириш мазмунидаги ҳар қандай тартиб-таомилда иштирок этиши, башарти бундай ҳаракат маҳбус ёки ҳибсга олинган шахснинг бошқа маҳбуслар ёки ушланган шахсларнинг ёки қўриқлаш ходимларининг жисмоний ёхуд руҳий жиҳатдан соғлиғини ёки хавфсизлигини сақлаш учун зарур тиббий мезонлар тақозоси бўлмаса ва соғлиққа жисмоний ёки руҳий жиҳатдан таҳдид солмаса, тиббиёт этикасини бузганлик ҳисобланади.
6-принцип
Қандай бўлишидан қатъи назар, бирор-бир асосни, шу жумладан фавқулодда ҳолатни асос қилиб, юқорида баён этилган принциплардан четга чиқиш мумкин эмас.
(Имзолар)