Судьялар ахлоқининг бангалор принциплари
Ҳар бир инсон, унинг ҳуқуқлари ва бурчларини белгилаш ва унга қўйилган жиноий айбнинг нечоғли асосланганлигини аниқлаш учун, батамом тенглик шароитида, ўз иши ошкора, адолатнинг барча талабларига риоя этилиб, мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгалигини асосий принцип сифатида эътироф этган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини эътиборга олиб,
Барча фуқаролар судлар олдида тенглиги, ҳар бир шахс ўзига қўйилаётган ҳар қандай жиноий айблов кўриб чиқилаётганда ёки бирор-бир фуқаролик жараёнида унинг ҳуқуқ ва бурчлари аниқланаётганида, мазкур иш қонунга мувофиқ тузилган малакали, мустақил ва холис суд томонидан адолатли ҳамда ошкора кўриб чиқилиши ҳуқуқига эгалигини кафолатлайдиган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни эътиборга олиб,
Юқорида кўрсатилган асосий принциплар ва ҳуқуқлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича маҳаллий актлар, миллий конституциялар, статутли ва умумий ҳуқуқда, судга оид урф-одатлар ва анъаналарда тан олиниши ёки ўз аксини топишини эътиборга олиб,
Суд органларининг малакалилиги, мустақиллиги ва холислиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида катта аҳамиятга эгалиги, чунки бошқа барча ҳуқуқларнинг амалга оширилиши одил судловни тегишли равишда рўёбга чиқарилишига боғлиқ эканини эътиборга олиб,
Суд органларининг малакалилиги, мустақиллиги ва холислиги судларнинг конституциявийлик ва ҳуқуқий тартиботни қўллаб-қувватлашдаги ролини бажаришда катта аҳамиятга эгалигини эътиборга олиб,
Жамиятнинг суд тизимига, шунингдек, унинг обрўси ҳамда суд органларининг маънавияти, ҳалоллиги ва виждонлилигига оид масалаларга нисбатан ишончи замонавий демократик жамиятда биринчи даражадаги аҳамиятга эгалигини эътиборга олиб,
Судьялар жамият томонидан ўзларига билдирилган ишонч даражасини англаган ҳолда, якка ва жамоавий тартибда, ўз лавозимига ҳурмат ва шараф билан ёндашишлари ҳамда улар суд тизимига бўлган ишончни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишлари зарурлигини эътиборга олиб,
Судьялар ахлоқига доир юксак андозаларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳар бир давлат суд органларининг бевосита мажбурияти эканини эътиборга олиб,
Шунингдек, Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари суд органларининг мустақиллигини таъминлаш ва қўллаб-қувватлашга ҳамда асосан давлатларга қаратилганини эътиборга олиб,
Қуйида санаб ўтилган принциплар судьялар ахлоқ қоидаларининг андозаларини белгилаш мақсадини ўзида мужассам этади. Улар судьяларга дастуриламал сифатида фойдаланиш учун ҳамда суд органларига судьялар ахлоқини белгилашнинг асосий принциплари сифатида қўлланиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, улар ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари, адвокатлар ва умуман, жамият томонидан одил судловни амалга ошириш жараёнини янада яхши англаши ва қўллаб-қувватлашига кўмаклашишга қаратилган. Мазкур принциплар судьялар ўз ахлоқи юзасидан суд андозаларини қўллаб-қувватлаш учун тузилган, холис ва мустақил равишда ҳаракат қиладиган, судьяларга алоқадор ахлоққа доир амалдаги меъёрлар ва қоидалар аҳамиятини камайтириш эмас, балки ошириш мақсадида фаолият юритадиган тегишли органларга ҳисобдор эканини назарда тутади.
1-кўрсаткич: Мустақиллик
Принцип
Суд органларининг мустақиллиги ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг омили ҳамда судда ишнинг одил ҳал этилишининг асосий кафолатидир. Демак, судья суд органларининг мустақиллиги принципини унинг якка тартибдаги ва институционал жиҳатларида ҳимоя қилиши ва рўёбга чиқариши лозим.
Қўлланилиши
1.1. Судья ўзининг суддаги вазифасини мустақил, фақат фактларни баҳолаш асосида, ҳуқуқни онгли равишда тушунишга мувофиқ, ҳар қандай ташқи таъсир, даъват, босим, таҳдид ёки ҳар қандай томондан амалга ошириладиган ва ҳар қандай мақсадларни кўзлайдиган бевосита ёки билвосита аралашувдан қатъи назар, бажариши лозим.
1.2. Судья умуман жамиятга ҳамда у қарор чиқариши лозим бўлган суд ишининг муайян томонларига нисбатан мустақил позицияни сақлаб қолади.
1.3. Судья нафақат лавозимга мос келмайдиган ҳар қандай ўзаро муносабатларни ёки ҳокимиятнинг ижро этувчи ва қонун чиқарувчи тармоқлари томонидан таъсирни истисно этади, балки, ҳатто ташқи кузатувчига ҳам аниқ бўлиши учун буни қилади.
1.4. Иш бўйича қарор судьянинг ўзи томонидан қабул қилиниши лозим бўлган ҳолларда у суд таркибидаги бошқа ҳамкасбларининг фикридан мустақил равишда ҳаракат қилади.
1.5. Судья судьяларнинг институционал ва оператив мустақиллигини сақлаб қолиш ва юксалтириш мақсадида судьяларнинг ўз мажбуриятларини бажариши кафолатларини ҳимоя қилади ҳамда қўллаб-қувватлайди.
1.6. Судья суд органларининг мустақиллигини қўллаб-қувватлаш учун биринчи даражали аҳамиятга эга бўлган суд органларига жамиятнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида судьяларнинг ахлоқига доир юқори стандартларини намойиш этади ва рағбатлантиради.
2-кўрсаткич: Холислик
Принцип
Судьянинг холислиги у ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришининг шартидир. Холислик нафақат чиқарилаётган қарор мазмунида, балки уни қабул қилишда кечадиган барча процессуал ҳаракатларда намоён бўлади.
Қўлланилиши
2.1. Судья ўз мажбуриятларини бажаришда ҳар қандай афзал кўришлар, сохта фикрлар ёки тахминийликдан холидир.
2.2. Судьянинг суд мажлиси давомида ва суддан ташқаридаги ахлоқи жамият, юридик касб вакиллари ва суд жараёни томонларининг судья ва суд органларининг холислигига ишончини қўллаб-қувватлаш ва оширишга хизмат қилиши лозим.
2.3. Судья ўзини суд мажлисларида иштирок этиш ва суд ишлари бўйича қарорлар чиқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўладиган ҳаракатларни қилишдан имкон қадар ўзини чеклаши даркор.
2.4. Ишни (кўриб чиқилиши аввалдан маълум бўлган ёки фақат тахмин қилинаётган) кўриб чиқиш олдидан судья вазиятга оқилона баҳо беришдан келиб чиқиб, шу ишнинг якунига қандайдир таъсир қилиши ёки жараённинг адолатли амалга оширилишини шубҳа остига қўйиши мумкин бўлган ҳар қандай шарҳлардан ўзини тияди. Судья ошкора ёки бошқа шарҳлардан ўзини тияди, акс ҳолда бу қандайдир шахс ёки масалага нисбатан ишнинг холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиши мумкин.
2.5. Судья иш бўйича холис қарор чиқаришнинг имкони йўқ, деб ўйлаган, ёки, четдаги кузатувчида судьянинг холислиги ҳақида шубҳалар пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳолларда, у ишни кўриб чиқишда иштирок этишдан ўзини четга олади. Қуйида шундай ҳолларнинг айрим мисоллари санаб ўтилган:
2.5.1. судьяда томонларнинг бирига нисбатан сохта фикр ёки тахминий муносабат шаклланса ёки судьяга унинг шахсий манбалари орқали кўрилаётган ишга алоқадор қандайдир исботловчи далиллар маълум бўлса;
2.5.2. аввал баҳснинг айнан шу предметини кўриб чиқишда судья адвокат сифатида иштирок этган ёки муҳим гувоҳ сифатида жалб қилинган бўлса; ёки
2.5.3. судья ёки унинг оила аъзолари кўрилаётган ишнинг натижасидан моддий манфаатдор бўлса. Ушбу ишни кўриб чиқиш учун бошқа суд тайинланишининг иложи бўлмаган ҳолда ёки ишнинг шошилинч хусусиятга эга экани, уни ҳал қилишни кечиктириш суднинг жиддий хатосига олиб келиши мумкинлиги шароитида судья ишни кўриб чиқишда иштирок этишидан четлаштирилиши мумкин эмас.
3-кўрсаткич: Ҳалоллик ва виждонлилик
Принцип
Ҳалоллик ва виждонлилик судьянинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришининг зарур шартларидир.
Қўлланилиши
3.1. Судья ҳатто четдан кузатувчининг назарида ҳам бенуқсон ахлоқни намойиш этади.
3.2. Судьянинг ҳаракат тарзи ва ахлоқи жамиятнинг суд органлари ҳалоллиги ва виждонлигига ишончини қўллаб-қувватлаши лозим. Шунчаки одил судловни амалга ошириш етарли эмас, буни жамият учун ошкора қилиш лозим.
4-кўрсаткич: Ахлоқ меъёрларига риоя этиш
Принцип
Ахлоқ меъёрларига риоя этиш, бунга амал қилишни намойиш этиш судьялар фаолиятининг ажралмас қисмидир.
Қўлланилиши
4.1. Судья ўз лавозими билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишда нотўғри ахлоқ кўринишларига йўл қўймасдан, ахлоқ меъёрларига риоя этади.
4.2. Жамоатчилик томонидан доимий эътибор судьялар зиммасига қатор чекловларни юклайди; ва, оддий фуқарога бундай чекловлар қийинчилик туғдирадигандек туюлишига қарамай, судья уларни ихтиёрий равишда ва чин кўнгилдан қабул қилади. Хусусан, судьянинг ахлоқи лавозимининг юксак мартабасига мос бўлиши лозим.
4.3. Судья ишни кўриб чиқаётган судда доимий фаолият юритадиган адвокатлар билан ўзаро шахсий муносабатларда ўзида сохта фикрлар ёки тахминий муносабат мавжудлиги ҳақида шубҳа ёки тасаввур туғдириши мумкин бўлган вазиятлардан эҳтиёт бўлади.
4.4. Судья ўзининг оила аъзоларидан бири ишнинг қайсидир томони вакили сифатида иштирок этса ёки ишга бошқача тарзда алоқадор бўлса, ишни кўришда иштирок этмайди.
4.5. Судья ўз турар жойини мижозларни қабул қилиш ёки ҳамкасблар билан учрашиш учун бошқа адвокатларга тақдим этмайди.
4.6. Судьяга, ҳар қандай бошқа фуқарога бўлгани каби, дин эркинлиги, йиғин ва бирлашмаларда иштирок этиш эркинлиги кафолатланади, аммо бу ҳуқуқларни амалга оширишда у доимо судьялик юксак рутбасини сақлаш ҳақида қайғуради ҳамда суд органларининг холислиги ва мустақиллигига мос келмайдиган ҳаракатларга йўл қўймайди.
4.7. Судья ўзининг махфий хусусиятдаги шахсий ва моддий манфаатларини билиши ҳамда ўз оиласи аъзоларининг моддий манфаатлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлиш учун оқилона чоралар кўриши лозим.
4.8. Судья ўз оиласи аъзоларининг ижтимоий ва бошқа ўзаро муносабатларга, унинг судьялик вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳаракатларига нисбатан ҳамда суд қарорларини қабул қилишига нотўғри таъсир кўрсатишига йўл қўймаслиги керак.
4.9. Судья ўз лавозими мавқеидан судьяларнинг, улар оила аъзолари ва ҳар қандай бошқа шахсларнинг шахсий манфаатларига эришиш учун фойдаланиши ёки фойдаланишга рухсат беришга ҳақли эмас. Судья ўз ваколатларини амалга оширишда кимдир нотўғри таъсир кўрсатишига олиб келиши мумкин ҳаракатларни қилмаслиги ёки бошқа шахсларга шундай ҳаракат қилишга йўл қўймаслиги керак.
4.10. Лавозими муносабати билан судьяга маълум бўлган махфий маълумот ўз мажбуриятларини бажаришга доир ҳар қандай бошқа мақсадларда ишлатилиши ёки бошқаларга ошкор этилиши мумкин эмас.
4.11. Ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши шароитида судья қуйидагиларни қилишга ҳақли:
а) адабий, педагогик фаолият билан шуғулланиш, маърузалар ўқиш, ҳуқуқ, қонунчилик, одил судловни амалга ошириш ва бошқа шунга ўхшаш масалалар билан боғлиқ фаолиятда иштирок этиш;
б) ишларни ошкора кўришда расмий орган олдида ҳуқуқ, қонунчилик, одил судловни амалга ошириш ва бошқа шунга ўхшаш масалаларга доир саволлар бўйича сўзга чиқиш;
с) расмий орган, ҳукумат қўмитаси, комиссия, маслаҳат органида аъзо бўлиш, агар бундай аъзолик судьяга холис бўлиб қолиш ва сиёсий нейтрал позицияни сақлаб қолиш имконини берса; ёхуд
д) судья лавозимининг олий рутбасига мос бўлган ҳамда судьялик мажбуриятларини бажаришга ҳар қандай даражада тўсқинлик қилмайдиган бошқа фаолият билан шуғулланиш.
4.12. Судьялик лавозимини эгаллаб турган даврда судья юридик амалиёт билан шуғулланишга ҳақли эмас.
4.13. Судья судьялар уюшмаларини тузиш ёки уларга аъзо бўлиш, судьялар манфаатларини ифода этувчи бошқа ташкилотларга аъзо бўлишга ҳақли.
4.14. Судья ва унинг оила аъзолари судья ўз лавозим мажбуриятларини бажариши муносабати билан содир этган, содир этмоқчи бўлган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида ҳар қандай совға, ссудалар, васиятлар ёки бошқача шаклдаги ёрдамни талаб этиш ёки қабул қилишга ҳақли эмас.
4.15. Судья суд ходимлари, шунингдек судьянинг таъсири, тобелиги ёки раҳбарлиги остида бўлган бошқа шахсларга, агар судьяга бу ўз лавозим мажбуриятларини бажариши муносабати билан амалга оширган, оширмоқчи бўлган вазифалари ёхуд ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида рўй бериши аввалдан маълум бўлса, ҳар қандай совға, ссудалар, васиятлар ёки бошқача шаклдаги ёрдамни талаб этиш ёки қабул қилишга рухсат беришга ҳақли эмас.
4.16. Қонунда назарда тутилган тақиқлар ёки оммавий ошкора фош этиш билан боғлиқ бошқа қонуний чекловлар бўлмаса, судья, агар улар қандайдир тарзда уларнинг ўз лавозим мажбуриятларини бажаришига таъсир кўрсатмасдан қилинган бўлса ёки бошқа ғаразли ниятлари бўлмаса, тегишли ҳолларда эсдалик совғалари, мукофот ва имтиёзлар олишга ҳақли.
5-кўрсаткич: Тенглик
Принцип
Суд мажлисининг барча томонлари учун тенг муомалада бўлишни таъминлаш судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришида биринчи даражали аҳамиятга эга.
Қўлланилиши
5.1. Судья жамиятнинг хилма-хиллиги ҳамда турли манбалар, шу жумладан, бошқалар қаторида ирқий мансублик, тананинг ранги, жинс, дин, миллий келиб чиқиш, каста, меҳнатга лаёқатсизлик, ёш, оилавий аҳвол, жинсий мойиллик, ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва шунга ўхшаш бошқа сабаблардан («ишга алоқадор бўлмаган асослар») келиб чиқадиган фарқларни англаши ва тасаввур қилиши керак.
5.2. Ўз мажбуриятларини бажаришда судья ишга алоқадор бўлмаган сабабларга кўра, ҳар қандай шахс ёки шахслар гуруҳига нисбатан сўзи ёки муомаласида тарафкашлик ёки сохта фикр муносабатини намойиш этмаслиги лозим.
5.3. Судья суддаги вазифаларни барча шахслар, хусусан, суд иши томонлари, гувоҳлар, адвокатлар, суд ходимлари ва суд таркибидаги ҳамкасбларининг манфаатларини тегишли тарзда ҳисобга олган ҳолда, бундай вазифаларни лозим даражада бажариш учун аҳамиятсиз, ишга алоқадор бўлмаган асослардан келиб чиқиб ажратмасдан бажаради.
5.4. Судья онгли равишда суд ходимлари ёки судьянинг таъсири, тобелиги ёки раҳбарлиги остида бўлган бошқа шахслар суд томонидан кўрилаётган иш бўйича кўрсатилган шахсларга нисбатан ишга тааллуқли бўлмаган ҳар қандай асосларда табақалаштирилган ёндашувга йўл қўймаслиги керак.
5.5. Судья суд муҳокамасида иштирок этаётган барча адвокатлардан сўз ёки муомала орқали ишга тааллуқли бўлмаган асосларда тарафкашлик ёки сохта фикр муносабатини намойиш қилишдан ўзларини тийишларини талаб қилади, суд муҳокамаси предмети учун ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳамда қонуний жиҳатдан оқланиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
6-кўрсаткич: Малакалилик ва тиришқоқлик
Принцип
Малакалилик ва тиришқоқлик судьянинг ўз мажбуриятларини бажаришининг зарур шартларидир.
Қўлланилиши
6.1. Судьянинг судьялик вазифалари фаолиятнинг бошқа турларидан устундир.
6.2. Судья ўз касбий фаолиятини судьялик вазифаларини бажаришга бағишлайди, бу нафақат суд муҳокамасида суд ва лавозим мажбуриятларини бажариш ҳамда қарорлар чиқариш, балки суддаги лавозим ёки суд фаолиятига алоқадор бўлган бошқа вазифаларни ҳам ўз ичига олади.
6.3. Судья ўз билимларини сақлаш ва кенгайтириш, амалий тажрибаси ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажаришда зарур бўлган шахсий фазилатларини такомиллаштириш учун оқилона чоралар кўради, бу мақсадда ўқув воситалари ҳамда судлов назорати шароитида судьялар учун яратилган бошқа имкониятлардан фойдаланади.
6.4. Судья халқаро қонунчиликдаги тегишли ўзгаришлардан, жумладан, инсон ҳуқуқларига нисбатан амал қиладиган нормаларни белгилайдиган халқаро конвенциялар ва бошқа ҳужжатлардан хабардор бўлиши керак.
6.5. Судья ўзининг барча мажбуриятларини, жумладан, кечиктирилган қарорлар чиқаришда оқилона, адолатли ва муайян тезлик билан бажаради.
6.6. Судья барча суд муҳокамаларида тартибни сақлайди ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилади ҳамда ўзини суд мажлисининг томонлари, маслаҳатчилар, гувоҳлар, адвокатлар ва судья расмий равишда мулоқот қиладиган бошқа шахсларга нисбатан сабрли, муносиб ва хушмуомала муносабатда бўлади. Судья томонларнинг қонуний вакиллари, суд ходимлари ҳамда судья таъсири, унга бўйсинувчи ёки назорати остида бўлган бошқа шахслардан ҳам худди шундай муомалани талаб қилиши керак.
6.7. Судья суд вазифаларини тиришқоқлик билан бажаришга мос келмайдиган фаолият билан шуғулланмаслиги лозим.
Амалиётга татбиқ этиш
Суд лавозимининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, миллий суд органлари кўрсатилган принципларни, агар бундай механизмлар уларнинг юрисдикцияси доирасида ҳали мавжуд бўлмаса, амалиётга татбиқ этиш механизмларини яратиш учун самарали чораларни кўриши лозим.
(имзолар)