Норасмий таржима
Халқларнинг тинчлик ҳуқуқи тўғрисида
Бош Ассамблея,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий мақсади халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш эканлигини яна бир бор тасдиқлаб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида белгиланган халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларини ҳисобга олиб,
урушни инсоният ҳаётидан чиқариб ташлаш ва, энг аввало, глобал ядровий фалокатнинг олдини олиш учун барча халқларнинг иродаси ва интилишларини ифода этиб,
урушсиз ҳаёт мамлакатларнинг моддий фаровонлиги, ривожланиши ва тараққиёти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тўлиқ амалга ошириш учун асосий халқаро шарт бўлиб хизмат қилишига ишонч ҳосил қилиб,
ядро асрида ер юзида мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши инсоният цивилизациясини ва унинг мавжудлигини сақлаб қолиш учун асосий шарт эканлигини англаб,
халқлар учун осуда ҳаётни таъминлаш ҳар бир давлатнинг муқаддас бурчи эканлигини эътироф этиб,
1) сайёрамиз халқлари тинчлик учун муқаддас ҳуқуққа эга эканлигини тантанали равишда эълон қилади;
2) халқларнинг тинчлик ҳуқуқини сақлаш ва уни амалга оширишга кўмаклашиш ҳар бир давлатнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини тантанали равишда таъкидлайди;
3) халқларнинг тинчликка бўлган ҳуқуқини амалга оширишни таъминлаш давлатлар сиёсатидан уруш, биринчи навбатда, ядровий таҳдидни бартараф этишга, давлатлараро муносабатларда куч ишлатишни истисно қилишга ва халқаро низоларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низоми асосида тинч йўл билан ҳал этишга йўналтирилишини талаб қилишига урғу беради;
4) барча давлатлар ва халқаро ташкилотларни миллий ва халқаро миқёсда тегишли чоралар кўриш орқали халқларнинг тинчликка бўлган ушбу ҳуқуқини таъминлашга ҳар томонлама ҳисса қўшишга чақиради.
(имзолар)