Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг ролига тааллуқли раҳбарий принциплар
Жаҳон халқлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида, хусусан, адолатга риоя этиш мумкин бўладиган шарт-шароитлар яратишга қарор қилганликларини ҳамда ирқи, жинси, тили ва динидан қатъи назар инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига бўлган ҳурматни рағбатлантириш ҳамда ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни амалга оширишни асосий мақсадларидан бири сифатида эълон қилганликларини эътиборга олиб,
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида қонун олдида тенглик, айбсизлик презумпцияси принциплари ҳамда иш мустақил ва холис суд томонидан очиқ ва адолатнинг барча талабларига риоя этган ҳолда кўриб чиқилиши ҳуқуқи қайд этилганлигини эътиборга олиб,
кўп ҳолларда ҳали ҳам ушбу принциплар асосини ташкил этган мақсадлар ва реал воқелик ўртасида номувофиқлик мавжудлигини эътиборга олиб,
ҳар бир мамлакатда одил судловни ташкил этиш ва амалга ошириш ушбу принциплар асосида қурилиши кераклиги ҳамда уларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш мақсадида чоралар кўрилиши зарурлигини эътиборга олиб,
суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг адолатли суд қилишда ҳал қилувчи рол ўйнашини ва уларнинг муҳим вазифаларни бажаришларини тартибга солувчи нормалар улар томонидан юқорида баён этилган принципларнинг ҳурмат қилиниши ҳамда уларга риоя этилишига кўмаклашиши, шу билан адолатли ва тенг ҳуқуқли жиноий одил судлов ва фуқароларни жиноятчиликдан самарали ҳимоя қилишга ёрдам бериши кераклигини эътиборга олиб,
суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг ўз вазифаларини бажаришлари учун зарур бўлган тегишли касбий тайёргарликка эга бўлишларини таъминлаш муҳим эканлигини, бунга кадрларни ёллаш ва профессионал юридик тайёргарлик услубларини такомиллаштириш орқали ҳамда улар томонидан жиноятчиликка, айниқса, унинг янги шакллари ва кўламларига қарши кураш билан боғлиқ ўз вазифаларининг тегишли равишда бажарилиши учун барча зарур чораларни таъминлаш орқали эришилишини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилиш бўйича бешинчи конгрессининг тавсиясига кўра Бош Ассамблея ўзининг 1979 йил 17 декабрдаги 34/169-сонли резолюциясида Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ахлоқ кодексини қабул қилганлигини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилиш бўйича олтинчи конгресси 16-сонли резолюциясида Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича қўмитасини судьяларнинг мустақиллигига ҳамда судьялар ва суд таъқибини амалга оширувчи шахсларни танлаш, касбий тайёргарлиги ва мақомига оид Раҳбарий принципларни ишлаб чиқишни ўзининг биринчи навбатдаги масалалари жумласига киритишга даъват этганлигини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилиш бўйича еттинчи конгресси Бош Ассамблеянинг 1985 йил 29 ноябрдаги 40/32-сон ва 1985 йил 13 декабрдаги 40/146-сонли резолюциялари билан маъқулланган Суд органлари мустақиллигининг асосий принципларини қабул қилганлигини эътиборга олиб,
жиноятлар ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш қурбонлари учун Одил судловнинг асосий принциплари декларациясида жиноят қурбонларига одил судловнинг очиқ бўлиши ва адолатли муомала, реституция, зарар ўрнини қоплаш ҳамда ёрдам кўрсатиш соҳасидаги вазиятни яхшилаш мақсадида халқаро ва миллий даражаларда чоралар кўриш тавсия этилганлигини эътиборга олиб,
7-сонли резолюцияда еттинчи Конгресс Қўмитани суд таъқибини амалга оширувчи шахсларни танлаш, касбий тайёргарлиги ва мақомига, хусусан, уларнинг тахмин қилинган мажбуриятлари ва хулқ-атвори, жиноий одил судлов тизимининг мукаммал ишлашини таъминлашдаги ҳиссасини ошириш йўллари ва полиция билан ҳамкорлигини кенгайтиришга, ихтиёрий ваколатлари доираси ва жиноий суд ишларини юритишда уларнинг ролига тааллуқли раҳбарий принципларни ишлаб чиқиш заруратини кўриб чиқишга ҳамда ушбу масала бўйича маърузаларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг келгуси конгрессларига тақдим қилишга чақирганлигини эътиборга олиб,
қуйида келтирилган аъзо-давлатларга суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг самарадорлигини, мустақиллиги ва адолатлилигини таъминлаш ва ошириш вазифаларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш учун ишлаб чиқилган Раҳбарий принципларга жиноий иш юритишда риоя этилиши ҳамда ҳукуматлар томонидан ўзларининг миллий қонунчилиги ва амалиёти доирасида эътиборга олиниши ҳамда прокурорлар, шунингдек судьялар, адвокатлар, ижро этувчи ва қонунчилик органларининг мансабдор шахслари каби бошқа шахсларнинг ва умуман, аҳолининг эътиборига етказилиши керак. Мазкур Раҳбарий принциплар жамоат айбловчиларига мослаб ишлаб чиқилган, бироқ улар тегишли ҳолларда тенг даражада махсус асосда тайинланган айбловчиларга нисбатан қўлланилади.
Малака, танлаб олиш ва касбий тайёргарлик
1. Суд таъқибини амалга ошириш учун танлаб олинган шахслар юксак ахлоқий сифатлар ва қобилиятга, шунингдек тегишли тайёргарлик ва малакага эга бўлишлари керак.
2. Давлатлар қуйидагилар бўйича таъминлайдилар:
а) суд таъқибини амалга оширувчи шахсларни танлаш мезонлари адолатсизлик ёки нотўғри қарашларга асосланган тайинлашга қарши кафолатларни ва бирор-бир шахсга нисбатан унинг ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқоди, миллий, ижтимоий ёки этник келиб чиқиши, мулкий, табақавий, моддий ёки бошқа ҳолатлари белгисига кўра ҳар қандай камситишни истисно қилиш, шу билан бирга, суд таъқибини амалга оширишни назарда тутадиган лавозимга муайян мамлакат фуқаросини номзод қилиб тайинлаш тартиби камситиш сифатида кўрилмаслигини ўз ичига олишини;
б) суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг тегишли таълим ва тайёргарликка эга бўлишини, ушбу лавозимга хос идеал ва этика нормаларини англашларини ҳамда айбланаётган шахслар ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича конституциявий ва норматив чоралар, шунингдек миллий ва халқаро ҳуқуқ томонидан эътироф этилган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари тўғрисида хабардор бўлишларини таъминлайди.
Хизмат мақоми ва шартлари
3. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар жиноий одил судловни амалга ошириш тизимининг жуда муҳим вакилларидан бири бўлиб, ўз касбларининг обрўси ва қадр-қимматини доимо сақлайдилар.
4. Давлат суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг ўз касбий мажбуриятларини тажовузлар, қаршиликлар, қўрқитишлар, кераксиз аралашув ёки асоссиз равишда фуқаролик, жиноий ёхуд бошқа жавобгарликка тортишдан ҳоли бажаришларини таъминлайди.
5. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ва уларнинг оилалари суд таъқибини амалга ошириш бўйича ўз вазифаларини бажаришлари натижасида уларнинг хавфсизлигига таҳдид мавжуд бўлган ҳолларда ҳокимият томонидан жисмоний ҳимоя билан таъминланади.
6. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг хизматининг оқилона шарлари, уларни тегишлича мукофотлаш ҳамда бу қўлланиладиган жойда, уларнинг ваколат муддати, пенсия таъминоти ва пенсияга чиқиш ёши қонун ёки эълон қилинган нормалар ёхуд қоидалар билан белгиланади.
7. Шундай тизим мавжуд бўлганда, суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг лавозимини ошириш объектив омилларга, хусусан, уларнинг касбий малакасига, қобилиятига, ахлоқий хислатлари ва тажрибасига асосланади ҳамда бу тўғрисидаги қарор адолатли ва адолатли тартиб-таомилларга мувофиқ қабул қилинади.
Эътиқод ва уюшмалар эркинлиги
8. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар бошқа фуқаролар каби фикр билдириш, эътиқод, уюшмалар ва йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқига эга. Хусусан, улар ҳуқуқ, одил судловни амалга ошириш ва рағбатлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларининг оммавий муҳокамасида иштирок этиш, ўзларининг қонуний хатти-ҳаракатлари ёки қонуний ташкилотга аъзолиги оқибатида ўз касбий фаолиятларида чекловларга дучор бўлмаган ҳолда маҳаллий, миллий ёки халқаро ташкилотларга кириш ёхуд бундай ташкилотлар тузиш ва уларнинг йиғилишларида қатнашиш ҳуқуқига эга. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар мазкур ҳуқуқларни рўёбга чиқарар экан, ўз фаолиятида доимо ҳуқуққа ҳамда ўз касбининг эътироф этилган нормалари ва этикасига амал қиладилар.
9. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи, касбий тайёргарлигини оширувчи ва ўзларининг мақомини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалар ёки бошқа ташкилотлар тузиш ёки уларга қўшилиш ҳуқуқига эга.
Жиноят муҳокамасидаги роли
10. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг лавозими суд вазифаларини бажаришдан қатъий ажратилади.
11. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар жиноят муҳокамасида, шу жумладан, иш қўзғатишда ва агар бунга қонунда рухсат этилган бўлса ёки маҳаллий амалиётга мувофиқ бўлса, жиноятни тергов қилишда, бундай терговларнинг қонунийлигини назорат қилишда ва бошқа вазифаларни давлат манфаатларини ифодаловчи вакиллар сифатида амалга оширишда фаол рол ўйнайдилар.
12. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ўз мажбуриятларини қонунга мувофиқ адолатли, изчил ва жадал бажарадилар, инсоний қадр-қимматни ҳурмат қилади ва ҳимоя қиладилар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар, шу билан жиноий одил судлов тизимининг тегишли жараёнини ва узлуксиз ишлашини таъминлашга кўмаклашадилар.
13. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ўз мажбуриятларини бажаришда:
а) ўз вазифаларини беғараз бажарадилар ҳамда сиёсий эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ирқи, маданияти ва жинсига асосланган ҳар бир камситишларга ёки бошқа ҳар қандай шаклдаги камситишларга йўл қўймайдилар;
б) давлат манфаатларини ҳимоя қиладилар, холисона ҳаракат қиладилар, гумон қилинувчи ва жабрланувчининг аҳволини лозим даражада ҳисобга оладилар ҳамда ишга алоқаси бўлган барча ҳолатларга, улар гумон қилинувчи учун фойдали ёки фойдали эмаслигидан қатъи назар, эътибор берадилар;
с) агар ўз мажбуриятларини бажариш ёки одил судлов нуқтаи назаридан бошқача талаб бўлмаса, касбий сирни сақлашга риоя этадилар;
д) жабрланувчиларнинг шахсий манфаатларига дахл қилинганда уларнинг фикрлари ва ташвишларини кўриб чиқадилар ҳамда жабрланувчиларнинг Жиноятлар ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш қурбонлари учун одил судловнинг асосий принциплари декларациясига мувофиқ ўз ҳуқуқлари билан танишишларини таъминлайдилар.
14. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар, одилона тергов айбловнинг асоссиз эканлигини кўрсатган ҳолларда суд таъқибини қўзғатмайди ёки уни давом эттирмайди ёхуд суд муҳокамасини тўхтатиш учун имкон қадар барча ҳаракатларни қилади.
15. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар давлат хизматчилари томонидан содир этилган жиноятлар, хусусан, коррупция, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ва халқаро ҳуқуқда эътироф этилган бошқа жиноятлар учун суд таъқибига ҳамда агар бунга қонунда рухсат этилган ёки маҳаллий амалиётга мувофиқ бўлса, бундай ҳуқуқбузарликларни тергов қилишга алоҳида эътибор қаратадилар.
16. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ихтиёрига гумонланувчиларга қарши ўзларига маълум бўлганидек ёки улар гумонланувчининг ноқонуний усуллар ёрдамида инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилишини, айниқса, қийноқлар ёхуд муомала ёки жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситиш ёхуд инсон ҳуқуқларининг бошқа бузилишларини қўллаш билан боғлиқ деб ҳисоблаши учун оқилона асосга эга бўлган далиллар келиб тушганда, улар бу каби далиллардан бундай усулларни қўллаганлардан ташқари, ҳар қандай шахсга қарши фойдаланишни рад этадилар ёки тегишли равишда судни хабардор қилади ҳамда бундай усулларни қўллашга масъул бўлган шахсларнинг судга жалб қилинишини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрадилар.
Ихтиёрий вазифалар
17. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларга ихтиёрий вазифаларни бажариш бўйича ваколатлар берилган мамлакатларда қонун ёки эълон қилинган нормалар ёхуд қарорлар суд таъқиби, жумладан, суд таъқибини қўзғатиш ёки бекор қилиш жараёнида қарорлар қабул қилишда адолат ва изчилликни ошириш учун раҳбарий принципларни таъминлайди.
Суд таъқибига муқобил усуллар
18. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ шу билан бирга гумонланувчи (гумонланувчилар) ва жабрланувчининг (жабрланувчиларнинг) инсон ҳуқуқларини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, суд таъқибини бекор қилиш, муҳокамани шартли ёки шартсиз равишда тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги ёки жиноят ишларини одил судловнинг расмий тизи мидан олиб ташлаш тўғрисидаги масалани тегишли тарзда кўриб чиқадилар. Ушбу мақсадларда давлатлар нафақат судларнинг ҳаддан ташқари иш ҳажми юкланганлигини камайтириш учун, балки судга қадар ушлаб туриш, айблаш ва ҳукм қилиш билан боғлиқ бўлган шармандаликнинг, шунингдек қамоқ жазосининг эҳтимол тутилган салбий оқибатларини олдини олиш учун ишларни бекор қилиш дастурларини қабул қилиш имкониятини тўлиқ ўрганишлари керак.
19. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларга вояга етмаганга нисбатан иш қўзғатиш ёки қўзғатмаслик тўғрисида қарор қабул қилишга доир ихтиёрий вазифаларни бажариш бўйича ваколатлар берилган мамлакатларда ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва жиддийлиги, жамиятни ҳимоя қилиш фикр-мулоҳазалари ҳамда вояга етмаганнинг характери ва ривожланиш даражаси алоҳида кўриб чиқилади. Ушбу қарорни қабул қилишда суд таъқибини амалга оширувчи шахслар тегишли қонунлар доирасида мавжуд бўлган суд таъқибига муқобил усулларни ва вояга етмаганларга нисбатан одил судловни амалга оширишнинг тартиб-таомилларини алоҳида кўриб чиқади. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар вояга етмаганларнинг суд таъқиби фақат қатъий зарур доираларда ўтиши учун барча имкониятлардан фойдаланади.
Бошқа ҳукумат органлари ёки муассасалари билан алоқалар
20. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар суд таъқибининг адолатли ва самарали бўлишини таъминлаш учун полиция, судлар, юристлар, жамоат қораловчилари ва ҳукуматнинг бошқа органлари ёки муассасалари билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиладилар.
Интизомий жазолар
21. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларга нисбатан интизомий жазони қўллаш тўғрисидаги муҳокама қонун ёки норматив ҳужжатларга асосланади. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларнинг ўз хатти-ҳаракатлари билан касбий стандартларни очиқ-ойдин бузганлигини тасдиқловчи шикоятлар тегишли тартиб-таомилга мувофиқ дарҳол ва ҳаққоний равишда кўриб чиқилади. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар адолатли муҳокама ҳуқуқига эга. Чиқариладиган қарор мустақил томон текширувидан ўтказилади.
22. Суд таъқибини амалга оширувчи шахсларга интизомий жазони қўллаш тўғрисидаги муҳокама объектив баҳолаш ва объектив қарор қабул қилишни кафолатлайди. Муҳокама қонун, Касб ахлоқи кодекси ҳамда бошқа белгиланган мезонлар ва этика нормалари ҳамда ушбу Раҳбарий принципларга мувофиқ ўтказилади.
Раҳбарий принципларга риоя этиш
23. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ушбу Раҳбарий принципларга риоя этади. Улар, шунингдек имкон қадар Раҳбарий принципларнинг ҳар қандай бузишининг олдини олади ва бундай бузилишларга қарши фаол курашади.
24. Суд таъқибини амалга оширувчи шахслар ушбу Раҳбарий принципларнинг бузилиши содир бўлган ёки тез орада содир бўлиши мумкин деб ҳисоблаш учун асосга эга бўлса, бу ҳақда ўзларининг юқори турувчи бошлиқларига ва зарур ҳолларда, бундай бузилишларни муҳокама қилиш ёки тузатиш бўйича ваколатлар юклатилган бошқа тегишли органлар ёки ҳокимиятларга хабар беради.
(имзолар)