Норасмий таржима
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси
МУҚАДДИМА
Инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос қадр-қиммат ҳамда уларнинг тенг ва ажралмас ҳуқуқларини тан олиш эркинлик, адолат ва ялпи тинчликнинг асоси эканлигини эътиборга олиб,
инсон ҳуқуқларини менсимаслик ва уни поймол этиш инсоният виждони қийналадиган ваҳшиёна ишлар содир этилишига олиб келганини, кишилар сўз эркинлиги ва эътиқод эркинлигига эга бўладиган ҳамда қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли шароитда яшайдиган дунёни яратиш инсонларнинг эзгу интилишидир деб эълон қилинганлигини эътиборга олиб,
инсон охирги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён кўтаришга мажбур бўлишининг олдини олиш мақсадида инсон ҳуқуқлари қонун кучи билан ҳимоя этилиши зарур эканлигини эътиборга олиб,
халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўра зарурлигини эътиборга олиб,
Бирлашган Миллатлар халқлари инсоннинг асосий ҳуқуқларига, шахснинг қадр-қимматига, эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигига, ўз эътиқодларини Низомда тасдиқлаганликлари ҳамда янада кенгроқ эркинликда ижтимоий тараққиёт ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашишга аҳд қилганликларини эътиборга олиб,
аъзо бўлган давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ялпи ҳурмат қилиш ва унга риоя қилишга кўмаклашиш мажбуриятини олганлигини эътиборга олиб,
мазкур ҳуқуқлар ва эркинликларнинг характерини ялпи тушуниш ушбу мажбуриятларнинг тўлиқ адо этилиши учун катта аҳамиятга эга бўлишини эътиборга олиб,
Бош Ассамблея мазкур Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини барча халқлар ва давлатлар бажаришга интилиши лозим бўлган вазифа сифатида эълон қилар экан, бундан мақсад ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир ташкилоти доимо ушбу Декларацияни назарда тутган ҳолда маърифат ва таълим йўли билан бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг ҳурмат қилинишига кўмаклашиши, миллий ва халқаро тараққийпарвар тадбирлар орқали ҳам унинг бажарилиши таъминланишига, Ташкилотга аъзо бўлган давлатлар халқлари ўртасида ҳамда ушбу давлатларнинг юрисдикциясидаги ҳудудларда яшаётган халқлар ўртасида ялписига ва самарали тан олинишига интилишлари зарур.
1-модда
Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин, бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак.
2-модда
1. Ҳар бир инсон ирқи, танасининг ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ушбу Декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиши зарур.
2. Бундан ташқари, инсон мансуб бўлган мамлакат ёки ҳудуднинг сиёсий, ҳуқуқий ёки халқаро мақомидан, ушбу ҳудуд мустақилми, васийми, ўз-ўзини идора қиладими ёки бошқача тарзда чекланганлигидан қатъий назар бирор бир айирмачилик бўлмаслиги керак.
3-модда
Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир.
4-модда
Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда сақланиши мумкин эмас; қуллик ва қул савдосининг барча кўринишлари тақиқланади.
5-модда
Ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак.
6-модда
Ҳар бир инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзининг ҳуқуқ субъекти сифатида тан олиниш ҳуқуқига эга.
7-модда
Барча одамлар қонун олдида тенгдирлар ва ҳар қандай тафовутларсиз қонун билан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга. Барча одамлар ушбу Декларацияга зид бўлган ҳар қандай камситишдан ва бундай камситишларга ундайдиган ҳар қандай фитнадан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадир.
8-модда
Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда ваколатли миллий судлар томонидан ҳуқуқларининг самарали тикланиши ҳуқуқига эга.
9-модда
Ҳеч ким асоссиз ҳибсга олиниши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмас.
10-модда
Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш ҳамда унга қўйилган жиноий айбнинг асосли эканини аниқлаш учун унинг иши тўлиқ тенглик асосида ошкора ва адолатнинг барча талабига риоя қилган ҳолда мустақил ва холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.
11-модда
1. Жиноят содир этганликда айбланган ҳар бир инсон, унинг ҳимоя қилиниши учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, унинг айби очиқ суд муҳокамаси йўли билан қонуний тартибда аниқланмагунга қадар айбсиз деб ҳисобланиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳеч ким жиноят содир этилган вақтда миллий қонунлар ёки халқаро ҳуқуққа кўра жиноят деб топилмаган ҳар қандай ҳаракат ёки фаолиятсизлиги асосида содир этилган жиноят учун жазога ҳукм қилиниши мумкин эмас. Шунингдек, жиноят содир этилган вақтда қўлланиши мумкин бўлган жазога нисбатан оғирроқ жазо берилиши мумкин эмас.
12-модда
Ҳеч ким бировнинг шахсий ва оилавий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиши, унинг уй-жойи дахлсизлигига, ёзишмаларидаги сирларга ёки унинг номуси ва обрўсига ўзбошимчалик билан тажовуз қилиши мумкин эмас. Ҳар бир инсон мана шундай аралашув ёки тажовуздан қонун томонидан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.
13-модда
1. Ҳар бир инсон эркин ҳаракатланиш ва ўзига ҳар бир давлат доирасида турар жой танлаш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон хоҳлаган мамлакатини, хусусан, ўз мамлакатини тарк этиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга.
14-модда
1. Ҳар бир инсон таъқиб туфайли бошқа мамлакатлардан бошпана излаш ва ўша бошпанадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2. Бу ҳуқуқ сиёсий бўлмаган жиноятни содир этганда ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва тамойилларига зид бўлган хатти-ҳаракатларга асосланган таъқиб ҳолатида қўлланилмайди.
15-модда
1. Ҳар бир инсон фуқаролик ҳуқуқига эга.
2. Ҳеч ким ўз фуқаролигидан ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан ўзбошимчалик билан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
16-модда
1. Балоғат ёшига етган эркаклар ва хотин-қизлар ирқи, миллати ёки диний белгилари бўйича ҳеч қандай чеклашларсиз никоҳдан ўтишга ва оила қуришга ҳақли. Улар никоҳдан ўтишда, никоҳда турган вақтларида ва уни бекор қилиш вақтида бир хил ҳуқуқлардан фойдаланади.
2. Никоҳдан ўтаётган ҳар икки томоннинг эркин ва тўлиқ розилиги асосидагина никоҳ тузилиши мумкин.
3. Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини саналади ҳамда жамият ва давлат томонидан ҳимоя қилинишга ҳақли.
17-модда
1. Ҳар бир инсон ҳам якка ҳолда, ҳам бошқалар билан биргаликда мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳеч ким ўз мулкидан ўзбошимчалик билан маҳрум этилиши мумкин эмас.
18-модда
Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодатда ҳамда диний расм-русум ва маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда бажариш орқали ўз дини ёки эътиқодига ҳам якка, ҳам бошқалар билан биргаликда амал қилиши эркинлигини ўз ичига олади.
19-модда
Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ тўсиқларсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни давлат чегараларидан қатъи назар, ҳар қандай воситалар билан излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.
20-модда
1. Ҳар бир инсон тинч йиғинлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги ҳуқуқига эга.
2. Ҳеч ким бирор бир уюшмага киришга мажбур қилиниши мумкин эмас.
21-модда
1. Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситасида ўз мамлакатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматидан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга.
3. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим; бу ирода ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказилиши керак бўлган даврий ва сохталаштирилмаган сайловларда ўз аксини топиши керак.
22-модда
Ҳар бир инсон жамият аъзоси сифатида миллий саъй-ҳаракатлар ва халқаро ҳамкорлик орқали ҳамда ҳар бир давлатнинг тузилиши ва ресурсларига мувофиқ ижтимоий таъминотга ва ўз қадр-қимматини қўллаб-қувватлаш ҳамда шахсининг эркин ривожланиши учун зарур бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳалардаги ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.
23-модда
1. Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, меҳнатнинг адолатли ва қулай шароитига ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
3. Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли ҳақ олишга ҳамда зарур бўлганда, ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилган даромад олиш ҳуқуқига эга.
4. Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга.
24-модда
Ҳар бир инсон дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш, жумладан, иш кунини оқилона чеклаш ҳуқуқи ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга.
25-модда
1. Ҳар бир инсон ўзининг ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур бўлган турмуш даражасига эга бўлиш, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга.
2. Оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам ҳуқуқини беради. Барча болалар никоҳда ёки никоҳда бўлмаган ота-оналардан туғилишидан қатъий назар, бир хил ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши керак.
26-модда
1. Ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим олиш, ҳеч бўлмаганда, бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозим. Бошланғич таълим мажбурий бўлиши керак. Техник ва касбий таълим ҳамманинг имкони етадиган бўлиши, олий таълим эса ҳар кимнинг қобилиятига асосан ҳамма учун бир хил имконият даражасида бўлиши керак.
2. Таълим инсон шахсининг тўлиқ ривожланишига ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига ҳурматни оширишга йўналтирилган бўлиши лозим. Таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, сабр-тоқатлилик ва дўстликка ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш бўйича фаолиятига кўмаклашиши керак.
3. Ота-оналар кичик ёшдаги болалари учун таълим турини танлашда устуворлик ҳуқуқига эгадир.
27-модда
1. Ҳар бир инсон жамиятнинг маданий ҳаётида эркин иштирок этиш, санъатдан баҳраманд бўлиш, илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самарасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳар бир инсон, у муаллифи бўлган илмий, адабий ёки санъат асарларининг натижасида ўзининг маънавий ва моддий манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга.
28-модда
Ҳар бир инсон ушбу Декларацияда баён этилган ҳуқуқ ва эркинликлар тўлиқ амалга оширилиши мумкин бўлган ижтимоий ва халқаро тартиб ҳуқуқига эга.
29-модда
1. Ҳар бир инсон ўз шахсиятининг эркин ва тўлиқ ривожланиши мумкин бўлган жамият олдидагина мажбуриятга эга.
2. Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда демократик жамиятда бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умумий фаровонликнинг адолатли талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак.
3. Ушбу ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалга оширилиши ҳеч қандай ҳолатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мақсад ва тамойилларига зид бўлмаслиги керак.
30-модда
Ушбу Декларациядаги ҳеч бир нарса бирор бир давлат, шахслар гуруҳи ёки алоҳида шахсларга мазкур Декларацияда баён этилган ҳуқуқ ва эркинликларни йўқ қилишга йўналтирилган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ёки ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқини бериш каби талқин этилиши мумкин эмас.
(имзолар)