Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиб, шуни қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ҳукумат қарорларининг ижросини таъминлашга йўналтирилган.
2024 йилнинг тўққиз ойида мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 6,6 фоизни ташкил этди. Шундан саноат ишлаб чиқариш 7,0 фоизга, қурилиш ишлари 9,0 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 3,1 фоизга кўпайган.
Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 343,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,0 фоизга ўсган. Ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи 16,4 фоизга ошган. Аҳоли даромадларининг инфляция даражасидан (6,8 фоиз) юқорилиги уларнинг реал умумий даромадлари 7,7 фоизга ошишига имкон яратди.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджети даромадлари 193,6 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 18,9 фоизга ошган ва деярли барча солиқ турлари бўйича белгиланган режа кўрсаткичлари тўлиқ бажарилган.
Фаолият кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларининг сони тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ислоҳотлар натижасида ўтган йилга нисбатан қарийб 37,2 мингтага ошиб, 848,4 мингтани ташкил этди. Фойда солиғини тўловчилар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,8 фоизга, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сони эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,6 фоизга ошган.
Давлат бюджети харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ўтказилган трансфертлар билан бирга) ҳисобот даврида 219,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоизга ўсган.
Ҳисобот даврида аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида ижтимоий соҳа харажатлари учун Давлат бюджетидан 107,8 трлн. сўм (умумий харажатларнинг 49,2 фоизи) ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,5 трлн. сўм кўп маблағ йўналтирилган.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қаноатлантириш мақсадида жорий йилнинг тўққиз ойи якунларига кўра, республика бюджетидан ипотека кредитлари бўйича 0,9 трлн. сўм субсидия ажратилган.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғидан манфий фарқни қоплаш учун солиқ тўловчиларга 21,9 трлн. сўм миқдоридаги тушумлар қайтариб берилган. Бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 трлн. сўмга кўпдир.
Жорий йилда «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун ажратилган маблағлар ҳажми 2023 йилга нисбатан 26 фоизга ошиб, умумий ажратилган маблағлар миқдори 5,7 трлн. сўмни ташкил этган.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган.
Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар айрим вазирлик ва идоралар томонидан тўлиқ ва етарли даражада ўзлаштирилмаган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида оналар ва болаларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш учун харажатлар 68,3 фоизга, буйрак ва жигар трансплантацияси бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш учун харажатлар 62,9 фоизга, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларнинг сифатини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун харажатлар 49,3 фоизга, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар учун ажратилган маблағлар 38,6 фоизга ўзлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга уларнинг амалиётни ўташи даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги ҳар ойлик субсидиялар берилмаган.
Ҳисобот даври давомида ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган аудит тадбирлари натижасида жами 521,1 млрд. сўмлик мақсадсиз ва самарасиз харажатларнинг олди олинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот тасдиқлансин.
Жорий йилнинг тўққиз ойида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 233,0 трлн. сўмни, харажатлари эса 256,1 трлн. сўмни ташкил этиб, 23,1 трлн. сўм (ЯИМга нисбатан 1,6 фоиз) тақчиллик билан бажарилганлиги қайд этилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
йил якунига қадар иқтисодиёт тармоқларини ва соҳаларини ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантиришга оид дастурлар ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва маҳаллий бюджетларга даромадларнинг тушиши учун солиқ тушумларини тўлиқ жалб этиш борасида таъсирчан чоралар кўриш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларни давом эттириш;
давлат дастурларида кўзда тутилган лойиҳалар, шунингдек ижтимоий соҳа объектларига ажратилган маблағлардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши ва ўзлаштирилиши, инвестиция дастурларининг ўз вақтида ижро этилиши устидан таъсирчан назоратни кучайтириш;
Давлат бюджети ҳисобидан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш мақсадларида ажратилаётган субсидия маблағларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг натижадорлиги устидан таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси белгиланган бюджет даромадлари тушумларини ҳамда юзага келган боқиманда қарздорликларни тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда йил якунига қадар тўлиқ ундириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тайёрлаш ҳамда Ҳукуматга киритишда камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг яшаш даражасини ошириш тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан фойдаланишга оид маълумотларни алоҳида банд сифатида акс эттириш;
Давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларнинг қонунда тасдиқланган параметрлар доирасида ўзлаштирилишини таъминлаш, ортиқча бюджет харажатларининг сарфланишига йўл қўймаслик;
бюджет интизоми бузилишининг, камомадлар ва мақсадсиз харажатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларда тузилган ички аудит хизмати фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, бу борадаги камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
биринчи ва иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар ҳамда давлат мақсадли жамғармалари томонидан бюджет маблағлари сарфланишининг натижадорлигини баҳолаш услубиётини такомиллаштириш ҳамда баҳолаш натижаларини ҳисоботда акс эттириш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг тегишли ҳисобот давридаги ижросини ўз мақсад ва дастурларидан келиб чиққан ҳолда, вазирлик ва идоралар кесимида ўрганиш ҳамда бу борада парламент назоратини кучайтириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари тегишли вазирлик ва идораларнинг ривожлантириш дастурлари бўйича тасдиқланган мақсадли индикаторларга эришилганлиги юзасидан ўрганишлар ўтказиш, шунингдек вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотини кўриб чиқиш жараёнида таъсирчан назорат чораларини кўрсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 декабрь,
127-V-сон