Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг 2024 йил 18 — 20 ноябрда бўлиб ўтган мажлисларидаги нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ҳаракатлар дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг 2024 йил 18 — 20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган мажлисларидаги нутқларида белгилаб берилган вазифалар, билдирилган таклифлар ҳамда ташаббусларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) қўмиталари ва депутатлари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, шунингдек норма ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида янги ёндашувларни жорий этиш орқали натижадорликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг 2024 йил 18 — 20 ноябрда бўлиб ўтган мажлисларидаги нутқларида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ҳаракатлар дастури (бундан буён матнда Ҳаракатлар дастури деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ҳаракатлар дастурида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилиши учун Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосарлари, қўмиталари раислари ва Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига Ҳаракатлар дастурида белгиланган тегишли тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
4. Қонунчилик палатасининг Девони Ҳаракатлар дастурининг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида ҳар ойда Қонунчилик палатасининг раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин ҳамда Ҳаракатлар дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар, ўтказиладиган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
5. Ҳаракатлар дастурида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 17 декабрь,
185-V-сон