Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
қарори
Ер тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида
Ер тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича суд амалиётида қонунчиликнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 68-моддасига мувофиқ, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Ер тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг (бундан буён матнда Ер кодекси деб юритилади) 2-моддасида кўрсатилган принципларга асосланади.
Ер кодексининг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида ер фонди ерлардан фойдаланишнинг белгиланган асосий мақсадига кўра қуйидаги тоифаларга бўлинади:
1) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар — қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ёки ана шу мақсадга мўлжалланган ерлар. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалмикор) ерлар, ҳайдаладиган ерлар, пичанзорлар, яйловлар, кўп йиллик мевали дов-дарахтлар ва токзорлар эгаллаган ерларга бўлинади;
2) аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг) ерлари — шаҳарлар ва посёлкалар, шунингдек қишлоқ аҳоли пунктлари чегараси доирасидаги ерлар;
3) саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар — кўрсатилган мақсадларда фойдаланиш учун юридик шахсларга берилган ерлар;
4) табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар — муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эгаллаган, устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар;
5) тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар — моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерлар;
6) ўрмон фонди ерлари — ўрмон билан қопланган, шунингдек ўрмон билан қопланмаган бўлса ҳам, ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар;
7) сув фонди ерлари — сув объектлари, сув хўжалиги иншоотлари эгаллаган ерлар ва сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги ерлар;
8) захира ерлар.
Ушбу ер фондларидан белгиланган меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида фойдаланмаслик маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
2. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (бундан буён матнда ЖК деб юритилади) 2291-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объекти ер участкаларини бошқариш ёки тақсимлашнинг қонунчиликда белгиланган тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Ер участкаси деганда, ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисми тушунилади (Ер кодексининг 10-моддаси).
3. Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда, қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилмаган ҳолда фойдаланиш тушунилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МЖтК деб юритилади) 60-моддаси билан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиқарилган пайтдан бошлаб, бир йил мобайнида шахснинг ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиши, ЖК 2291-моддасининг 1-қисми билан жавобгарликка тортишнинг зарурий шартидир.
4. ЖК 2291-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объекти суғориладиган ер участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
Ер кодексининг 44-моддасига кўра, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар суғориладиган ерлардир.
5. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда, қонунчиликда белгиланган тартибда ажратилмаган (реализация қилинмаган), шу жумладан, берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегаралари ваколатли органлар томонидан натурада (жойнинг ўзида) белгиланмаган, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилмаган ҳолда фойдаланиш тушунилади.
Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ушбу ер майдонларида ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан қурилиш ишларини амалга оширишда ифодаланади.
Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноят аниқланган пайтдан бошлаб тамом бўлган ҳисобланади.
6. Судлар суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш жиноятини МЖтК 60-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлардан фарқлашлари зарур.
МЖтК 60-моддасининг 3-қисмида суғориладиган ер участкалари тоифасига кирмайдиган ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ҳамда туташ бўлмаган ерларда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилганлиги тушунтирилсин. Агар суғориладиган ер участкалари уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлса, айбдорнинг ҳаракати ЖК 2291-моддасининг 2-қисми билан квалификация қилинади.
7. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган суғориладиган ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилиб, қурилиш объектлари сотилса, қилмиш ЖК 2291-моддасининг 2-қисми ва 168-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилинади.
8. Суғориладиган ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ушбу ер участкасида қурилиш ишлари амалга оширилмаган ҳолда ўзга шахсга сотилса, қилмиш фирибгарлик сифатида ЖК 168-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниб, ЖК 2291-моддасининг 2-қисми билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
9. Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ёки ижарачилар ўзларига ажратилган ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиши оғир оқибатларга олиб келса (масалан, балиқ ҳовузини барпо қилган, тупроғини сотган ҳолатда ерни нобудгарчиликка олиб келган ва шу каби бошқа ҳолатлар), қилмиш ЖКнинг 197-моддаси билан квалификация қилинади.
Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш натижасида келиб чиқадиган оқибатларнинг оғирлиги, судлар томонидан тегишли соҳа мутахассисларининг хулосалари ёки далолатномаларига асосан баҳоланади.
Суғориладиган ердан фойдаланувчилар (фермер, деҳқон хўжалиги ва бошқалар) улардан фойдаланиш шартларини бузган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширса, уларнинг ҳаракатлари ЖК 2291-моддасининг 2-қисми билан квалификация қилинади.
Суғориладиган ер майдонининг эгаси, мисол учун фермер хўжалиги раҳбари бошқа шахс томонидан суғориладиган ер майдонида қурилиш ишларини амалга оширилишига йўл қўйса, тегишли асослар бўлган тақдирда, унинг ҳаракатлари ЖК 1971-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.
10. Расмий ҳужжатни сохталаштириб ва ундан фойдаланиш орқали суғориладиган ерга бўлган ҳуқуқ қўлга киритилиб, ушбу ер участкасида қурилиш ишлари амалга оширилса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 228-моддасининг тегишли қисмлари ва 2291-моддасининг 2-қисми билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилинади.
Агар ерга бўлган ҳуқуқни белгиловчи расмий ҳужжатни сохталаштириш мансабдор шахс билан тил бириктирган ҳолда содир этилган бўлса, мансабдор шахснинг ҳаракати ЖК 209-моддасининг тегишли қисми, бошқа шахснинг ҳаракати эса иштирокчилик сифатида ЖК 28, 209-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши лозим.
11. Тушунтирилсинки, ЖКнинг 2291-моддасида назарда тутилган жиноятни биринчи марта содир этган шахс ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Биринчи марта жиноят содир этган шахс деганда, муқаддам ер билан боғлиқ жиноятларни содир этмаган, жиноий жавобгарликдан озод қилинган ёки бундай жиноятларни содир этганлиги учун судланганлик ҳолати тугаган ёхуд олиб ташланган шахс тушунилади.
ЖК 2291-моддасининг 3-қисмига асосан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилишда, ўттиз кунлик муддат ичида ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этганлиги фактини тасдиқловчи далиллар (тўлов топшириқномалар, чипталар, ер участкасининг қайтарилганлиги ҳамда ноқонуний қурилма бузилганлиги ҳақидаги далолатномалар) мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Шу муносабат билан, дастлабки тергов ёки судда иш кўриш пайтида айбдор томонидан юқоридаги ҳолатлар бартараф этилганлиги кўрсатиб ўтилган бўлса, суд қарорларида ушбу оқибатлар айнан қачон бартараф этилганлиги муддати аниқ кўрсатилиши зарур.
Зарар суммасини аниқлаш учун тегишли мутахассис ёки эксперт хулосаларидан ташқари, ушбу ҳолатларни аниқлашга кўмак берадиган ва бугунги кунда фойдаланилиб келинаётган «Google Map» ҳамда шу каби бошқа дастурлардан кенг фойдаланилиши лозимлиги тушунтирилсин.
Зарарни ҳисоблашда ўзлаштирилган ҳудуддаги фойдаланишга яроқли бўлган ҳудуд чегирилиб, ҳақиқатдан ҳам нобудгарчиликка йўл қўйилган (қурилиш ости) ер майдонидан келиб чиқиш лозим.
Шунга кўра, жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда ва суд ҳукмида иш бўйича ерни нобудгарчиликка йўл қўйилганлиги натижасида етказилган зарар ва ундирилиши лозим бўлган пул миқдорини аниқ кўрсатилишига эътибор қаратилсин.
12. Шахсни ЖКнинг 2294-моддасида назарда тутилган ер бериш тартибини бузганлик учун жавобгарликка тортишнинг зарурий шарти муқаддам шундай қилмишни содир этганлиги учун маъмурий жазога тортилган бўлишидир.
Ер бериш тартибини бузиш деганда, ер участкаларини мулк қилиб бериш (реализация қилиш), улардан доимий фойдаланиш ва уларни ижарага беришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этмаслик тушунилиб, судлар ҳукмда айнан қайси тартиб бузилганлигини аниқ кўрсатишлари зарур.
13. ЖКнинг 2294-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти ер бериш тартибига риоя қилиши лозим бўлган шахслар ҳисобланади.
Ушбу жиноят содир қилишда иштирок қилган, бироқ жиноят субъекти ҳисобланмайдиган шахсларнинг қилмиши иштирокчилик сифатида ЖК 28, 2294-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилиниши зарур.
14. Шахс илгари маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ер бериш тартибини икки ва ундан ортиқ маротаба бузган ҳамда жиноят содир этилган вақтда бу ҳаракатлари учун судланмаган бўлса, унинг ҳаракати такроран жиноят содир этиш сифатида ЖК 2294-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан квалификация қилиниши лозим.
15. Ер бериш тартибини бузиш суғориладиган ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўлса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 2294-моддаси 2-қисмининг «б» банди билан квалификация қилинади ва бунда илгари шундай ҳаракати учун маъмурий жазо қўлланилган бўлиши талаб этилмайди.
Суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалиги оборотидан чиққан деб баҳолашда, бу ҳақда мутахассиснинг хулосаси олинган бўлиши керак.
16. Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ер бериш тартибини бузиш жиноятини ЖК 2294-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан квалификация қилишда, ҳар қайси иштирокчининг жиноятда иштирок этганлик даражаси ва хусусиятини аниқлаш, олдиндан тил бириктириш бўлган-бўлмаганлигини ва улар ўртасида вазифалар ўзаро тақсимланган-тақсимланмаганлигини синчиклаб текшириш лозим.
Ер бериш тартибини бузишда бевосита иштирок этган ва ер бериш тартибига риоя қилиши лозим бўлган икки ёки ундан ортиқ шахснинг ҳаракатлари ЖК 2294-моддаси 2-қисмининг «в» банди билан квалификация қилинади.
Ер бериш тартиби бузишда бевосита иштирок этмаган, бироқ ушбу тартибни бузиб, ер ажратилишига кўмаклашган бошқа шахсларнинг ҳаракатлари ЖК 28, 2294-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилинади.
17. ЖКнинг 2296-моддасида суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун жавобгарлик белгиланган.
Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш деганда, уни бошқа шахсларга моддий манфаат ёки бошқа ҳақ эвазига ўтказиш тушунилиши лозим.
Қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш деганда, суғориладиган ер участкасини ёки унинг бир қисмини ҳуқуқи бўлмаган шахснинг тўлиқ эгалигига, вақтинча фойдаланишга ёхуд бошқача тарзда фойдаланишга топшириш тушунилиши керак.
18. ЖКнинг 2296-моддасида назарда тутилган жиноят суғориладиган ер участкаси ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга беришга қаратилган ҳар қандай ҳаракат содир этилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
19. ЖКнинг 2296-моддасида назарда тутилган жиноятнинг субъекти суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотган ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
20. Фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари (масъулияти чекланган жамият, хусусий, оилавий, қўшма ва хорижий корхоналар, акционерлик жамиятлари ҳамда бошқалар) мансабдор шахслари ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиши ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериши ЖК 2296-моддаси 2-қисмининг «г» банди билан квалификация қилиш учун асос бўлади. Бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатини ЖКнинг 205-моддаси ёки 19211-моддаси билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.
21. Агар шахс ўзининг суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини сотиш ёки қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга беришдан ташқари, суғориладиган ерлар тоифасига кирмайдиган ва ўзгага тегишли бўлган ер участкасини ҳам сотса, унинг ҳаракати ЖК 2296-моддасининг тегишли қисми ва 168-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилинади.
22. Шахс суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини сотиш ёки қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга беришдан ташқари, пора беришга далолат қилган бўлса, унинг қилмиши ЖК 2296-моддасининг тегишли қисми ва 28, 211-моддасининг тегишли қисми билан жиноятлар мажмуи тарзида квалификация қилиниши лозим. Пора беришга оғдирилган шахснинг ҳаракатлари эса, пора беришга суиқасд сифатида ЖК 25, 211-моддасининг тегишли қисми билан квалификация қилинади.
23. Судларга тушунтирилсинки, ер (мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаси бундан мустасно) талон-торож жиноятлари предмети ҳисобланмаслиги сабабли, ер участкаларининг ноқонуний эгаллаб олиниши ёки турли асосларга кўра унга бўлган ҳуқуқни қонунга хилоф равишда бошқа шахсларга ўтказилиши ЖКнинг 167, 168-моддалари билан квалификация қилинмайди.
24. Судларга бу тоифадаги ишларни кўришда, ердан ноқонуний фойдаланиш натижасида етказилган зарарни ундириш масаласини муҳокама қилган ҳолда, уни ундирилишини таъминлаш чораларини кўришлари лозимлиги тушунтирилсин.
25. Қонунга хилоф равишда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилиши сабабли, суд қарорларида манфаатдор тарафларга тегишли тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилиши зарур.
26. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ер билан боғлиқ ишларни кўриш бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб боришлари ва йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. ИСЛАМОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 16 декабрь,
36-сон
Пленум котиби, Олий суд судьяси Н. ХАКИМОВА