Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида
Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, амалий тиббиётни илмий тамойиллар асосида такомиллаштириш орқали самарали тиббий ёрдам кўрсатиш, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:
1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) давлат-хусусий шериклик асосида қуйидагиларни ташкил этиш:
юридик шахс мақомига эга бўлган Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академиясини (кейинги ўринларда — Академия);
Академия таркибида илмий-тадқиқот лабораторияси, ўқув-симуляцион марказ ва меҳмонхона;
б) хусусий шерик сифатида «Central Asian Medical University» нодавлат тиббиёт университетини белгилаш;
в) «Central Asian Medical University» нодавлат тиббиёт университети (кейинги ўринларда — Хусусий шерик) билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни (кейинги ўринларда — Битим) тузиш.
2. Белгилансинки:
а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги Академияни ташкил этишда давлат шериги сифатида иштирок этади;
б) Академия нодавлат тиббий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда Оролбўйи минтақасида:
барча тиббиёт муассасалари ҳамда тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасалари учун келишув асосида амалий кўникмаларни шакллантирадиган ўқув-симуляцион база сифатида фаолият юритади;
тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, уларнинг касбий билимлари ва амалий кўникмаларини ривожлантиришнинг муқобил тизимини жорий этади;
в) Нукус шаҳрида жойлашган давлат ва нодавлат даволаш-профилактика муассасалари Академиянинг клиник базаси ҳисобланади;
г) Хусусий шерик Битимда белгиланган шартлар асосида Академиянинг фаолият олиб бориши ва ривожланишини ҳамда бириктирилган ҳудудлар тиббиёт муассасалари мутахассисларининг малакасини мунтазам ошириб боришни таъминлайди;
д) Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш марказига юклатилган вазифалар Оролбўйи минтақаси бўйича Академия томонидан амалга оширилади;
е) келгусида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Хусусий шерик билан келишилган ҳолда Академияга Оролбўйи минтақасидан ташқари бошқа ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳам мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича бириктирилиши мумкин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ж) Нукус шаҳри, А. Досназаров кўчаси, 104-уй манзилида жойлашган ўқув биноларининг биринчи, тўртинчи ва олтинчи корпуслари Академияни ташкил этиш учун Хусусий шерикка Битимнинг амал қилиш муддатига тасарруф этиш ҳуқуқисиз эгалик қилиш ва фойдаланишга берилади.
Мазкур корпусларга бириктирилган ер участкаси Хусусий шерикка ушбу қарорнинг 6¹-бандида белгиланган тартибда берилади.
(2-банднинг «ж» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-191-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.09.2026 й., 06/26/191/0937-сон)
3. Қуйидагилар Академия фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
тиббиёт кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
тиббиёт ходимларида амалий кўникмаларни шакллантириш, халқаро стандартларга асосланган илғор технологиялар, услубий материалларни кенг жорий этиш, илмий фаолият ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
ташхислаш ва даволашнинг юқори технологияли инновацион усулларини амалиётга жорий этиш;
телемедицина технологияларидан кенг фойдаланиш учун шароитлар яратиш;
Оролбўйи минтақасида кенг тарқалган касалликларни профилактика қилиш ва камайтириш бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ушбу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириш.
4. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Академияда клиник ординатурада юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш ишларини йўлга қўйишга кўмаклашсин.
5. Хусусий шерикка қуйидаги вазифалар юклансин:
2025 йил 1 октябрдан бошлаб Академия фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш;
мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун Академияга республика ҳамда хорижий тиббиёт ташкилотлари ва марказларининг малакали мутахассисларини жалб қилиш.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Хусусий шерикка қуйидагиларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатсин:
а) Академиянинг қурилиш объектлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда экспертизадан ўтказишда;
б) Академияни жойлаштириш учун ажратилган бино ва иншоотлар ҳамда унга бириктирилган ҳудудда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларида;
в) Академияга жалб этилган маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Академия ҳудудида 50 ўринли меҳмонхона ташкил этишда;
г) тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва амалий кўникмаларини мунтазам равишда ривожлантириш учун Академияни зарур бўлган қўшимча ўқув-симуляцион ускуналар билан жиҳозлашда.
Олдинги таҳрирга қаранг.
61. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши бир ой муддатда Нукус шаҳри, А. Досназаров кўчаси, 104-уй манзилида жойлашган, майдони 13 013 кв.м бўлган ер участкасини Хусусий шерикка Битимнинг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатга вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланишга бериш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилсин.
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Хусусий шерикнинг мазкур ҳуқуқлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
(61-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-191-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.09.2026 й., 06/26/191/0937-сон)
7. Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда:
икки ой муддатда Хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг белгиланган тартибда имзоланишини таъминласин;
2025 йил 1 октябрдан бошлаб Оролбўйи минтақасидаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ўрта тиббий ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни Академияга ажратиш чораларини кўрсин;
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 апрелга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини оширишни хусусий секторни жалб қилган ҳолда, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишни;
нодавлат ташкилотлар томонидан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш бўйича давлат буюртмасини молиялаштириш тартибини;
в) Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлинмасини Академия биносида жойлаштирилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.У. Эрманов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 декабрь,
ПҚ-453-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2024 й., 07/24/453/1069-сон; 16.09.2026 й., 06/26/191/0937-сон)