Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
қарори
«Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги 1997 йил 22 августдаги 12-сонли қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида»
Жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши бўйича баъзи масалаларни муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан жиноят ишларини биринчи босқич судида муҳокама этиш жараёнида процессуал қонунчиликка риоя қилиниши тўғрисида»ги 1997 йил 22 августдаги 12-сонли қарорига қуйидагича қўшимчалар киритилсин:
Қайд этилган қарорнинг биринчи банди қуйидаги мазмундаги хатбошилари билан тўлдирилсин:
«Жиноят ишларини суд муҳокамасига тайинлаш чоғида жиддий камчиликларга йўл қўйилаётганлиги судларга уқтирилсин ва улар зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 396-моддаси талабидан келиб чиқиб, ҳар бир жиноят иши бўйича айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасининг тўғри танланганлигини аниқлаш мажбурияти юклатилсин».
«Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 249-моддасида белгиланган гаров, яъни пул маблағи ёки қимматбаҳо буюмларни тергов органи ёки суднинг депозит ҳисоб рақамига топширилиши асосида эҳтиёт чорасини танлаш айбланувчи (судланувчи)ни жамиятдан ажратмаган ҳолда унга юклатилган мажбуриятларга риоя қилишини таъминловчи самарали усул эканлиги дастлабки тергов органлари ва судларга тушунтирилсин. Шунга кўра, ишларнинг тергов қилишини ва судда кўрилиши чоғида тергов органи ва суд айбланувчи (судланувчи), уларнинг қариндошлари, бошқа фуқаролар ёки ҳуқуқий шахсларга уларнинг гаровга қўйиш ҳуқуқларини тушунтиришга мажбурдир».
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси У. МИНГБОЕВ
Пленум котиби, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси А. МУХАММАДИЕВ
Тошкент ш.,
1999 йил 30 апрель,
7-сон