Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2024 йил 18 — 20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталаридаги нутқларидан келиб чиқадиган ташкилий вазифалар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2024 йил 18 — 20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталаридаги нутқларида белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ қилиш, шунингдек демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда қуйи палатанинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2024 йил 18 — 20 ноябрь кунлари Олий Мажлис палаталаридаги нутқларидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ишини самарали ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» (бундан буён матнда «Йўл харитаси» деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Йўл харитаси»да назарда тутилган вазифалар ва тадбирларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери ўринбосарлари, қўмиталари раислари ва Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига «Йўл харитаси»да белгиланган тегишли тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат-таҳлил бўлими «Йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг ижроси тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази «Йўл харитаси» доирасида амалга ошириладиган ишларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
6. «Йўл харитаси»да назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 25 ноябрь,
74-V-сон