Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Туризм соҳасини рақамлаштириш ва туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 12 январдаги ПФ-9-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда туризм соҳасини рақамлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлигининг хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида масофадан туриб жойлаштириш воситаларини банд қилиш, туроператор ҳамда турагентлар томонидан таклиф этилаётган хизматлар, автотранспорт воситалари ижараси, гид-таржимон ва такси хизматлари ҳамда туризм соҳасидаги бошқа хизматлардан фойдаланиш имкониятини тақдим этувчи Миллий туризм ягона платформасини (кейинги ўринларда — платформа) ишга тушириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни амалга ошириш имконини берувчи платформани 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб синов тариқасида, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб тўлиқ ишга туширилишини таъминласин:
сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш;
республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш;
йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш;
автобус, авиа ва темир йўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш;
халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;
туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш.
3. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси (кейинги ўринларда — Туризм қўмитаси) платформани ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича буюртмачи ҳисобланади;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 мартдаги 105-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)
платформа оператори қонунчиликда белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-тамойиллари натижаларига кўра танлаб олинади;
платформани ишлаб чиқиш, техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириб бориш Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
платформада жойлаштириладиган маълумотлар базаси мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси билан интеграциялашган ҳолда юритилади;
жисмоний ва юридик шахслар ўз хоҳишига кура платформага уланиши ва унда хизматларни жорий этиши мумкин;
платформа оператори томонидан платформа маълумотларининг 14 та хорижий тилга таржимаси таъминлаб борилади.
4. Платформанинг узлуксиз ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Туризм қўмитаси:
а) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизими, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airways» АЖ ва бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотларнинг электрон чипталарни харид қилиш тизимлари;
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги билан биргаликда маданият ташкилотлари, шу жумладан, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш тизимлари;
Солиқ қўмитаси билан биргаликда платформани Маркетплейс реестрига киритган ҳолда Солиқ қўмитасининг тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини;
б) платформани ишлаб чиқиш ва ишга тушириш ҳамда уни кейинчалик техник қўллаб-қувватлаш бўйича техник ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ҳамда ваколатли органларда экспертизадан ўтказилишини;
жойлаштириш воситалари, туроператор ва турагентлар, гид (гид-таржимон), йўриқчи-йўл бошловчи ва экскурсия етакчилари платформа орқали ўз хизматларини йўлга қўйишлари учун барча шароитлар яратилишини;
платформани модернизация қилиш ҳамда унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини;
туризм соҳаси субъектлари ҳамда аҳоли ўртасида платформа имкониятларини доимий тарғиб қилиб боришни таъминласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 7 декабрь,
820-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2024 й., 09/24/820/1013-сон; 17.03.2026 й., 09/26/105/0244-сон)