Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Давлат харидларида ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга кенг имкониятлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ҳамда жорий йил 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифаларни бажариш, шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда ишлаб чиқарувчиларга қулай рақобат муҳитини таъминлаш, уларнинг давлат харидларидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. 2026 йил 1 январдан бошлаб ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлари ишлаб чиқарган товарларни таклиф этишнинг қуйидаги йўналишларини назарда тутувчи очиқ ва шаффоф Ишлаб чиқарувчилар экотизими жорий қилинсин:
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 октябрдаги ПҚ-304-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.10.2025 й., 07/25/304/0942-сон)
ҳудудлар ва товарлар кесимида ишлаб чиқарувчилар тўғрисидаги саноат харитасини ишлаб чиқиш;
давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини ўрнатиш ва офтейк шартномалар тузиш имкониятини яратиш;
«B2B» ва «B2C» форматида «маркетплейс» шаклидаги эркин савдо майдончасини ташкил этиш;
давлат буюртмачилари томонидан устувор равишда Ишлаб чиқарувчилар экотизимига киритилган ишлаб чиқарувчилардан товарларни харид қилиш, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар доирасида харид қилиш бўйича алоҳида тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ишлаб чиқарувчилар экотизимининг тўлиқ жорий этилиши ва унинг барқарор фаолият юритишини таъминлаш учун масъул ташкилот эканлиги белгилаб қўйилсин.
2. Белгилансинки:
давлат харидларида ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини янада кенгайтириш мақсадида «давлат харидлари — бизнесга кўмак» тамойили асосида «тадбиркорбай» ишлаш тизими йўлга қўйилади;
иқтисодиёт ва молия, ғазначилик органлари ходимлари ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркор билан манзилли ишлаб, уларга давлат харидларида фаол иштирок этишга кўмаклашади;
ишлаб чиқарувчилар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталидан рўйхатдан ўтказилади, шунингдек, уларнинг оферталари бир вақтнинг ўзида барча давлат харидлари электрон тизимларида жойлаштирилади;
электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдоларида ишлаб чиқарувчиларга улар томонидан етказиб берилган товарлар миқдорига мутаносиб равишда ҳақ тўлаб берилади.
3. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг юқори ва ўрта барқарорлик рейтинги тоифаларига мансуб тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган ишлаб чиқарувчиларга барча давлат харидлари электрон тизимларида:
давлат харидларида иштирок этиш учун воситачилик йиғими миқдорига нисбатан 50 фоиз чегирма тақдим этиш;
харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишда қўшимча закалат киритмаслик тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2025 йил 1 январдан бошлаб:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари давлат харидларини амалга оширишда тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар, шунингдек, импорт улушини кескин камайтириб бориш каби мезонлар асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 13 мартдаги ПФ-49-сон Фармонига мувофиқ белгиланади;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва йирик давлат корхоналари томонидан ҳар ярим йил якунига кўра амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, импорт ва тўғридан-тўғри харидларнинг улушини кескин камайтириш бўйича кўрилган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериб бориш тизими йўлга қўйилади;
давлат харидлари соҳасида назоратни амалга оширувчи давлат органлари ушбу соҳада аниқлаган ҳуқуқбузарликлар, шунингдек, хато ва камчиликлар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этган ҳолда доимий очиқлаб борилади;
харид қилиш тартиб-таомилида давлат харидларини амалга ошириш учун талабгор сифатида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектларининг давлат харидлари жараёнидаги фаолиятини электрон ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида махсус ахборот порталида инсон омилисиз баҳолаб борувчи скоринг тизими жорий этилади;
давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида хорижий давлатлардаги давлат харидларида иштирок этиш бўйича ўқув материаллари жойлаштирилади ва ҳар чоракда янгилаб борилади.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда:
Савдо-саноат палатаси билан биргаликда электрон кооперация портали фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш чораларини кўрсин;
хорижий экспертлар билан ҳамкорликда давлат харидлари тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда янги услуб ва механизмларни жорий этиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан консорциум ташкил этган ҳолда, давлат харидларида иштирок этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги амалий ишлар самарадорлигини ҳамда мавжуд имкониятларни доимий муҳокама қилиб бориш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида тегишли тармоқ уюшмаларидаги фаол ишлаб чиқарувчилардан иборат жамоатчилик асосида фаолият юритувчи «Харид ислоҳотчилари гуруҳи»ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифга розилик берилсин.
Давлат харидларида ишлаб чиқарувчилар учун яратилган имкониятлар самарадорлигини ўрганиш ва соҳада мавжуд қўшимча имкониятларни амалиётга жорий қилиш ҳамда бу борада тегишли таклифларни тайёрлаш мазкур гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган тарғибот ишлари мунтазам равишда ташкил этилишини таъминласин.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 3 декабрь,
ПҚ-417-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.12.2024 й., 07/24/417/0999-сон; 15.10.2025 й., 07/25/304/0942-сон)