Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
1997 йил 2 июнда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битимни тан олиб,
икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истагини билдирган ҳолда,
атроф-муҳит муҳофазаси ҳозирги ва келажак авлодлар соғлиги ва фаровонлиги учун зарурлигига ишонч билдирган ҳолда,
барқарор иқтисодий ривожланиш табиий ресурсларни экологик жиҳатдан оқилона бошқаришни талаб қилишини тан олган ҳолда;
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг глобал атроф-муҳитни сақлаш бўйича масъулияти нуқтаи назаридан ўзаро манфаатли ва муҳим эканлигини тўлиқ англаган ҳолда,
глобал атроф-муҳит муаммолари бўйича мос қарорлар қабул қилиш нуқтаи назаридан экологик сиёсат ва амалиётнинг муҳимлигини тан олиб,
барқарор ривожланиш тамойилларига асосланган иқтисодий ўсиш ва энг юқори турмуш даражасига эришиш устуворлигини инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунчилиги ва ўз давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилади:
атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш;
сув ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш, шу жумладан, сувнинг ифлосланиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотни ўзаро узатиш ва ифлосланишни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўриш;
қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, шу жумладан, уларнинг ноқонуний трансчегаравий олиб ўтилишини олдини олиш ва назорат қилиш;
хавфли чиқиндиларни бошқариш, шу жумладан, уларнинг ноқонуний трансчегаравий олиб ўтилишини олдини олиш;
биохилмахилликни сақлаш;
экотизимларни деградациядан асраш ва қум бўронларининг олдини олиш;
ер ресурсларидан фойдаланишда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
атроф-муҳитга таъсир қилувчи фавқулодда вазиятларга биргаликда чоралар кўриш;
атроф-муҳит ҳолати мониторинги, шу жумладан, биргаликда сув намуналари олиш, таҳлил қилиш ва сув сифати бўйича маълумот ҳамда меъёрий ҳужжатлар алмашинувини амалга ошириш;
иқлим ўзгаришига мослашиш;
атроф-муҳит мониторинги (Томонлар учун мақбул бўлган атроф-муҳит мониторинги қоидалари ва кўрсаткичлари, уларни таҳлил қилиш усулларини келишиш) соҳасида қўшма илмий-тадқиқот фаолияти масалалари бўйича қўшма конференциялар, давра суҳбатлари, шунингдек, ишчи гуруҳлар учрашувлари ўтказиш;
экологик тоза ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ва тарқатишга кўмаклашиш;
қўшма таълим дастурларини, илмий тадқиқотларни жорий этиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва ҳамкорликдаги фаолият натижаларини оммалаштириш;
хавфли чиқиндиларни трансчегаравий олиб ўтиш ва уларни йўқ қилишда давлат назорати бўйича ўзаро ҳамкорлик;
Орол ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
кўчиб юрувчи ҳайвонларни, шунингдек, Томонлар давлатларининг ҳудудида яшовчи ҳайвон турларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштириш;
ҳамкорликнинг Томонлар ўзаро келишган бошқа йўналишлари.
3-модда
Томонлар қуйидаги дастурларни биргаликда амалга ошириш учун устувор йўналишлар сифатида белгилайдилар:
Томонлар давлатларининг чегарадош ҳудудларида ўрмон массивларини тиклаш;
Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида тупроқ ва ўсимликлар қоплами деградациясига қарши курашиш;
атроф-муҳит ҳолати мониторингини ташкиллаштириш ва амалга ошириш.
4-модда
Томонлар ўз давлатларининг чегарадош ҳудудларидаги атроф-муҳит ҳолати тўғрисида маълумот алмашинуви регламентини ишлаб чиқадилар.
Томонлар атроф-муҳитга трансчегаравий таъсир кўрсатадиган фавқулодда вазиятлар тўғрисида ўзаро хабардор қилишнинг ишчи механизмини ишлаб чиқадилар.
Томонлар ўзаро ёрдам асосида бошқа Томон давлатининг атроф-муҳитига зарар етказувчи фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, атроф-муҳитга трансчегаравий таъсирни максимал даражада бартараф этиш ёки камайтириш бўйича зарур чоралар кўрадилар.
5-модда
Қуйидагилар Томонлар давлатларининг мазкур Битимни амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришга масъул бўлган ваколатли органлари ҳисобланадилар:
Ўзбек томонидан — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
Қозоғистон томонидан — Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги.
Бошқа ваколатли орган тайинланган тақдирда ёки Томонлар давлатларининг ваколатли органлари номланишида ўзгариш бўлса, Томонлар дарҳол бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
Томонлар ўз фаолияти тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқиш ва мазкур Битимни амалга ошириш бўйича тегишли масалаларни ҳал этиш учун масъул бўлган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Қозоғистон қўшма комиссиясини тузадилар. Комиссия йиғилишлари йилига камида бир марта, навбати билан Томонлар давлатларининг ҳудудларида ўтказилади. Комиссия йиғилишининг қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади.
6-модда
Мазкур Битим Томонларнинг ўз давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ молиявий харажатларни ўз давлатларининг қонунчилигида назарда тутилган маблағлар доирасида мустақил равишда қоплайдилар.
8-модда
Томонларнинг келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисмлари ҳисобланадиган ва алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашда низо ва келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар уларни маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал қиладилар.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва Томонлардан бири дипломатик каналлар орқали унинг амал қилиш муддатини тугатиш нияти тўғрисида бошқа Томоннинг ёзма хабарномасини олган санадан бошлаб олти (6) ой ўтгунга қадар ўз кучида қолади.
Тошкент шаҳрида 2022 йил 22 декабрда ҳар бири ўзбек, қозоқ ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга таянадилар.
(имзолар)