Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МАТБАА ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 367-сонли «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига даврий босма нашрлар ва китоб маҳсулотларининг нусхаларини бепул юбориш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида матбаа корхоналарини очиш ва фаолият кўрсатишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида матбаа корхоналарини рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага;
Кейинги таҳрирга қаранг.
босма маҳсулотларнинг мажбурий бепул нусхаларини белгиланган қоидага мувофиқ юбориш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, матбаа корхоналари Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида рўйхатга олингандан ва Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларида ҳисобга қўйилгандан сўнг ўз фаолиятини бошлайдилар.
Фаолият кўрсатаётган матбаа корхоналари олти ой муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида рўйхатдан ўтишлари шарт.
Рўйхатдан ўтказилмаган матбаа корхоналарининг фаолияти тўхтатилиб, уларнинг олган даромадлари давлат бюджетига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасига матбаа корхоналарини рўйхатдан ўтказиш Ягона давлат реестрини юритиш вазифаси топширилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 2 февраль,
52-сон
Ўзбекистон Республикасида матбаа корхоналарини рўйхатга олиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида матбаа фаолияти билан шуғулланувчи (уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, қайси идорага тегишлигидан, мулкчилик шаклларидан ва ишлаб чиқариш ҳажмидан қатъи назар) корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни (бундан кейин — матбаа корхоналари* деб юритилади) рўйхатдан ўтказиш масалаларини тартибга солади.
* Мазкур Низом ҳужжатлардан фақат нусха кўчиришни амалга оширувчи корхоналарга тегишли эмас.
2. Матбаа фаолияти деб, исталган турдаги босма нашрлар матнини териш (набор), босма шаклларини ясаш, босиш, тиражини тайёрлаш тушунилади. Матбаа фаолияти барча санаб ўтилган жараёнларни узвий биргаликда ҳам, шунингдек айрим олинган ҳолатда ҳам ўз ичига олади.
Матбаа корхоналарига қуйидагилар киради: матбаа концернлари, бирлашмалари, комбинатлари, матн териш (набор) ва чоп этиш фабрикалари, босмахоналар, фотонабор ва фоторепродукцион марказлар, трафарет босма бўлимлари, муҳр ва штамп тайёрлаш корхоналари, офсет лабораториялари, тезкор босма бўлимлари, картография фабрикалари, муқовалаш устахона ва цехлари, матн териш ва чоп этиш жараёнлари бўлган қадоқлаш, этикетка маҳсулотларини тайёрлаш бўлинмалари.
3. Матбаа корхоналари ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасидан рўйхатдан ўтганларидан сўнг амалга оширадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Рўйхатдан ўтказилган матбаа корхоналарига тегишли ваколатли ташкилотларнинг рухсатисиз аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда фойдаланиладиган пул белгилари, облигациялар, акциялар, чипталар, маркалар, талонлар ва бошқа белгили тўлов воситаларини босиш ҳуқуқи берилмайди.
Рақамланган бланкаларни (товар-транспорт ҳужжатлари, йўл варақалари ва бошқа ҳисобот бланкалари) қатъий ҳисоб орқали ихтисослашган нашриётлар буюртмаси бўйича босишга рухсат этилади.
5. Матбаа корхоналарининг муассислари ёки матбаа корхоналари рўйхатдан ўтиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасига давлат тилида ёзилган ариза билан мурожаат қиладилар.
Рўйхатдан ўтиш учун бериладиган аризада матбаа корхонасининг номи (муассиснинг номи), унинг манзили ва алоқа воситаларининг рақамлари кўрсатилади, шунингдек корхоналарнинг йиллик қуввати ҳам қайд қилинади. Ариза матбаа корхонасининг муассиси ёки раҳбари томонидан берилади.
Аризага куйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
матбаа корхонаси Низомининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси;
тегишли матбаа корхонаси ишлаб чиқариш биносининг тозалик, ёнғин хавфсизлиги ва экология томондан талабга жавоб бериши ҳақидаги далолатномалари;
рўйхатдан ўтиш учун белгиланган йиғимнинг тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
мўлжалланаётган дастгоҳлар ёки ўрнатилаётган матбаа асбоб-ускуналарининг тури, номи ва миқдорини кўрсатувчи рўйхат.
Рўйхатдан ўтиш ҳақидаги ариза у топширилган кундан эътиборан бир ой муддат ичида кўриб чиқилади.
Рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси матбаа корхоналарининг Ягона давлат реестрини юритади.
7. Давлат рўйхатидан ўтказиш учун матбаа корхоналаридан қуйидаги миқдорда рўйхатдан ўтиш йиғимлари олинади:
— йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 млн. босма табоққача бўлган корхоналар учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида;
— йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2 млн. босма табоқдан ортиқ бўлган корхоналар учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида.
Рўйхатдан ўтказиш учун тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида қўшимча маблағ сифатида матбаа фаолиятини ривожлантириш учун қолдирилади.
Агар матбаа корхоналари чет эл инвестициялари ёки Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари муассис (ҳаммуассис) бўлсалар рўйхатдан ўтказиш учун тўлов йиғимлари 1000 АҚШ доллари миқдорида олинади.
8. Рўйхатдан ўтказиш фақат қуйидаги ҳоллардагина рад этилиши мумкин, агар:
шу номдаги матбаа корхонаси аввал рўйхатдан ўтказилган бўлса;
тозалик, атроф-муҳитни экологик ҳимоя қилиш ёки ёнғин хавфсизлиги назорати ташкилотларининг тегишли матбаа корхонаси биносининг ишлаб чиқариш талабларига нисбатан салбий далолатномалари бўлса.
Мазкур Низом билан белгиланган тартиб бузилганда рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза кўрилмайди
Рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги рад жавоби ёзма равишда мазкур Низомда кўзда тутилган асосларни кўрсатган ҳолда муассисга юборилади.
9. Матбаа корхонасини рўйхатга олиш гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:
матбаа корхонаси Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ҳамда «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунларини бузган ҳолда буюртма қабул қилган ёки бажарган бўлса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
матбаа корхонаси амалдаги Давлат ва соҳа мезонлари (стандартлари) талабларини бузса, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг меҳнатни, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тозалик, ёнғин хавфсизлиги тўғрисидаги қонун-қоидаларини бузганлиги ҳақида камида икки марта огоҳлантириш олган бўлса.
Матбаа корхонаси рўйхатга олишни бекор қилишга сабаб бўлган юқорида кўрсатилган хатоларни бартараф қилгандан кейин умумий тартибда қайта рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлади
10. Матбаа корхоналари томонидан мазкур Низомнинг бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11. Матбаа корхонаси муассислари таркиби, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шакллари, номи, юридик манзили ўзгариши муносабати билан қайтадан рўйхатдан ўтказилиши шарт.
12. Муассис ёки корхона эгаси томонидан матбаа корхонаси тугатилганда улар Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасига ёзма равишда хабар беришлари лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Босма маҳсулотларнинг мажбурий бепул нусхаларини белгиланган қоидага мувофиқ юбориш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Барча матбаа корхоналари (шу жумладан, матбуотда давлат сирларини сақлаш инспекцияси ташкилотлари билан келишувдан ҳоли бўлганлар ҳам), уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан, идоравий тегишлилигидан, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ўзлари тайёрлаган махфий бўлмаган босма асарлар тиражининг дастлабки қисмидан давлат ҳокимияти ва бошқарув муассасаларига бепул мажбурий нусхалар юборишга мажбурдирлар.
2. Махфий бўлмаган босма асарларнинг бепул мажбурий нусхалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхат бўйича юборилади.
Мажбурий нусхалар сифатида юбориш қуйидагиларга тегишли эмас:
хизмат нашрлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув ташкилотлари, бошқа давлат ташкилотлари ҳужжатлари;
суд-прокуратура амалиёти бюллетенлари;
корхоналар, ташкилотлар, ўқув ва илмий муассасаларнинг ахборот материаллари ва хизмат ҳужжатлари;
қатъий ҳисобот ҳужжатлари ва уларга тенглаштирилган материаллар;
ҳарбий маҳсулотга тегишли махфий бўлмаган техникавий ҳужжатлар;
бланка маҳсулотлари, йўриқномалар ва ҳисобот, ҳисоб-китоб ва режали ҳужжатлар, тўлдирилган бланкалар кўрсаткичлари, ҳисоб-китоб ва ҳисобот ҳужжатларининг альбом шакли;
нусхалар.
3. Чет давлат матбаа корхоналарида тайёрланган нашрлардан мажбурий нусхалар бу нашрларни тайёрлаш учун тузилган шартномага мувофиқ ва Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатмасига биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси тасдиқлайдиган рўйхатга биноан нашр этувчи ташкилотлар томонидан юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Мажбурий нусхалар буюртмачи томонидан белгиланган нашр умумий тиражи ҳисобидан нашрни тарқатишни расмийлаштиришга қадар, газеталар эса ҳар бир сони чиқадиган кунда юборилади. Ҳар бир мажбурий нусхага «Мажбурий нусха» белгиси қўйилган тамға босилади.
5. Мажбурий нусхаларни юборгунга қадар ва нашрни тарқатишга расмийлаштирмай туриб, буюртмачига тиражни бериб юбориш тақиқланади.
6. Турли матбаа корхоналарида тайёрланган нашрлардан мажбурий нусхалар юбориш ўша нашрни тарқатиш расмийлаштириладиган жойда амалга оширилади.
7. Мажбурий нусхалар матбаа корхонаси томонидан илова қилинадиган ҳужжат (накладной) билан юборилади. Унда матбаа корхонасининг номи ва манзили, муаллиф ва нашр номи, нашриёт ёки нашр этувчи ташкилот, мажбурий нусхалар кимга юборилаётгани, буюртма рақами, тиражи, жўнатилаётган нусхалар сони ва жўнатиш санаси кўрсатилади.
Мажбурий нусхаларни почта тўлови ёки устама нарх қўйиш йўли билан юбориш ман қилинади.
8. Мажбурий нусхаларни ўз вақтида ва тўлиқ юбориш учун матбаа корхоналари ва нашриётлар (нашр этувчи ташкилотлар) раҳбарлари, матбаа корхонаси қарамоғидаги бўлимлар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари шахсан жавобгардирлар.