Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишнинг олдини олиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
1970 йил 14 ноябрдаги Маданий бойликларни ноқонуний равишда олиб келиш, олиб кетиш ва уларга бўлган эгалик ҳуқуқини ўзгага беришни ман этиш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги Конвенциянинг ижроси доирасида,
маданий бойликларни муҳофаза қилиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзаро муносабатларни янада яқинлаштиришнинг муҳим воситаси ҳамда инсониятнинг маданий меросини муҳофаза қилиш вазифасини амалга оширишга самарали ёндашув сифатида хизмат қилишига ишонч билдириб, ҳамда
маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш инсониятнинг маданий меросига жиддий таҳдид солаётганини ҳисобга олиб,
икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишнинг олдини олишда муҳим ҳисса қўшиши мумкинлигига ишониб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1.1. Томонлар Маданий бойликларни ноқонуний равишда олиб келиш, олиб кетиш ва уларга бўлган эгалик ҳуқуқини ўзгага беришни ман этиш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги Конвенцияга (1970 йил 14 ноябрь) мувофиқ маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишга қарши курашиш бўйича зарур чоралар кўришга келишиб олдилар.
1.2. Ўғирланган, яширин қазиб олинган ва ноқонуний олиб кирилган ва олиб чиқилган Хитой маданий бойликларини таснифлаш Хитой қонунларига мувофиқ амалга оширилади. Ўғирланган, яширин қазиб олинган ва ноқонуний олиб кирилган ва олиб чиқилган Ўзбекистон маданий бойликларини таснифлаш Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади. Битимнинг ажралмас қисми бўлган иловалар иккала давлат учун белгиланган маданий бойликларга мос келади.
1.3. Маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва уларни ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ икки давлат қонунчилиги ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда ва бундай низолар мазкур Битимни амалга ошириш билан боғлиқ бўлса, Томонлар давлатларининг тегишли ваколатли органлари уларни маслаҳатлашувлар орқали ҳал қиладилар.
2-модда
Томонлар тегишли равишда Хитой Миллий маданий мерос бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигини мазкур Битимни самарали амалга ошириш учун масъул этиб тайинлайдилар.
Шу муносабат билан Томонлар давлатларининг ваколатли органлари яқин ва узлуксиз ҳамкорликни йўлга қўядилар.
3-модда
3.1. Томонлар мазкур Битим мақсадларида қуйидагиларни ўз ичига олган маълумотни алмашадилар:
А. Маданий бойликларни муҳофаза қилиш, хусусан, маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ҳамда олиб чиқишнинг олдини олишга қаратилган қонунлари ва қоидалари, шунингдек, бошқарув органлари томонидан ишлаб чиқилган тегишли сиёсат ва чора-тадбирлар;
B. Олиб чиқилиши тақиқланган ва бир хил қоидалар ва стандартлар асосида белгиланган маданий бойликларнинг маълумотлар базалари;
C. Маданий бойликларни олиб чиқиш ҳуқуқини берувчи сертификатлари тўғрисидаги маълумот;
D. Маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва сақлаш ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар;
Е. Ер ости ва сув ости артефактлари ҳамда археологик топилмалар тўғрисидаги маълумот;
F. Маданий бойликлар олди-сотдисига оид асосий тартиблар.
3.2. Юқоридаги маълумот мунтазам равишда янгиланиши зарур.
3.3. Агар узатилаётган маълумот Томонлар давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ муҳофаза қилинса ёки унинг махфийлик даражасини кўрсатувчи тафсилотларга эга маълумотдан иборат бўлса, уни алмашиш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида махфий ахборотларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимга (Сиан, 2023 йил 18 май) асосан тартибга солинади.
4-модда
Томонлар маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиб кетишнинг олдини олиш соҳасида, хусусан, маданий бойликлар хавфсизлигини бошқариш, маданий бойликлар бозорларини бошқариш, маданий бойликларни олиб кириш ва олиб чиқиш бошқаруви, қонунчилик, қонун ижодкорлиги, маълумот тўплаш ҳамда халқаро муносабатларда мувофиқлаштирувни амалга оширишда кадрлар алмашинуви ва малакасини оширишни кучайтирадилар.
5-модда
Мазкур Битим мақсадларида Томонлар олиб чиқишга рухсат этилган маданий бойликларни лицензиялаш тизимини, маданий бойликларни рўйхатга олиш тизимини, ўғирланган маданий бойликлар тўғрисида маълумот бериш тизимини ва маданий бойликларни олиб киришни назорат қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича мувофиқлаштирувни кучайтирадилар ва кўмаклашадилар.
6-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган харажатлар ва ўғирлик, яширин қазиш ёки ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш натижасида олинган маданий бойликларни қайтариш учун оқилона компенсация тўлаш билан боғлиқ муаммоларни маслаҳатлашувлар орқали ҳал қиладилар.
7-модда
7.1. Томонлар маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ҳамда олиб чиқишнинг олдини олиш каби масалалар бўйича ҳар томонлама маслаҳатлашувлар олиб борадилар ва бир-бирларининг позицияларини мувофиқлаштирадилар.
7.2. Томонлар кенг жамоатчилик, музейлар ва бошқа маданий ташкилотларнинг халқаро ҳамжамиятнинг маданий бойликларни ўғирлаш, яширин қазиш ва ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқиш натижасида юзага келган таҳдидлари тўғрисида хабардорлигини янада ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтирадилар ва учинчи давлат билан маданий алоқаларни мувофиқлаштиришда ЮНЕСКОнинг тегишли халқаро конвенцияларини амалга оширувчи ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтирадилар.
7.3. Томонлар халқаро маданий бойликлар бозорида пайдо бўлган ноқонуний маданий бойликлар тўғрисида бир-бирларига тегишли маълумотни тақдим этадилар ва тегишли текширувлар ўтказиш чоғида Томонларнинг йўқолган маданий бойликларини баҳолаш, рўйхатга олиш, излаш ва қайтариш билан боғлиқ маълумот билан алмашадилар.
7.4. Томонлар бошқа Томоннинг маданий бойликларини ноқонуний олиб кириш ва уларга эгалик қилиш ҳуқуқини ўтказишнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш, шунингдек, ноқонуний олиб чиқиб кетилган ва бошқа Томон давлати ҳудудида сақланаётган маданий бойликларни қайтариш бўйича ўзаро барча зарур чораларни кўрадилар.
8-модда
Томонлар мазкур Битимни амалга оширишдан келиб чиқадиган муаммоларни ҳал қилиш ва келгусидаги ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқиш учун мунтазам равишда ишлайдиган маслаҳатлашув механизмини йўлга қўядилар.
9-модда
Мазкур Битим давлатлари иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди.
Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисмлари ҳисобланадиган ҳамда алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
10-модда
Мазкур Битим Томонлар у кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида дипломатик каналлар орқали сўнгги ёзма хабарнома олинган санадан бошлаб кучга киради.
Мазкур Битим беш йил муддатга тузилади ва агар бир Томон унинг муддати тугашидан камида олти (6) ой олдин бошқа Томонни мазкур Битимни тугатиш нияти тўғрисида ёзма равишда хабардор қилмаса, у ўз-ўзидан навбатдаги беш йиллик муддатга узаяверади.
Пекин шаҳрида 2024 йил 24 январда, ҳар бири ўзбек, хитой ва инглиз тилларида бўлган икки асл нусхада тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битимни талқин қилишда ҳар қандай тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
I ИЛОВА
Хитой маданий бойликлари тоифалари
I. Тошдан ясалган буюмлар:
A. Қумтош, базальт, оҳактош, шағалтош, чақмоқтош ва бошқа турдаги тошлардан ясалган асбоблар/идишлар, асосан, тахминан 2 миллион йил муқаддам ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги қирғич, майдалагич, ўткир шаклли асбоб, болта, теша, белкурак, кески, омоч, шамшир, кетмон, ўроқлар, тегирмонтоши, фроттон (қоғоз сиёҳни ўзига яхши сингдириши учун уни текисловчи диск шаклидаги текис юзага эга буюм), йигирув ғилдираги, тўр тоши, штайнкерн, шифер, тошшар ва бошқа идишлар, шунингдек, Би (марказида тешик бўлган нефрит), оҳак, кўза, пиёла, қозон, сиёҳ сақланадиган тош, тошқолип, идиш қолипи, мебель ҳамда бошқа идишлар ва буюмлар.
B. Базальт, шағалтош, чақмоқтош ва бошқа турдаги тошлардан ясалган қуроллар, асосан, ўқ, болтача, ханжар болта, қилич, гранула, найза учининг барча турлари ва тахминан 50 минг йил муқаддам ва милоддан аввалги 800 йилда ишлаб чиқарилган бошқалар.
C. Қумтош, базальт, оҳактош ва бошқа турдаги тошлардан ясалган ҳайкаллар/безаклар, асосан, барча турдаги тошлавҳалар, кузатув минораси, безакли устунлари, сутра стеласи, петроглиф, ҳайкал, битик, айнига ўхшатиб ясалган ҳайкал, балюстрада, муҳр. «Гуан» ва «Гуо» (ички ва ташқи тобутлар), эпитафия, тошрельеф, безактош, қурилиш компоненти ва тахминан милоддан аввалги 8000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган бошқа буюмлар.
II. Нефрит буюмлари:
A. Қурбонлик қилиш, маросимлар ва бошқа тадбирлар учун фойдаланилган тремолит, актинолит, серпантин ва бошқа турдаги нефрит материаллардан ясалган маросим идишлари. Улар асосан барча турдаги Би (маркази тешик нефрит), Конг (думалоқ тешикли тўртбурчак нефрит), Гуи (нефрит пештахта), Чжан (қисқа нефрит пештахта ), Ҳуанг (ярим ҳалқали нефрит маржон), Ху (йўлбарс шаклли нефрит), болта, белкурак, жанговар болта, қироллик муҳри, томагавка, ханжарболта, пичоқ, китоб ва тахминан милоддан аввалги 6000 йил ва милодий 1911 йил оралиғида ишлаб чиқарилган бошқа буюмлар.
B. Марҳум билан бирга дафн этилган тремолит, актинолит, серпантин ва бошқа турдаги нефрит материаллардан тайёрланган дафн буюмлари. Улар, асосан, барча турдаги қопламалар, кийим-кечаклар, ёстиқлар, Хан (марҳумнинг оғзида сақланадиган нефрит), Во (марҳумнинг қўлига тутқазилган нефрит), Саи (марҳумнинг 9 тешигига солинган нефрит тиқинлар), эпитаф ва тахминан милоддан аввалги 6000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган бошқа буюмлар.
C. Тремолит, актинолит, агат, биллур, қаҳрабо, маржон ва бошқа турдаги нефрит ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар, безаклар ва бошқалар. Улар, асосан, барча турдаги тумор, безакли соч турмаги, оро берувчи соч турмаги, билагузук, ёқа, бош бармоқ узуги, маржон, колба, мунчоқ, тароқ, шамшир, қилич безаклари, камар безаклари, камар илгаклари, узук, фигурали безаклар, ҳайвон шаклидаги безак, гул ва қуш орнаментлари ва тахминан милоддан аввалги 6000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган бошқа буюмлар.
D. Кундалик ҳаёт ва жиҳозлар учун ишлатиладиган тремолит, актинолит, серпантин, агат, кристалл ва бошқа турдаги нефрит материалларидан тайёрланган фойдали буюмлар/мебеллар. Булар, асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқилган ҳар хил турдаги пиёла, товоқ, қути, қозон, пиёла, шиша, печка, фумигат, тамаки идиши, иш юритиш буюмлари, муҳр, танга, хатчўп, гул идиши, безак мебеллари, шағалтош, ширма ва бошқа буюмлар.
III. Керамика / плиткалар
А. Кулолчилик, шиша ва эмалдан ясалган идишлар/инструментлар, жумладан, кулолчилик, терракота, бўялган сопол, қора сопол, жигарранг сопол, оқ сопол, сирланган сопол, бинафша қумли сопол ва бошқалар, шунингдек, чинни идишлар, масалан, кўза-хумдон, селадон, сопол оқ идишлар, бўялган чинни, кўк ва оқ чинни, рангли сирланган шишасимон эмал ва бошқалар. Улар, асосан, милоддан аввалги 8000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги кўза, қозон, пиёла, ликопча, Ю (суюқлик сақлаш учун кенг оғизли идиш), шиша, қадаҳ, сопол коса, офтоба, қозон, ваза, Зун (шароб идиши), Динг (пишириқ идиши), Ли (катта сопол идиш), Жуе (уч оёқли шароб идиши), Доу (овқат сақлаш учун идиш), Гуи (уч оёқли ичи бўш кўза), печ, чойнак, ёстиқ, чироқ, печка, фумигат, барабан, стол, газак шиша, шахмат, йигирув ғилдираги, иш юритиш буюмлари, лют, ушлагич, сопол қолип, ўчоқ мебеллари, гранулалар ва бошқалар.
B. Кулолчилик, чинни ва лойдан ясалган ўймакорлик/ҳайкалтарошлик кўринишлари, асосан, тахминий милоддан аввалги 6000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган маъбуд, фигура, ҳайвон, ўсимлик, уй, ҳовли, мебель, омбор ва ошхона, дала, ташув воситаси, қайиқ ва бошқаларнинг барча кўринишлари.
C. Керамика, ғишт ва шишадан ясалган архитектура компонентлари асосан, тахминий милоддан аввалги 2100 йилдан милодий 1949 йилгача бўлган даврда ишлаб чиқарилган барча турдаги ясси қолиплар, нова-нова черепица, карвон плиткалари, ҳайвон шаклидаги тизма, текстурали ғишт, ичи бўш ғишт, қолипли ғишт рельефи, ғишт ўймакорлиги, қолип ва бошқалар.
IV. Рассомлик ва хаттотлик / Китоблар ва ҳужжатлар / Қоғоздан тайёрланган бошқа маҳсулотлар
А. Хаттотлик ўз ичига қўлда ёзилган, ўйиб битилган ёки турли хил материалларда чоп этилган оддий ёзув, ярим эгилган шаклдаги ёзув, эгилган ёзув, расмий ёзув ва ўрама, албом, елпиғич, куплет, ширма ва ҳоказо шаклларидаги муҳр ёзувини ўз ичига олади. Улар асосан тахминий милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида яратилган хаттотликнинг барча намуналари, тошбитикдан нусха олиш, нусхалар китоби ва бошқаларни ўз ичига олади.
B. Ранг-тасвирлар манзаранинг барча тасвирларини, гул-қуш расмларини, фигурали расмларни ва турли хил моддий ташувчиларда чизилган, ўйилган ёки босилган бошқа расм шаклларини ўз ичига олади. Улар, асосан, тахминий милоддан аввалги 6000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида яратилган қоятош расмлари, ипак бўёқлари, деворий расмлар, сиёҳ бўёқлари, рангли бўёқлар, гравюралар, шунингдек, ёғли бўёқлар, акварел, гуаш, чизмачилик, эскиз ва бошқаларни ўз ичига олади.
C. Китоблар ва ҳужжатларга ҳар қандай турдаги тошбақа қобиғи, ҳайвон суяги, бамбук, ипак, қоғоз ва бошқа материалларга хитой этник тилларида ўйилган, ёзилган ёки босилган ҳар қандай қадимий китоб, жилд ва бошқа адабиётлар киради. Улар, асосан, тахминан милоддан аввалги 3500 йил ва милодий 1949 йил оралиғидаги барча турдаги фолбинлик (оракул) суяги, аҳд, бамбук бўлаги, ипак қўлёзма, китоб, оққа кўчирилган, оят, маҳаллий йилнома, жилд, шартнома, харита, дизайн, диаграмма, насабнома, хат, қўлёзма, турли қоралама, турли нусхалар, ёзишмалар, ҳужжат, телеграмма, ёзув, газета ва даврий нашрлар, ўқув материаллари, варақалар, гувоҳнома ва лицензия, реклама материаллари, кундалик, эслатма ва барча турдаги ўйма нақшлар.
D. Қоғозларга тахминан милоддан аввалги 200 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган ўсимлик толасидан ва бошқа шунга ўхшаш материаллардан тайёрланган ҳар қандай қоғоз тури киради.
E. Қоғоз банкноталар, асосан, тахминан милодий 900 йилдан 1949 йилгача ишлаб чиқарилган хитой тилида Жиаози, Сианйин, Ҳуизи, Баочао, Сианпиао, Йинпиао, Чаопиао ва бошқалар деб талаффуз қилинадиган барча турдаги қоғоз валюталарни ўз ичига олади.
F. Почта маъмурияти томонидан почта жўнатмаларини жўнатиш ва етказиб бериш учун чоп этиладиган ва чиқарилган почта маркалари/почта маҳсулотлари, асосан, тахминан милодий 1878 йил ва 1949 йил оралиғидаги барча турдаги штамплар, муҳрланган конвертлар, откриткалар, хат варақлари, контрамаркалар, босма пластинка ва бошқаларни ўз ичига олади.
V. Бронза:
А. Қурбонлик, маросимлар ва ҳоказолар учун ишлатиладиган соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва шунга ўхшаш бошқа қотишмалардан ясалган маросим идишлари. Улар тахминан милоддан аввалги 2100 йил ва милодий 1911 йил оралиғида ишлаб чиқарилган, асосан, Динг (пишириш идиши), Гуи (пиширилган озиқ-овқатлар учун думалоқ сават), Ли (катта сопол идиш), Ян (пишириш учун идиш), Доу (озиқ-овқатлар сақлаш идиши), Ху (пиширилган озиқ-овқатлар учун идиш), Фу (дон сақлаш учун квадрат идиш) ва Дун (тариқ идиши) каби барча турдаги овқат идишларини ўз ичига олади; Гу (қадаҳ), Жуе (уч оёқли шароб идиши), Жиа (думалоқ оғиз ва уч оёқли шароб косаси), Жуе (винони иситиш учун идиш), Гонг (шохдан ясалган шароб идиши) каби барча турдаги ичимлик идишлари, Чжи (ичимлик идиши), Зун (шароб идиши), Ёу (турли хил шаклдаги шароб идиши), қозон, Ҳе (уч ёки тўрт оёқли ичимлик идиши) ва Йи (шароб идиши); лаган, офтоба, Жиан (лавабо) ва Фу (сувни сўриш учун тупроқ) каби барча турдаги сув идишлари ва ҳар хил мусиқа асбоблари, масалан, қўнғироқ, занг, қўнғироқ, ноғора, Чуню (бронза мусиқа асбоби).
B. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва шунга ўхшаш бошқа қотишмалардан тайёрланган қуролларга, асосан, тахминан милоддан аввалги 3000 йил ва милодий 1911 йил оралиғида ясалган ҳар хил турдаги ханжар, найза, қилич, найза, ўқ учи, тўп, арбалет, корслет ва бошқалар киради.
C. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан тайёрланган хўжалик асбоблари/ускуналари, асосан, тахминан милоддан аввалги 3000 йилдан 1911 йилгача бўлган даврдаги ҳар хил белкурак, теша, кески, кетмон, Бо (кетмонга ўхшаш), юзани қўлда тешиш асбоби, илгак ва бошқаларни ўз ичига олади.
D. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан тайёрланган кундалик идишларга асосан милоддан аввалги 3000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги чироқ, ойна, печка, печ, шиша, қозон, қоғоз, стационар, камар илгаги, дазмол, ушлагич, гул идиши, безак мебеллари, жабдуқлар, оғирликлар ва ўлчов асбоблари (ўлчагич, ўлчов, тарози, вазн, литр, челак), архитектура компоненти ва бошқалар киради.
E. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан ясалган ҳайкаллар асосан, тахминан милоддан аввалги 2100 йилдан милодий 1949 йилгача ишлаб чиқарилган маъбуд, фигура, ҳайвон, ўсимлик ва бошқаларнинг барча ҳайкали/статуэткасини ўз ичига олади.
F. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан ясалган тангалар асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги коври танга, белкураксимон танга, пичоқсимон танга, доиравий тангалар, чумоли бурунли пуллар (ёки қийшиқ тангалар), вазнли тангалар, Тонгбао танга, Юанбао тангаси, Гуоҳао тангаси (мамлакат номи ёзилган танга), Нианхао тангаси (ҳукмронлик унвони ёзилган танга), Яшенг тангаси (барака тангаси), Cианпаи (пул пластинкаси), танга қолипи, банкнота босма пластинкаси ва бошқалар.
G. Соф мис, қалай-қўрғошин қотишмаси ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан тайёрланган таллилар/империя муҳрлари, асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги йўлбарс шаклли хатчўп, балиқ шаклли талли, тошбақа қобиғи, пешлавҳа, купон, император муҳри, муҳр, белги ва бошқаларни ўз ичига олади.
VI. Бошқа металлар:
А. Олтин, кумуш, мис, темир, қалай, қўрғошин ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан ясалган асбоблар/идишларга асосан, тахминан милоддан аввалги 800 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган кетмон, болта, белкурак, омоч, ўроқ, борона, арра, болға, юзани қўлда тешиш асбоби каби барча турдаги асбоб ва идишлар, игна, мих, илгак ва бошқалар, шунингдек, қозон, пиёла, товоқ, офтоба, қути, шиша, чойнак, қошиқ, пешлавҳа, тахта, таёқ, қўнғироқ, чироқ каби барча турдаги идишлар/инструментлар, минора, фумигат, қулф, айланма ғилдирак, муҳр, ҳайвонлар бошли аппликация, стационар, хоролог, Руйи-таёқ, тамаки сақлаш идиши, ўйинчоқ, арава, жабдуқлар, гул идиши, декоратив мебель, астрономик альманах, оғирлик ва ўлчов асбоблари, жабдуқлар, эмал маҳсулоти, ишлаб чиқариш асбоблари, саноат ускуналари, асбоб-ускуналар, аудио ва видео маҳсулотлар ва бошқа асбоб-ускуналар ҳамда идишлар киради.
B. Олтин, кумуш, темир ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан ясалган қуролларга, асосан, тахминан милоддан аввалги 800 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган қилич, шамшир, найза, ўқ, ўқ учи, тўп, мина, арбалет, корслет каби қадимий қуролларнинг барча турлари ҳамда замонавий қуролларнинг барча турлари, шу жумладан, қурол, бомба, танк, ҳарбий кема, самолёт, портловчи ва бошқалар киради.
C. Олтин, кумуш ва бошқа шунга ўхшаш қотишмалардан ясалган орнамент ва безакларга тахминан милоддан аввалги 800 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги тож безаклари, бош кийимлар, ниқоблар, пластронлар, қўл безаклари, билак безаклари, камар безаклари, кийим аксессуарлари, қилич безаклари, пешлавҳа безаклари, жабдуқ безаклари ва бошқалар киради.
D. Олтин, кумуш, темир, қалай, алюминий ва бошқа қотишмалардан ясалган ҳайкаллар, асосан, тахминан милоддан аввалги 800 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган маъбуд, фигура, ҳайвон, ўсимлик ва бошқаларнинг ҳайкалларини ўз ичига олади.
E. Олтин, кумуш, мис, темир, қалай, қўрғошин, никел ва бошқа шунга ўхшаш металлар ёки қотишмалардан ясалган тангаларга асосан, тахминан милоддан аввалги 800 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги олтин пластинка, олтин аралашма, олтин танга, олтин қуйма, кумуш мато, кумуш қуйма, кумуш аралашма, кумуш танга, кумуш тақа, темир оғирликдаги танга, Тонгбао темир танга, қотишма танга, эсдалик танга, шунингдек, стереотип, банкнота босма пластинка ва бошқалар киради.
F. Олтин, кумуш, темир, қалай, қўрғошин, алюминий ва бошқа шунга ўхшаш металлардан ясалган талли/муҳрларга тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги пешлавҳа, талли, купон, қироллик муҳри, муҳр, кўкрак нишони ва бошқалар киради.
VII. Бамбук ва ёғоч маҳсулотлари:
А. Бамбук, ёғоч, ротанг, ядро, калабаш, сумак ва бошқа шу каби материаллардан ясалган ҳайкалларга, асосан, эрамиздан аввалги 5000 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча илоҳий ҳайкаллар, фигура, ҳайвон, Руйи-таёқ, муҳр, иш юритиш буюмлари (қалам, қалам ушлагич, қўлтиқтаёқ, қоғоз сақлагич, чўтка ювиш ускунаси), ўймалар ва бошқалар киради.
B. Ҳуангхуали ёғочи, падаук, венге, нанму ёғочи (форс садрлари), қора ёғоч, маун, лигнумвитае, камфора, қайрағоч, олха ва бошқа шунга ўхшаш ёғочлардан ясалган мебеллар, асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги стол, курси, суянчиқ, каравот, диван, сандиқ, шкаф, чойнак, қути, шкаф, кийим жавони, ширма ва уларнинг қисмларини ўз ичига олади.
C. Бамбук, ёғоч, калабаш, сумалак ва шунга ўхшаш бошқа материаллардан тайёрланган идишлар/аппаратларга асосан милоддан аввалги 5000 йил ва милодий 1949 йил оралиғидаги барча турдаги пиёла, кўза, қути, шиша, ликопча, қозон, Доу (озиқ-овқатлар солинган идиш), пиёла, Зун (вино қадаҳи), абатес, сават, ойнали кийиниш қутиси, елпиғич, тароқ, нозик тишли тароқ, чироқ, лира, най, вертикал бамбук най, трубка, Се (25 торли горизонтал арфа), барабан, камон, ғилоф, қалқон, корслет, ёстиқ, арава, қайиқ, тахтиравон, иш юритиш буюмлари, муҳр, шахмат тахтаси, шахматчи, ўйинчоқ, қўғирчоқ, ниқоб, чекиш тўплами, ўлчов воситаси, ушлагич, «Гуан» ва «Гуо» (ички ва ташқи тобутлар) ва бошқалар киради.
D. Бамбук, ёғоч, сумак ва бошқа шунга ўхшаш материаллардан тайёрланган архитектура компонентлар ва моделлари, асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги эшик, дераза, том тўсин, устун, пластинка, тўр, карниз, қушсимон шакл, шифт, панжара ва турли архитектура компонентлари ва моделларини ўз ичига олади.
VIII. Тери, мато ва ҳар хил турдаги органик моддалар:
А. Тери, жун, шойи, пахта, зиғир ва бошқа ўсимлик толаларидан тикилган либослар, санъат ва ҳунармандчилик буюмлари, асосан, милоддан аввалги 5000 йил ва милодий 1966 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги пойабзал, шляпа, кийим-кечак, безак, кўрпа, байроқ, ниқоб, Тангка (Тибет расм чизиш санъати) ва бошқа аксессуарлар.
B. Ўсимлик толалари, тери ва бошқа шунга ўхшаш материаллардан ўрилган ва тикилган идишларга, асосан, тахминан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги коса, қути, сумка, бочка (челак), соя қўғирчоғи, ўйинчоқ, арава, жабдуқлар, дастгоҳлар ва бошқалар киради.
C. Тери ва бошқа шунга ўхшаш материаллардан ясалган қурол ва аксессуарлар асосан милоддан аввалги 1600 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган барча турдаги қалқон, ҳимоя воситаси ва бошқаларни ўз ичига олади.
D. Кремний, қўрғошин, барий ва шунга ўхшаш бошқа материаллардан тайёрланган шиша/шиша буюмлари, асосан, тахминан милоддан аввалги 1100 йил ва милодий 1949 йил оралиғида ишлаб чиқарилган қувур, мунчоқ, қисқич, кулон, ҳалқа, пештахта, тасма пластинка, балдрик, шахмат доналари, чекиш тўплами ва бошқаларни ўз ичига олади.
IX. Суяк, тиш ва шох маҳсулотлари:
Ҳайвон суяги, фил суяги, ҳўкиз шохи, каркидон шохи, шох, калхат, моллюска ва шунга ўхшаш бошқа материаллардан тайёрланган маҳсулотлар, асосан, игна, найча, ҳалқа, най, ҳуштак, пичоқ, найза, Си (белкурак шаклидаги қишлоқ хўжалиги асбоби), тахминан милоддан аввалги 500 минг йил олдин ва милодий 1949 йил орасида ишлаб чиқарилган ўроқ, ханжар, тиғ чиқаргич, ўқ учи, соч қисқичи, қути, коса, муҳр, иш юритиш буюмлари (қалам, қўлтиқтаёқ, қоғоз ва бошқалар), марка, танга, безак, безак мебеллари, ширма ва бошқалар.
Юқорида айтиб ўтилган маданий ёдгорликларга қўшимча равишда, қонуний ёки профессионал сабабларга кўра, қуйидаги Хитой маданий ёдгорликларига юридик ёки соҳага доир асосларга кўра шартномада белгиланган ёшнинг қуйи чегараси ўрнатилмайди:
I. Ўғирланган, яширин қазилган, ноқонуний равишда сотилган ва Хитой Халқ Республикаси чегарасидан олиб чиқиб кетилган Хитой маданий ёдгорликлари.
II. Ҳар қандай кўчмас маданий мерос объектлари ва ёдгорликлари ва уларнинг, девор расмлари, ўймакорлик, ҳайкалтарошлик ва бошқа ажралмас таркибий қисмлари.
II ИЛОВА
Ўзбекистон маданий бойликлари тоифалари
A. Халқлар ҳаётидаги тарихий воқеалар, жамият ва давлат ривожланиши, фан ва техника тарихи билан боғлиқ бўлган, шунингдек, атоқли шахслар (давлат, сиёсий, жамоат арбоблари, мутафаккирлар, фан, адабиёт, санъат арбоблари) ҳаёти ва фаолиятига тааллуқли ашёлар;
B. Тарихий, бадиий, илмий ва бошқа маданий қимматга эга бўлган қуролларнинг ҳар хил турлари;
C. Таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган бадиий бойликлар;
D. Археологик қазилмалар ёки археологик кашфиётлар ва топилмалар натижасида олинган ашёлар ва уларнинг парчалари, тупроқ намуналари, археологик, геологик ва бошқа намуналар;
E. Ҳар қандай асосда ва ҳар қандай материаллардан бутунлай қўлда ишланган расмлар ва суратлар;
F. Ҳар қандай материаллардан ишланган ва ҳайкалтарошлик асарлари, шу жумладан, бўртма расмлар;
G. Ҳар қандай материаллардан ишланган асл бадиий композициялар ва монтажлар;
H. Сиғиниш мақсадидаги бадиий безатилган ашёлар;
I. Этнографик объектлар;
J. Ўйма нақшлар, эстамплар, литографиялар, ксилографиялар, графиканинг бошқа турлари ва уларнинг оригинал босма шакллари;
K. Амалий-декоратив санъат асарлари (шиша, лой, ёғоч, металл, суяк, мато ва бошқа материаллардан ишланган бадиий буюмлар);
L. Анъанавий халқ бадиий ҳунармандчилиги буюмлари;
M. Архитектура, тарих, бадиий ёдгорликлар ва монументал санъат ёдгорликларининг таркибий қисмлари ва парчалари;
N. Алоҳида ёки коллекциядаги қадимий китоблар, шунингдек, тарихий, илмий-бадиий, адабий аҳамиятга эга бўлган матбаа асарлари;
O. Ноёб қўлёзмалар ва ҳужжатли ёдгорликлар, архив ҳужжатлари;
P. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва фотоматериаллар;
Q. Мусиқа асбоблари;
R. Филателия, нумизматика, фалеристика, бонистика, сфрагистика ашёлари ва бошқа коллекциялар;
S. Тангалар, орденлар, медаллар, муҳрлар, почта откриткалари (конвертлар) ва коллекциялашнинг бошқа ашёлари;
T. Ноёб коллекциялар ва флора ҳамда фауна намуналари, илм-фаннинг минералогия, палеонтология, анатомия каби тармоқлари учун аҳамиятли бўлган ашёлар;
U. Маиший ва маданий аҳамиятга эга бўлган маиший ва илмий приборлар, асбоблар (соат, барометр, тарози, дурбин, фото-, киноаппаратлари, тикув машиналари ва шу кабилар);
V. Бошқа кўчар буюмлар, шу жумладан, тарихий, илмий-бадиий ёки бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган, шунингдек, давлат томонидан тарихий ва маданий ёдгорлик сифатида муҳофазага олинган нусхалар.
Эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган юқорида келтирилган маданий бойликлар Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетилмайди.