Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита томонидан саноат, савдо, транспорт, энергетика, қурилиш ва уй-жой коммунал, шаҳарсозлик, тоғ-кон ва геология каби қатор муҳим соҳалардаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, қонунчилик ҳужжатлари ижросини доимий назорат қилиш, сайловчилар билан тизимли мулоқот ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, ҳисобот даврида мамлакатимизда саноат, савдо, транспорт, қурилиш, энергетика ва тоғ-кон ва геология соҳаларини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган 13 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 13 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаларини маромига етказиш ҳамда уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича жами 59 та ишчи гуруҳ ва 9 та экспертлар гуруҳи йиғилишлари ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан жами 14 та назорат-таҳлил тадбири ташкил этилган. Улардан 12 таси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 2 таси қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга, шунингдек 1 таси Қўмита қарорининг ижросини мониторинг қилишга оид тадбирлардир.
Шунингдек ўтган даврда мансабдор шахсларга асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан Қўмита таклифига мувофиқ 2 та парламент сўрови юборилди. Ушбу парламент сўровларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Закиров томонидан асослантирилган жавоблар олинди.
Бундан ташқари Қўмитанинг 2024 йил тўққиз ойлиги фаолияти даврида Қонунчилик палатасида ўтказилган 2 та «ҳукумат соати»ни юқори савияда ташкил этиш чоралари кўрилди. Мазкур «ҳукумат соати» тадбирларида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Л. Қудратовнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири в.б. Ш. Хидоятовнинг Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан берилган саволларга жавоблари эшитилди.
Ўтган даврда Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамасига, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказишга, тегишли тармоқ ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган 7 та давра суҳбати, 4 та семинар, 1 та конференция ва 1 та матбуот анжумани ўтказилган.
Қўмита аъзолари номига жисмоний ва юридик шахслардан келган жами 402 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ҳамда Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 1 952 марта чиқиш қилинган.
Шу билан бирга ўтган даврда амалга оширилган ишлар таҳлили Қўмита фаолиятини самарали ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Қўмита масъуллигида кўриб чиқилган ва қабул қилинган янги қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш лозим.
Қўмитанинг фаолиятидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, шу жумладан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатасига киритиш борасидаги ишларни самарали ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, давлат дастурлари ҳамда Қонунчилик палатаси қарорларидаги Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган вазифаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга эътибор қаратиш муҳим.
Қўмитанинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда қонун лойиҳалари ва назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга етказиш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборот маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига:
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб қилиш;
2025 йилда қурилиш соҳасида, хусусан қурилиш индустрияси ва қурилиш материаллари тармоғини ривожлантириш борасида жойларда олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ахборотини Қонунчилик палатасининг мажлисида эшитиш;
иқтисодиёт тармоқларида ва ижтимоий соҳада электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни янада ривожлантириш, аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек шаҳарсозлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга тўлиқ ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
янги қонунлар ижросини таъминлаш учун қонунчилик ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш ва мониторинг натижаларини Қўмитада муҳокама қилиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни Қўмита фаолият йўналишига алоқадор бўлган вазирлик ва бошқа давлат органлари томонидан бажарилиши аҳволини таҳлил қилиб бориш, бу борада улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
ўз фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш, шунингдек кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини мунтазам равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 октябрь,
4935-IV-сон