Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойи давомидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил тўққиз ойи давомидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан, аввало, қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган сиёсат олиб боришда парламентнинг ролини ошириш баробарида хорижий мамлакатларнинг парламентлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш каби муҳим йўналишларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилди.
Ўтган давр мобайнида қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси 10 та қонун лойиҳасига масъул бўлди. Қўмита фаолияти давомида ўз масъуллигида қабул қилинган қонунларнинг амалдаги ижро ҳолати қай даражада эканлигини мониторинг қилиш, шунингдек парламент назорати шаклларидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда депутатлар ташаббуси орқали тайёрланиши режалаштирилган қонун лойиҳалари ва парламент сўрови лойиҳаларининг устида янада фаолроқ ишлади.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан парламент назоратини амалга ошириш йўналишида 7 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Хусусан, халқаро муносабатлар доирасида амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган «йўл хариталари»нинг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Туризм қўмитаси раҳбарларининг ахбороти Қўмита йиғилишларида эшитилган.
Ўтган даврда Қўмита масъуллигида тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг хорижий мамлакатлар ҳамда уларнинг парламентлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари вакиллари номзодлари Қўшилмаслик ҳаракати Парламент тармоғининг Доимий қўмиталари аъзолигига тасдиқлаш тўғрисида»ги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бухоро декларацияси (2022 йил 19 май, Бухоро) принципларини ва ёндашувларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Баёноти ҳақида»ги ҳамда «Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форумини ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашларининг 2 та Қўшма қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси делегацияси томонидан Малайзияга амалга оширилган расмий ташриф якунлари бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида хорижий мамлакатлар парламентлари, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари, халқаро ташкилотлар ҳамда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакилларидан иборат 38 та чет эл делегацияси қабул қилинган. Улардан 8 таси мамлакатимизда аккредитациядан ўтган элчихоналар ҳамда 30 таси халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар парламентлари ва ташкилотлари вакилларидан иборат делегациялардир. Ҳисобот даврида депутатлар Парламентлараро иттифоқ, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби нуфузли парламентлараро ташкилотлар томонидан ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этди.
Шунингдек Қўмита ташаббуси билан Парламентлараро Ҳамкорлик кенгаши аъзолари иштирокида «Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларида Ўзбекистон ва Қозоғистон тажрибаси», «Ўзбекистон ва Хитой: ўзаро иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожи ва истиқболдаги режалар», «Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари», «Ўзбекистон ва Жаҳон савдо ташкилоти» ҳамда «Ўзбекистон ва Хитой: ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида халқаро давра суҳбатлари ўтказилди.
Бундан ташқари Қўмита хорижий давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш доирасида депутатлар учун 69 та хориж давлатига хизмат сафарларини самарали ташкил этиш юзасидан фаолият олиб борган.
Қўмита аъзолари томонидан ташқи сиёсий фаолият, халқаро муносабатлар, парламентлараро ҳамкорлик ва бошқа масалалар бўйича оммавий ахборот воситаларида жами 901 марта чиқиш амалга оширилган. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан хорижий мамлакатларга амалга оширилган олий даражадаги давлат, расмий ва амалий ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ҳамда имзоланган ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилган.
Қўмитага ҳисобот даврида жами 134 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар белгиланган тартибда Қўмита аъзолари томонидан кўриб чиқилган ҳамда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари, парламент фаолияти тўғрисида кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан самарали хамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан телевидение орқали 110 маротаба, радио орқали 25 маротаба, газета, журналларда 102 маротаба ва Интернет нашрларида 200 маротаба ҳамда ижтимоий тармоқларда 464 та чиқишлар қилинган.
Шу билан бирга Қўмита томонидан амалга оширилган ишларнинг таҳлили унинг фаолиятида ўз ечимини кутаётган қатор масалалар мавжудлигини, уларга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада яхшилашга қаратилган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, қонун ташаббускорлиги борасидаги таклифларни кўпайтириш, қонунларнинг жойларда ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганишга доир ишларни янада кенгайтириш талаб этилмоқда.
Парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий мониторинг қилиб бориш ҳам муҳим вазифалардандир.
Шунингдек, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижросини доимий равишда мониторинг қилиб бориш, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзоларини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига янада кенгроқ жалб этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг жорий йил тўққиз ойи давомида амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасига:
қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида халқаро тажрибадан унумли фойдаланиш ҳамда уларнинг халқаро шартномаларда белгиланган талаблар ва стандартларга мос келишини ўрганиш;
назорат-таҳлил тадбирлари доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижро этилиши ҳолатини доимий равишда мониторинг қилиб бориш ва амалиётда учраётган муаммоларни ҳал этиш борасида мутасадди вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда идоралар томонидан амалга оширилаётган ишлар устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг хорижий мамлакатлар парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро тузилмаларининг самарали фаолият олиб боришига доир, шунингдек юқори ва олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган «йўл хариталари»да белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш мақсадида парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ҳамда ўзаро мулоқотларни фаоллаштириш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А. Саидов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 октябрь,
4934-IV-сон