Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, Қўмита томонидан ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат муносабатларини тартибга солишга доир қонун ҳужжатлари ижросини мунтазам назорат қилиб бориш, сайловчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, ҳисобот даврида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш жараёнларини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган 10 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 8 таси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) томонидан қабул қилинган.
Қонун лойиҳаларини маромига етказиш ҳамда уларнинг ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлишини таъминлаш мақсадида қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича жами 32 та ишчи гуруҳ ва 9 та экспертлар гуруҳи йиғилишлари ташкил этилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан жами 8 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Улардан 4 таси вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 4 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиш ҳолатини ўрганишга ҳамда Қонунчилик палатаси ва Қўмита қарорларининг ижросини мониторинг қилишга оид тадбирлардир.
Бундан ташқари Қўмита масъуллигида Ўзбекистон ХДП фракцияси билан биргаликда жорий йилнинг 7 май куни Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Маҳкамовнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали чет давлатларга етиб боришида шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.
Шунингдек Қўмита ташаббуси билан жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Мусаевга «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш ҳамда меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» парламент сўрови юборилган.
Ўтган даврда Қўмита томонидан қонун лойиҳалари муҳокамасига, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя ва бандлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини сайловчиларга етказишга, тегишли тармоқ ва соҳалардаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган 18 та давра суҳбати, 21 та семинар, 1 та конференция ва 2 та матбуот анжумани ўтказилган.
Қўмита аъзолари номига жисмоний ва юридик шахслардан келган жами 263 та мурожаат «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Қўмита фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, назорат-таҳлил тадбирлари якунлари ҳамда Қўмита масъуллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 1 960 марта чиқиш қилинган.
Шу билан бирга ўтган даврда амалга оширилган ишлар таҳлили Қўмита фаолиятини самарали ташкил этишда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини янада кучайтириш ва уларнинг натижадорлигини ошириш лозим.
Шунингдек Қўмита масъуллигида кўриб чиқилган ва қабул қилинган қонунларни мониторинг қилган ҳолда уларда белгиланган қонуности ҳужжатларнинг ўз вақтида қабул қилиниши борасида вазирликлар ва ташкилотларнинг масъулиятини оширишга қаратилган ишларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, давлат дастурлари ҳамда Қонунчилик палатаси қарорларидаги Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган масалаларнинг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.
Қўмитанинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, қонун лойиҳаларининг ва назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги фаолиятини тизимли ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига:
республика ҳудудларида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш;
қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва Қўмита масъуллигида бўлган қонун лойиҳаларини маромига етказишда, назорат-таҳлил тадбирларини ўтказишда доимий равишда кенг жамоатчиликни, соҳа мутахассисларини ва экспертларни жалб этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилаётган долзарб муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, кўтарилган масалаларга ечим топиш борасида тегишли давлат органлари томонидан кўрилаётган чоралар устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг, шу жумладан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши борасида тегишли вазирликлар ва ташкилотларнинг масъулиятини оширишга қаратилган ишларни янада кучайтириш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш, шунингдек кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларининг мазмун-моҳиятини доимий равишда жамоатчиликка етказиш чораларини кўриш тавсия этилсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. Иноятов зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 октябрь,
4933-IV-сон