Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида
«Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ:
1. 2021 йил 18 ноябрда Москва шаҳрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқлансин.
2. Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўз ваколатлари доирасида ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар этиб белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ушбу халқаро шартнома бўйича ишларни мувофиқлаштирсин.
4. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Россия томонига тегишли билдиришнома юборсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан белгиланган тартибда назоратни таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 ноябрь,
ПҚ-379-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.11.2024 й., 07/24/379/0886-сон)